ДОНИ ДАРОМАДГА КОН, ПОЯСИ ЕРГА ДАРМОН

2_soya

Президентимизнинг 2017 йил 14 мартдаги 2017-2021 йилларда республикада соя экини экишни ва соя дони етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ва давлатимиз раҳбарининг Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилда мамлакатимиздаги 2 минг 200 дан зиёд фермер хўжалигида 21 минг гектар майдонга соя экиш кўзда тутилган. Натижада 33,7 минг тонна соя дони етиштирилиб, 6,1 минг тонна ўсимлик ёғи ҳамда 25 минг тоннадан ортиқ соя шроти ишлаб чиқарилади.

Давлатимиз раҳбари жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 17 май куни Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида ҳам айни шу масалага алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Президентимиз Мирзаобод туманидаги “Абдуғани Турдибоевич” кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолияти билан танишиш чоғида “Соя етиштиришни кўпайтириш, уни шу ернинг ўзида қайта ишлаб, экспортга ҳам йўналтириш чораларини кўриш керак. Соя экиш орқали ер унумдорлигини ошириш, соя агротехникаси бўйича мутахассислар тайёрлаш лозим” дея алоҳида таъкидладилар.
Ҳақиқатан ҳам, соя экилган майдонларда соф азот тўпланиши ва туп­роқ унумдорлиги яхшиланиши ҳисобига пахта ва ғалладан юқори ҳосил олиш имконияти яратилади.
Бир пайтлар ернинг аёвсиз тасарруф этилиши оқибатида туп­роқдан кўплаб озуқа элементларининг ҳосил билан чиқиб кетиши, шунингдек, турли заҳарли моддаларнинг меъёрдан ортиқ қўлланилиши ҳамда тупроқнинг деградацияга учраб, унда органик моддаларнинг камайиб, заҳарли моддаларнинг кўпайиши ва тўп­ланишига, тупроқдаги микро ва макрофаунанинг ҳам камайиб кетишига сабаб бўлмоқда.
Тупроққа ишлов бериш, ўғитлаш, пестицидлардан фойдаланишни амалга оширишда ундаги компонентлар ҳолатини чуқур ўрганмай бажарилаётган деҳқончилик ишлари, муайян даражада тупроқда мавжуд бўлган чиринди миқдори табиий захирасининг камайиши, айниқса, суғориладиган туп­роқларда тез суръатлар билан бормоқда. Моноўғитлардан фойдаланиш, (азот, фосфор, калий) органик ўғитларнинг етишмаслиги, тупроқ унумдорлигининг асосини ташкил этувчи – гумуснинг жадал камайишига олиб келди.
Юртимизда суғориладиган ерларнинг муайян қисми эрозияга учраган. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тупроқшунослик ва агрокимё институти олимларининг маълумотига кўра, барча ҳайдаладиган ерларнинг 1422 минг гектарида сув эрозия­си рўй берган. 722 минг гектар майдонда суғориш эрозияси, 40 минг гектардан кўпроқ майдонда жар эрозияси содир бўлмоқда. Шамол эрозия­си ҳам 2 миллион гектар майдонда рўй бермоқда.
Агарда бундай ерларнинг айримларига соя экилса, тупроқда биологик азот тўпланади ва туп­роқ структураси яхшиланади. Бундан ташқари, соя тупроқ шўрланишининг олдини олишга ижобий таъсир қилади. Шунингдек, у илдиз тизимининг хусусия­тига кўра, сувда эрийдиган фосфатларни ўзлаштириш хусусиятига эга. Соя тўплаган биологик азот туфайли азот бирикмаларининг ер ости сувига ўтиб кетиши камая­ди ва натижада ичимлик сувидаги нитратлар миқдори камайиб, ер ости суви ифлосланишининг олди олинади. Соя айнан тупроқ унумдорлигини ошириш қувватига эгалиги билан бошқа ўсимликлардан ажралиб туради. Далага такрорий экин сифатида уни жойлаштириш муҳим ҳисобланади.
Соя дони таркибидаги оқсил одам организмининг зарур аминокислотларга бўлган талабини қондиришда ҳам муҳим аҳа­миятга эга. Ҳиндистон, Хитой каби давлатларда дуккакли озиқ-овқат маҳсулотлари кўп истеъмол қилинади, чунки улар гўшт ўрнини боса олади. Масалан, соя донида 30-52 фоиз оқсил, 18-25 фоиз ёғ, 20 фоиз углеводлар бор.
Соянинг 1 озуқа бирлигида 300 граммгача ҳазм бўладиган протеин бор. Унинг донидан қандли диабет касалликлари учун парҳез таомлар тайёрланади. Сут, қатиқ, творог, колбаса маҳсулотлари, маргарин, ун, қандолат маҳсулотлари, мой, консервалар тайёрлашда фойдаланилади.
Юртимизда соя етиштириш, биринчидан, мамлакатимиз аҳолисининг ўсимлик ёғи ва оқсилга бўлган эҳтиёжини қондиришни, иккинчидан, дон етиштиришни кўпайтиришни, учинчидан, тупроқ унумдорлигини оширишни ҳамда чорвани озуқа билан таъминлаш масаласини, тўртинчидан, озиқ-овқат саноатини керакли хомашё билан таъминлашга ёрдам беради.
Соя Ўзбекистон учун янги ўсимлик ҳисобланади. Яқин йилларгача соя етиштиришга етарли эътибор берилмаган ва кенг майдонларда экилмаган. Ривожланишнинг бугунги тезкор босқичида, иқтисодий юксалиш даврида, саноат ривожланишининг бирламчилиги концепцияси сақланган ҳолда, аграр соҳада ҳам янгича тизимли ислоҳотлар ўтказиляпти. Сояни юртимизда етиштириш ғояси яқин келажакда ўзининг катта самарасини берадиган муҳим ислоҳот дас­турларидан биридир.

Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Самарқанд давлат
университети ректори,
профессор.