“Кичик олимпиада” катта ареналар учун парвоз майдони

4_barkamol

“Баркамол авлод – 2017” спорт ўйинларида қайд этилаётган натижалар, кўрсаткичлар, рекордлар ёшларимизнинг спортдаги салоҳияти
йилдан-йилга ўсиб бораётганидан далолатдир.

Жиззахда бўлиб ўтаётган “Баркамол авлод – 2017” спорт ўйинларида республикамизнинг барча ҳудудларидан 898 нафар спортчи қатнашмоқда. Улар билан 236 нафар мураббий келган. Беллашувларни 159 нафар ҳакам баҳолаб бормоқда.

Бокс, бадиий гимнастика, сузиш, енгил атлетика мусобақалари “Сўғдиёна” универсал спорт мажмуасида, гандбол, баскетбол, бадминтон, стол тенниси, эркин ва юнон-рум курашлари, дзюдо, таэквондо, оғир атлетика, теннис бўйича беллашувлар Жиззах олимпия захиралари коллежида, волейбол ва футбол бўйича баҳслар Жиззах политехника институти спорт майдонларида кечмоқда. Жиззах политехника институти қошидаги лицейнинг спорт залида эса шахматчилар ўз имкониятларини синовдан ўтказишаётир.
Беллашувларнинг биринчи ва иккинчи кунлари қизғин беллашувларга бой бўлди. Жумладан, сузиш мусобақаларида респуб­ликамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган таркибида 4 нафар ўғил ҳамда 4 нафар қиз бўлган жамоа­лар турли масофаларга брасс, чалқанча, баттер­фляй, эркин, аралаш эстафета усулларда сузиш бўйича куч синашдилар.
Сузиш мусобақаларининг дастлабки натижаларига кўра, қашқадарёлик Фотима Амилова, андижонлик Шаҳноза Соди­қова ва Зуфар Абдулазизов, пойтахтлик Ирина Ушакова ҳамда Алексей Тарасенко, қорақалпоғистонлик Маржина Ўразимбетова каби бир қатор ёш спортчилар пешқадамлик қилишмоқда.
Енгил атлетика беллашувларида ҳам таркибида 4 нафар ўғил ва 4 нафар қиз бўлган жамоалар қатнашмоқда. Енгил атлетикачилар турли масофаларга дастлабки, финал югуриш, узунликка сакраш, эстафетали чопиш, уч ҳатлаб сакраш, тўсиқлар оша дастлабки югуриш бўйича ўз имкониятларини синовдан ўтказмоқдалар.
Бокс мусобақалари беллашувларида бундан бир ой илгари Сурхондарёда уюштирилган саралаш баҳсларида ғолиб бўлганлар иштирок этишди. Шу маънода, ярим финал учрашувларида Бухородан 5 нафар, Жиззахдан 4 нафар, Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Самарқанд, Тошкент вилоятларидан 3 нафардан, Андижон, Фарғона ва Сирдарёдан 2 нафардан, Навоий ва Қашқадарёдан 1 нафардан ёш боксчилар рингга кўтарилди. Беллашувлар 49, 52, 56, 60, 64, 69, 75, 81 килограмм вазн тоифаларида кечди.
– Бироз қийинчилик билан рақибимдан устунликка эришдим, – дейди андижонлик Асадбек Шодибоев. – Бугунгача уч марта Ўзбекистон чемпиони бўлдим. Муҳаммадқодир Абдуллаев, Ҳасанбой Дўсматов каби Жаҳон Олимпиада ўйинлари ғолиби бўлишни дилга тукканман. Шу ўринда айтишим керакки, спорт мусобақаларида қатнашиш мақсадида бир неча давлатларда бўлганман. Аммо биздагидек шароит ва имко­ният уларда йўқ. Шундай экан, биз ғолиб бўлаверамиз.
– 50 йил енгил атлетика билан шуғулланганман, – дейди жиззахлик 80 ёшли Абдумурод Султонов. – Бугун ёшларимизнинг спорт билан шуғулланиши, имкониятларини намоён этиши, юртимиз номини дунёга танитиши учун барча шароит­лар бор. Илгари бундай имкониятлар қаерда эди, тош-тупроқли йўлакларда чопганмиз, шуғулланганмиз, спорт анжомлари ва кийимлари етишмасди. Шу маънода, замонамиз ёшларига ҳавасим келади. Улар яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланмоқда. Беш ўғлимдан икки нафари сузиш бўйича мураббий, бир ўғлим бокс бўйича республика чемпиони. Бири олий ўқув юртида жисмоний тарбиядан дарс беради, бош­қаси футбол мураббийи. Икки нафар набирамни Жаҳон Олимпиадасига тайёрлаяпмиз. Улардан бири “Баркамол авлод – 2017” мусобақаларида иштирок этяпти. Яна бир набирам бокс бўйи­ча Ўзбекистон чемпиони. Уларнинг исмлари жаҳон ареналари узра янграшига ишонаман.
Бошқа спорт турлари бўйича ҳам мусобақалар қизғин кечмоқда. Дарвоқе, ҳар куни беллашувлар якунида биринчи, иккинчи ва учинчи ўрин соҳибларига дипломлар, эсдалик ва қимматбаҳо совғалар топширилмоқда.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.