БУЮК МУҲАДДИСГА ЮКСАК ЭҲТИРОМ

Сурхондарё вилояти

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 10-11 февраль кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Шеробод туманидаги Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий зиёратгоҳида амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишларини кўздан кечириб, қурувчи ва мутахассисларга зарур кўрсатмалар берган эди.

Айни вақтда бу ерда миллий меъморчиликнинг юксак талабларига мос равишда катта ҳажмдаги таъмирлаш ишлари  олиб борилмоқда. Жумладан, мажмуа ёнидаги қабристон ободонлаштирилди, 500 ўринли масжид қурилиб, мақбарага элтувчи 4,5 километр йўлга асфальт қоп­ламалари ётқизилди. Сув, электр энергияси ва газ тармоқлари тортилди.
Яқинда Имом Термизий зиёратгоҳи ва жомъе масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди.  Унда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва бошқалар таъкид­лаганидек, Имом Термизий қолдирган юксак маънавий меросга дахлдорлик ҳисси юрагимизда фахр ва ифтихор туйғусини жўш урдиради. Унинг ўлмас хотираси сифатида тубдан қад ростлаётган  бу обод манзил  том маънода юртдошларимизнинг қалбидаги ошёнга айланиб, ўзлигимизни унутмаслигимиз, аждодларимизга муносиб авлод бўлишимиз кераклигини эслатиб туради.
Исмоил Сомонийлар даврида қурилган ушбу мақбара ва унинг атрофидаги мажмуани янада обод масканга айлантириш, қулай шароитлар яратиш зиёратчилар оқимини кўпайтириш имконини беради. Буюк аждодимиз Имом Термизий ҳадис тўплашдан ташқари ҳуқуқшунослик, табиатшунослик, табобат, илми нужум, тилшунослик ва бошқа кўплаб соҳаларда ҳам асарлар яратган. Мусулмон оламида буюк муҳаддислардан бири сифатида машҳур бўлган улуғ алломанинг бебаҳо мероси бугунги кунда ҳам кенг ўрганилмоқда.

Дилфуза ЖЎРАЕВА,
“Qishloq hayoti” мухбири.