Қишлоқ оилавий поликлиникаси

2_01

Навоий вилояти

Қизилтепа туманининг “Оқ мачит” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Деҳқонобод” қишлоқ врачлик пункти ўрнида “Оқ мачит”, “Ҳафқориён, “Тожикон”, “Гулбоғ” маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисига тиббий хизмат кўрсатувчи 1-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси фаолият кўрсата бошлади.

Давлатимиз раҳбарининг қарори асосида қишлоқ врачлик пунктлари мақбуллаштирилиши ўзининг ижобий самараларини кўрсатиб, қишлоқларда тиббий хизмат сифатини янада оширмоқда.
Олдин “Деҳқонобод” қиш­лоқ врачлик пункти томонидан 4560 нафар аҳолига хизмат кўрсатилган бўлса, 4 та қишлоқ врачлик пунктининг бирлашиши ҳисобига ташкил этилган 1-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасида 10200 нафардан ортиқ аҳолининг саломатлиги мустаҳкамланмоқда.
– Президентимиз томонидан тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш, ушбу тизимни янги босқичга олиб чиқиш, пировардида халқнинг розилигини таъминлаш борасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар биз, шифокорларни янада руҳлантирмоқда, – дейди 1-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири Дилором Ҳожиева. – Олдин қишлоқ врачлик пунктларида тор мутахассисларга эҳтиёж кўпроқ эди. Бу эса аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлгани ҳам бор гап. Янги тизим ушбу масалада ўзининг ижобий самарасини кўрсатди. Бугун поликлиникада фаолият кўрсатаётган 45 нафар ходимнинг 6 нафари таж­рибали шифокор ҳисобланади. Шунингдек, поликлиникада тез тиббий ёрдам бўлими ташкил этилиб, махсус машина ажратилгани ижобий натижа бермоқда.
–  26 йилдан буён лаборант сифатида фаолият кўрсатиб келаётган устозим Дилфуза Мақсудовадан касб сирларини ўрганяпман, – дей­ди Дилфуза Эргашева. – “Саломатлик – 2” лойиҳаси асосида жиҳозланган замонавий лабораториямизда барча турдаги умумий таҳлилларни амалга ошириш имконияти мавжуд. Коллежни битириб, ўз соҳам бўйича ишлаётганим касбимга бўлган меҳримни янада оширмоқда.

Отабек АСЛОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.