Хорижда ўқиганлар ишга қандай киради?

6_03

Кейинги йилларда чет элда таълим олиш истагини билдираётган ёшлар сони ошиб бормоқда. Уларни эса бир савол қийнайди: хорижда ўқиб қайтгач, мутахассислик дипломи юртимиздаги ташкилот ва муассасаларда фаолият юритиш ҳуқуқини берадими?

Жорий йилнинг тўрт ойи давомида ушбу масала юзасидан Давлат тест марказига 900 дан зиёд аризалар келиб тушган.
Давлат тест марказининг бўлим бошлиғи Низомиддин Эшонқуловнинг таъкидлашича, юртимизда дипломи ҳеч қандай махсус синовларсиз нострификация қилинадиган хориждаги олий таълим муассасалари сони 712 тани ташкил этади. Чет элдаги нодавлат олий таълим муассасаларидан олинган дипломлар эса мамлакатимизда мутахассис сифатида фаолият юритиш ҳуқуқини бермайди.
Бу ҳақда Миллий матбуот марказида Давлат тест маркази томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.
712 та олий ўқув юрти рейтингида бўлмаган хорижий университетларда таҳсил олганлар учун ҳам маълум меъёрий қонун-қоидалар бор. Хусусан, улар мутахассислиги бўйича маълум учта фандан махсус синовдан ўтиши ва 100 баллик тизимда 55 баллдан юқорисини қўлга киритиши лозим. Шунингдек, битирувчи аризаси, диплом ва унинг иловасининг ўзбек тилига таржима қилинган ҳамда нотариус томонидан тасдиқланган нусхаси, таълим олган университетнинг ўша давлат рўйхатидан ўтгани тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши зарур.
Таъкидлаш жоиз, икки мамлакат олий ўқув юртлари ўртасидаги ўқув фанлари мавзулари 55 фоиздан ортиқ фарқ қилса, махсус синовларга киритилмайди.
Демак, чет элдаги давлат рўйхатидан ўтган қатор олий таълим муассасаларида таълим олган ёшлар Давлат тест марказининг махсус синовидан ўтиб, мутахассислиги бўйича юртимиздаги олий ўқув юртларининг эквивалент дипломини қўлга киритиши ва ҳеч қандай тўсиқларсиз фаолият юритиши мумкин.

Баҳодир ҲАЛИМОВ