«АВАЗА»дан ОЛАМ-ОЛАМ ТААССУРОТЛАР БИЛАН

3_avaza

Қорақалпоғистон Республикаси

Туркманистон Республикаси “Аваза” миллий сайёҳлик ҳудудининг “Камалак” болалар кўнгилочар боғида Оролбўйидан 25 нафар бола дам олиб қайтди.
Нукус темир йўл вокзалида болаларни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Қорақалпоғис­тон Рес­публикаси Касаба уюшмалари бирлашмаси кенгаши, Халқ таълими вазирлиги вакиллари ва ота-оналар сўзга чиқиб, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик алоқалари, турли соҳалардаги ҳамкорлик, болалар кўнгилочар боғида яратилган шарт-шароитларга тўхталишди.
Таъкидланганидек, жорий йилда Қорақалпоғис­тон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларидан 100 нафар бола ушбу мамлакатдаги “Даянч” болалар соғломлаштириш марказида дам олди. Давлатимиз раҳбарининг яқинда Туркманистонга қилган амалий ташрифи дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашда яна бир муҳим қадам бўлди.
– Ташриф давомида ­Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан учрашиш бахтига муяссар бўлдим, – дейди Қораўзак тумани “Мада­ният” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги 8-умумтаълим мактаби ўқувчиси Гулноза Турғунбоева. – Президентимиз биз билан дилдан суҳбатлашди, дам олиш таассуротлари, соғломлаштириш марказида яратилган шароитлар билан қизиқди. Бу менинг ҳаётимдаги энг унутилмас ва бахтли дамлар бўлиб қолади.
– Соғломлаштириш марказида қизиқарли маданий тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказилди, – дей­ди Тахтакўпир туманидаги 5-умумтаълим мактаби ўқувчиси Гулпаршин Узоқ­боева. – Каспий денгизи соҳили, шаҳарнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар уюштирилди. Шу жумладан, Ўзбекистон кунлари тадбирида туркманистонлик тенгдошларимизга миллий қўшиқ ва рақсларимизни намойиш этиб, миллий анъаналаримиз, мамлакатимизда яратилган шарт-шароитлар тўғрисида гапириб бердик. Энг асосийси, кўп­лаб дўстлар орттирдик.
Шундай қилиб, Оролбўйи болалари қўшни давлатдан катта таассуротлар билан қайтди.

Давуд АБИБУЛЛАЕВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.