Пиллачиликда плёнка усули

Сирдарё вилояти

Озуқани тежаб, меҳнат сарфини камайтиради

Мирзаобод  тумани  пиллачилари бу йил 61 тонна сархил  пилла  топшириш ниятидалар. Ипак  қуртини боқиш  учун, аввало,  унинг  озуқа базасини  мустаҳкамлашга  алоҳида  эътибор  қаратилди. Қарийб 200 гектар майдондаги тутзор ва 75 минг  800 туп  қатор тут  парвариши кўнгилдагидек ўтказилганлиги ипак  қуртларини сифатли  ва хушхўр барг билан таъминлаш имконини берди.

Ўтган йили тумандаги қатор пиллачилик звеноларида ипак  қуртини плёнка остида  боқиш  усули  тажрибада  синаб  кўрилганди. Тажриба яхши самара  бериб, плёнка остида боқилган ипак қуртларининг  ҳар қутисидан  60-70 килограммдан  ошириб ҳосил йиғиб-териб  олинганди.
Бу йил 10 нафар мирзаободлик шижоатли аёл “Мирзаободпилла” МЧЖ ҳовлисида 30 қути ипак  қуртини  марказлашган  ҳолда плёнка  усулида  боқишди. Куч  бирликда, деганлари рост  экан. Уларнинг заҳмат  чекиб қилган  меҳнатлари бесамар кетмади. Ҳар  қачонгидан  ҳам  мўл ва  сархил  ҳосил  етиштирилди.
– Ипак  қуртини  плёнка  остида боқиш ҳар жиҳатдан қулай,  – дейди “Мирзаободпилла” МЧЖ раҳбари Шерзод  Мирзаҳамдамов. – Биринчидан, бу усулда ҳар  қути ҳисобига  очиқ усулга нисбатан 250  килограммдан барг тежаб  қолинади. Иккинчидан, бу усул кам ишчи кучи  талаб  этиши ҳисобига 30 қути ипак  қуртини  бемалол 10 киши  уддалай олади. Очиқ усулда шунча  қути ипак  қуртини боқишга 100 нафар  пиллачи  жалб  этиларди. Келгусида плёнка усулини барча звеноларда   қўллаш яхши натижа беради, деган умиддаман. Шу боис, пиллачиликка янги инновацион технологияларни дадил жорий этишдан асло чўчимаслик  керак.
Туманда пиллани териб, топшириш  қизғин давом  этмоқда. “Нозимахон ипак  толаси” фермер  хўжалиги пиллачиси М. Ҳожиматова, “Озод элдош” фермер хўжалиги пиллачиси Р. Абдухолиқовалар ҳар қути ипак қуртидан   60-65  килограммдан  сархил  ҳосил  топшириб, туманда биринчилардан бўлиб  шартнома режаларини бажардилар. “Баҳорой орзуси”, “Асилбек Қаюмов” фермер хўжаликлари пиллачилари  ҳам ҳар қути  ипак  қуртидан 65-70 килограммдан пилла олиб,  ўз сўзларининг  устидан  чиқдилар. Туманда кунига ўртача 6-7  тонна  “кумуш  тола” териб  олиниб, қабул  масканига топширилаётир.

Бозорбой  БЕКМУРОДОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.