Қашқадарё ҳавзаларидаги хазина

balu

Қашқадарё вилояти

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 1 майдаги “Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида вилоятда маҳаллий балиқчилик хўжаликлари ва бошқа тармоқ ташкилотлари манфаатларини ифода этувчи, уларнинг ишини мувофиқлаштирувчи ҳудудий “Балиқ саноат” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди. Ўз навбатида, мазкур тузилма бир қатор муҳим вазифаларни бажаради.

Хусусан, балиқчилик тармоғи ташкилотларига кўмаклашиш, личинка ишлаб чиқариш бўйича янги инкубация цехларини ташкил этиш, балиқ чавоқлари етиштириш ҳажмини кўпайтириш, балиқ чавоқлари етиштириш бўйи­ча мавжуд ҳовузларни модернизация қилиш ва кенгайтириш кабилар шулар сирасига киради. Шунингдек, сув ҳавзалари ташкил этиш учун ер участкалари бериш масалаларида тегишли маҳаллий ҳокимият органлари билан ўзаро самарали ҳамкорликни таъминлаш, балиқ етиштиришнинг замонавий технологияларини, шу жумладан, қафас усулини кенг жорий этиш ҳамда табиий ва сунъий ҳавзаларда маҳсулдорликни кўпайтириш ҳисобига балиқ овлаш ҳажмини ошириш билан фаол шуғулланади.
– Бундай кўмак балиқчилик хўжаликларининг жадал ривожида муҳим омил бўлади, – дейди Қарши шаҳридаги “Геолог маскани” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Анвар Ёқубов. – Юртимизда ушбу соҳага эътибор юқори экани бизга қўл келяпти. Икки йил аввал корхонамизда балиқчилик тармоғини йўлга қўйгандик. Ҳозирги кунда 3,5 гектарлик сунъий сув ҳавзасида сазан, оқ амур, дўнгпешона балиқларини боқяпмиз. Ўтган йилдан маҳсулот олишга киришдик. Ҳавзамиздан 20 тоннага яқин балиқ овладик. Жорий йилда маҳсулдорлик янада ошади. Аҳоли дастурхонига 50 тонна парҳез гўшт етказиб беришни мақсад қилганмиз. Мавжуд ресурслардан янада самарали фойдаланиш, соҳага интенсив технологияларни жорий этиш ҳаракатидамиз. Шу йилнинг ўзида қиймати бир миллиард сўмлик янги истиқболли лойиҳани рўёбга чиқаришни режалаштирганмиз. Балиқни дудлаш, музлатиш ва қадоқлашни ташкил этамиз. Шу мақсадда махсус цех ва 100 тонналик сиғимга эга совиткич барпо этяпмиз. Натижада қўшимча ўнта янги иш ўрни яратилади. Қолаверса, келгусида қафас усулида балиқ боқишни йўлга қўямиз.
Таъкидлаш жоизки, вилоятда бу каби кўплаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Жумладан, Нишон туманида Вьетнам технологияси асосида балиқ етиштиришга ихтисослашган агрофирма ташкил этилди. Агрофирма вилоятдаги балиқчилик хўжаликларига ўз фаолиятини самарали ташкил этиши учун машина-механизм хизматлари, балиқ увилдириқлари, омихта ем етказиб беради. Етиштирилган балиқни сотиш ёки қайта ишлашни йўлга қўяди. Агрофирмада балиқ увилдириқлари етиштирилиб, сув омбо­рига ўтказилади. Бу ерда балиқ чавоқлари етиштирувчи инкубацион цех, 600 тонналик музлаткич, балиқ маҳсулотларини қайта ишловчи корхона, 800 тонна махсус омихта ем ишлаб чиқарувчи цех ташкил этилиши режалаштирилган. Йилига 500 тонна балиқни қайта ишловчи агрофирмада 90 та иш ўрни яратилади.
Банк кредити ҳисобига балиқчилик хўжаликларининг моддий-техник базаси мус­таҳкамланди. Жумладан, Қарши туманидаги “Намуна балиқчилиги” МЧЖ битта экскаватор, юк автомашинаси, 2 та балиқ ташишга мўлжалланган транспорт воситалари билан таъминланди. Айни пайтда ушбу корхонада балиқни қайта ишлаш йўлга қўйилди. Ҳозирги кунда йиллик қуввати юз тонна бўлган “Балиқ дудлаш цехи” фаолият кўр­сатяпти.
Таҳлиллар шундан далолат беряптики, ўтган йили вилоятда 4450 тонна товар балиқ овланган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 5175 тонна, деб белгиланган. 2020 йилга бориб бу рақам 10 минг тоннага тўғри келади.
Жорий йилнинг ўтган ойлари мобайнида 484 тонна балиқ овланди. Албатта, бунга, энг аввало, тижорат банки томонидан ажратилган кредит маблағлари эвазига эришилди. Ўтган йили ажратилган 8,4 миллиард сўм кредит маблағлари  ҳисобига қўшимча 150 та иш ўрни яратилди. Жорий йилда 10 миллиард сўм кредит маблағлари ҳисобига қўшимча 370 дан зиёд иш ўринлари юзага келади. Бундан ташқари, балиқчилик тармоғида илмий-тадқиқот ишларини янада такомиллаштириш, илмий кадрлар тайёрлаш, илмий ва техник янгиликларни тадбиркорлик субъектларига етказиш мақсадида Балиқчиликни ривожлантириш илмий-тажриба станцияси Балиқчилик илмий-тадқиқот институтига айлантирилди.
Юқори маҳсулдор балиқ турларини иқлимлаштириш, ишни илмий асосда ташкил этиш ҳисобига балиқнинг африка лаққаси, тиляция, форель, венгрия сазани ва осётр турларини кўпайтириш йўлга қўйилади. Бу, ўз навбатида, ички бозорни узлуксиз равишда арзон ва сифатли балиқ маҳсулотлари билан таъминлайди.

Ҳусан ТЕМИРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.