Ипак қурти яратган мўъжиза

Навоий вилояти

Айни пайтда вилоят пиллачилари томонидан 1 минг 5 тонналик хирмон яратиш учун ишлар жадаллик билан олиб бориляпти.

– Мавсум бошида 17 минг 700 қути ипак қурти 8 минг 188 та звенога тарқатилганди, – дейди вилоят “Пилла” бирлашмаси раиси У.Нарзиев. – Уларнинг 3 минг 700 қутиси маҳаллий, 14 минг қутиси эса хориж ипак қурти уруғи ҳисоб­ланади. Шу кунларда “кумуш тола”ни териб олиш жараё­ни қизғин бошлаб юборилди. Бу йилги ҳосилдан кўнгил тўқ. Ўз вақтида амалга оширилган агротехник тадбирлар ўзининг ижобий самарасини кўрсатмоқда.
Кармана туманида пиллани топшириш жараёни бош­лангани муносабати билан тантанали маросим ташкил этилиб, унга қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари, илғор ва тажрибали пиллачилар, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар бугунги кунда давлатимиз томонидан пиллачиларга яратилган шароитлар, ипак маҳсулотларининг жамиятимиздаги ўрни хусусида тўхталдилар.
“Кумуш тола”ни топширишда пешқадам бўлган бир гуруҳ пиллачилар вилоят ҳокимлиги томонидан махсус совғалар билан тақдирланди.
Кармана туманининг Аллон маҳалласида яшовчи Камол Рўзиев турмуш ўртоғи Шаҳноза Очилова билан бу йил ҳудуддаги “Шаҳноза” фермер хўжалиги негизида 2 қути ипак қурти парваришлади. Бир ой давомида қилинган меҳнат ўз самарасини бериб, 120 килограмм уруғлик пилла ҳосили етиштирилди.
– Сифатли пилладан етиштирилаётган маҳсулотларимиз, ипагимиз дунё мамлакатларининг ҳам ҳайратини оширмоқда, – дейди Камол Рўзиев. – Айниқса, бу йил пилла боқувчиларга бўлган эътибор икки карра юксалди. Ипак қурти боқиш даврида ун, ёғ, бўнак тариқасида пул маблағлари берилгани эътиборлидир.

Отабек АСЛОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.