КАТТА МАҚСАДЛАРГА РУҲЛАНТИРГАН “КИЧИК ОЛИМПИАДА”

barkamol-2017

Жиззах вилояти

Жиззах шаҳрида 25-27 май кунлари академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг “Баркамол авлод – 2017” спорт мусобақалари  кўтаринки руҳда ташкил этилди.

“Кичик олимпиада” дея эътироф этиладиган ушбу мусобақанинг бу галги  ўйин­ларида спортнинг 17 тури бўйича беллашувларда юртимизнинг барча ҳудудларидаги  лицей ва коллежларнинг 898 нафар ўқувчиси иштирок этди. Спортчилар 193 та олтин, 193 та кумуш ва 214 та бронза медали учун ўзаро куч синашдилар. Беллашувлар 150 нафардан ортиқ ҳакамлар томонидан адолатли баҳоланди.
“Сўғдиёна” универсал спорт мажмуаси, Жиззах олимпия захиралари коллежи ҳамда бошқа ўқув муассасаларида яратилган шарт-шароитлар мутахассислар томонидан юқори баҳоланди. Иродали, шижоатли, тайёргарлик даражаси юқори бўлган ёшлар шоҳсупага кўтарилди.
Мусобақанинг ёпилиш маросими ҳам ёшлик ва шижоат байрамига хос тарзда ўтди. Байрамона безатилган “Сўғдиёна” универсал спорт мажмуасидаги стадион спорт ишқибозлари, ёшлар билан лиммо-лим тўлди. Чорлов янграгач, майдонга “Баркамол авлод – 2017” спорт ўйинлари иштирокчилари – Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳри терма жамоалари саф тортиб чиқиб келди.
Юртимизнинг умидли спортчиларини минглаб ёшлар республикамиз ва “Баркамол авлод” ўйинлари байроқларини ҳилпиратганча, олқишлар билан кутиб олдилар. Мусобақанинг барча қатнашчилари жам бўлгач, ғолибларни тақдирлаш маросими бошланди.
Беллашувларда энг кўп медалларни жамғарган пойтахтлик ёшлар жамоасига бош соврин – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Баркамол авлод – 2017” спорт ўйинлари қатнашчиларига йўллаган табригининг асл нусхаси ва Президент совғаси – “Damas” автомобили тантанали топширилди.
Умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллаган Андижон вилояти ва учинчи ўринни забт этган Самарқанд вилояти жамоалари ҳам Президент совғаси – “Damas” автомобиллари билан тақдирланди. Шунинг­дек, юқори натижаларни қайд этган бир гуруҳ спортчилар махсус совринларга эга бўлишди.
– Мусобақанинг очилиш маросимида Президентимиз табригида келтирилган “Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ва ишонаман, Худо хоҳласа, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз ҳам бўлади”, деган гаплари ҳар сафар майдонга чиққанимда қулоқларим остида жаранглаб турди ва менга куч бағишлади, – дейди “Баракамол авлод – 2017” спорт ўйинларининг олтин медали соҳиби жиззахлик таэквандочи Суҳроб Бобобеков. – Мен Президентимиз ишончига мос бўлишга ҳаракат қилдим ва ғолиб бўлдим. Орзуим яқинда Корея Республикасида бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида қатнашиб, Токиода ўтказиладиган Олимпия ўйин­ларига йўлланмани қўлга киритиб, юқори натижаларни қайд этишдир.
Мусобақанинг ёпилиш маросимида “Баракамол авлод – 2017” спорт ўйинларининг байроғи туширилди. Байроқ навбатдаги мусобақага мезбонлик қиладиган Қашқадарё вилояти ёшларига топширилди. Шундан сўнг, анъанага мувофиқ, мусобақа давомида порлаб турган “Баракамол авлод – 2017” машъа­ласи сўндирилди. Тадбир спортчиларининг кўргазмали чиқишлари ҳамда санъаткорлар иштирокидаги концерт дастурига уланиб кетди.
Шу оқшом Жиззах осмонини ранг-баранг мушаклар безади.
“Баракамол авлод – 2017” спорт мусобақаларининг ёпилиш маросимида Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов иштирок этди.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.