Ғўзанинг иммун тизими мустаҳкам бўлса…

2_guza

Олимларимиз ғўзанинг вилт касаллигига ва шўрхок тупроққа чидамлилигини оширувчи табиий препаратлар яратишди

Маълумки, бугунги тезкор замонда барча соҳаларда инновацион ишланмаларни ҳаётга татбиқ этмай туриб, кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Шу боис, мамлакатимизда айни жиҳатга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, аграр соҳани жадал ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янги босқичга кўтаришда инновация ютуқларига таянилмоқда.

Мамлакатимизда пахта етиштиришдаги асосий муаммолардан бири ғўзанинг фитопатогенлар билан зарарланиши ҳисобланади. Бугунги кунда селекционерлар ғўзанинг вилт касаллигига чидамлилик даражасини тезда аниқлаш имконини берувчи, чидамлиликни биокимёвий баҳолашнинг самарали, тезкор ва ишончли усулларини ишлаб чиқишда айрим муаммоларга дуч келишмоқда. Ушбу муаммо Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига қарашли академик О.Содиқов номидаги Биоорганик кимё институтининг ферментлар кимёси лабораториясида, профессор Алижон Ахунов раҳбарлигида самарали ҳал этилди.
Гап шундаки, илк маротаба тезлаштирилган тест тизимлари асосида Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан тақдим этилган ғўзанинг 200 дан ортиқ нав ва селекцион материаллари устида вилтга чидамлилик тести ўтказилди. Мутахассислар хулосасига кўра, бу тизимни қўллаш ғўзанинг янги навларини яратиш муддатини 6-7 йилгача қисқартириш имконини беради. Энг муҳими, бу тест тизими ўзининг самарали ва ишончли эканлигини далада ўтказилган синовларда тўла тасдиқлади ва ушбу усулнинг қўлланилиши бўйича Ўзбекис­тон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан патент берилди.
Лабораториянинг илмий изланишлари фақатгина ғўзанинг шўрланиш ва фитопатогенлар таъсирига нисбатан чидамлилигига жавоб берувчи биологик фаол бирикмаларни биокимёвий тадқиқ қилиш билан чегараланмаган.
– Дунё миқёсида ўсимлик­ларни касалликлардан ҳимоя қилиш учун патоген (зарарли) микроорганизмлар ўсиш ва ривожланишини камайтирувчи турли кимёвий воситалар кенг миқёсда қўлланилмоқда, – дейди профессор Алижон Ахунов. – Аммо пестицидларни қўллаш атроф-муҳитнинг ифлосланишига олиб келмоқда. Шунинг учун ҳам биомаҳсулотларнинг аҳамияти тобора ошиб бормоқда. Масалан, ғарб мамлакатларида сўнгги вақтларда қишлоқ хўжалиги учун табиий препаратларни сотиш ва қўллаш 45 фоизга ошган бўлиб, 50 дан ортиқ илмий марказлар ва корхоналар турли биопрепаратлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Бизнинг ҳам асосий мақсадимиз ўсимликнинг иммун тизимини мустаҳкамлайдиган, атроф-муҳит учун мутлақо безарар бўлган биологик препаратларни кўпайтиришдир.
Табиий стимуляторларнинг ўзига хос жиҳатлари кўп. Улар фойдалилиги ва фаоллигини кам миқдорда ҳам намоён қилади. Энг муҳими, инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга зарар етказмайди. Хуллас, иқтисодий жиҳатдан арзон бўлган маҳаллий хомашёлар асосида янги стимуляторларни яратиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир. Бу масалалар Биоорганик кимё институти олимлари томонидан самарали ечимни топ­моқда. Жумладан, илк маротаба ширинмия илдизидан ажратиб олинган глицирризин кислотаси асосида ғўзанинг вилтга ва тупроқ шўрланишига чидамлилигини оширувчи бир қатор препаратлар яратилди. Уларнинг кам миқдори ҳам ғўзанинг иммун ферментлар фаоллигини оширганлиги намоён бўлди. У ғўзанинг чидамсиз ва чидамли навларида синаб кўрилди. Буларнинг барчаси Биоорганик кимё институти ва Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтининг ўзаро илмий ҳамкорлиги асосида амалга оширилди. Шартномага мувофиқ, барча апробациялар ва “ДАГ-1”, “ДАГ-2” препаратларини дала шароитида қўллаш бўйича изланишлар олиб борилди. Мутахассислар хулосасига кўра, мазкур препаратлар ғўзани “Verticillium dahliay” ва “Fusarium oxysporum” замбуруғларидан ҳимоялаш имконини беради. Шўр тупроққа мослашувини таъминлайди. Шунингдек, тола сифатини яхшилаб, ҳосилдорлик ортишини таъминлайди.
Препаратлар ўтган йили Сирдарё вилоятидаги “Аср навоси” ва “Жавлон Носиров” номли фермер хўжаликларининг 100 гектар майдонида ҳамда Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтининг 50 гектар тажриба майдонида синовдан ўтказилди. Фермерларнинг хулосаларига кўра, ишлов берилган ғўзанинг ҳосилдорлиги 5-10 центнергача ортган. Жорий йилда эса Гулистон давлат университети билан ҳамкорликда вилоятдаги 30 та фермер хўжалиги билан тузилган шартномалар асосида 500 гектар майдонга препаратлар билан ишлов берилган чигит экилди.
Ушбу препаратлар учун Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигидан 2 та патент олинган бўлиб, уларни кенг кўламда қўллаш бўйича Ўзбекис­тон Республикаси Кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари давлат комиссияси томонидан гувоҳномалар берилган.
Сирасини айтганда, ферментлар кимёси лабораториясида ўтказилган тадқиқотлар ўсимлик­ларни фитопатогенлар ва шўрланган тупроқлардан ҳимоя қилиш учун экологик безарар янги авлод препаратларини ишлаб чиқишда катта истиқболларни очиб беради. Илмий изланишларда, айниқса, ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш лаборатория мудири профессор Алижон Ахуновнинг доимий эътиборида. Уларга тадқиқотнинг замонавий усуллари мунтазам таништириб борилади.
Шу ўринда айтиш жоизки, қўлга киритилаётган натижалар бир қатор институтлар олимларининг узвий ҳамкорлиги самарасидир. Бугун олимларнинг ўзаро ҳамкорликда иш олиб боришини замоннинг ўзи талаб этмоқдаки, бу жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Шундагина илмий йўналишда жаҳон андозаларига жавоб бера оладиган муҳим натижаларга эришиш мумкин.

Раимқул СУЯРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.