Президентимиз соврини учун

kurash

Сурхондарё вилояти

Дунё полвонлари Термизда беллашди

Термиз шаҳрида кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган XIII Халқаро турнир бўлиб ўтди.

Унинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Р.Қурбонов, Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов, Кураш халқаро ассоциацияси президенти Ҳ.Фармон ва бошқалар мамлакатимизда спортга, жумладан, миллий курашимизга берилаётган эътибор ва унинг самараси хусусида тўхталишди.
Биринчи Президентимиз ­Ислом Каримов ташаббуси билан халқаро спорт тури мақомини олган кураш дунё бўйлаб кенг ривож­ланмоқда. Бугун ушбу спорт тури дунёнинг 130 га яқин давлатида оммалашмоқда. Кураш бўйича жаҳон ва қитъа чемпионатлари, халқаро турнирлар юксак савияда ташкил этилаётир. Кураш халқаро ассоциацияси, Осиё-­Океания, Европа, Панамерика, Африка кураш конфедерациялари томонидан курашнинг жаҳондаги нуфузини янада ошириш, уни келажакда ёзги Олимпия ўйинлари дастурига киритиш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда.
Турнирга сурхондарёликлар катта тайёргарлик кўришди. Жумладан, халқаро турнир олдидан ўйингоҳда кенг кўламдаги ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Томошабинларга қулайлик яратиш мақсадида стадионга замонавий ўриндиқлар ўрнатилди. Стадион марказидаги махсус саҳна устига жаҳон стандарти талабларига жавоб берадиган 3 та кураш гилами тўшалди.
Халқаро турнирда дунёнинг 50 га яқин давлатидан энг кучли полвонлар гиламга чиқишди.
Полвонлар учта вазн тоифасида беллашдилар. 73 килограмм вазн тоифасида барча совринли ўринлар ҳамюртларимизга насиб қилди. Финалда Давлат Абраевга қарши гиламга чиққан Ҳикматилла Тўраев мусобақанинг дастлабки олтин медалини қўлга киритди.
Мусобақанинг бронза медаллари эса Суҳроб Худойбердиев ва Шербек Аблоқуловларга насиб этди.
90 килограмм вазн тоифасида ҳам курашчиларимизга тенг келадиган рақиб топилмади. Ушбу вазнда Яҳё Имомов олтин, Шуҳрат Арслонов кумуш, Камолиддин Расулов ҳамда Дилшод Чориевлар бронза медаллари соҳиби бўлишди.
Мусобақанинг мутлақ вазн тоифасида гиламга кўтарилган ҳамюртимиз Абдулла Холиёров ҳал қилувчи босқичда россиялик Артём Осипенкони мағлуб қилди. Ушбу вазн тоифасида бронза медаллари Бекмурод Олтибоев ҳамда Бахтиёр Менглиқуловларга насиб қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағиш­лаб ўтказилган ХIII халқаро турнир якунида мутлақ вазн тоифасида ғолиб полвон Абдулла Холиёровга Президент соврини 25 минг АҚШ доллари ҳамда мусобақанинг кубоги топширилди. Мутлақ вазн тоифасида кумуш медаль соҳиби Артём Осипенкога 10 минг АҚШ доллари, бошқа ғолибларга пул мукофотлари ҳамда эсдалик совғалар берилди.

Дилфуза ЖЎРАЕВА,
“Qishloq hayoti” мухбири.