Қува хурмо ва бананлари

1_banan

Фарғона вилояти

Қува аноридек шуҳрат топади.

Қувалик Иномжон Буваназаров хонадонидаги 10 сотих томорқада иссиқхона ташкил этиб, лимон, апельсин, мандарин каби цитрус меваларни етиштирмоқда. Миришкор боғбон бу йил банан етиштиришни ҳам йўлга қўйди.

– Президентимиз ­Шавкат ­Мирзиёевнинг жойларда халқ билан мулоқотлари чоғида ёнғоқ, лимон экиш, унинг даромади ортида эл фаровонлиги борлиги хусусидаги фикрлари мени жуда ҳам руҳлантириб юборди, – дей­ди Иномжон Буваназаров. – Чамалаб кўриб, аввало, цитрус дарахт кўчатларини кўпайтиришга бел боғладим. Ҳар йили ўн минг тупгача цитрус мева кўчатлари тайёрлашим мумкин экан. Ҳозирча ўз томорқамда кўчат, иссиқхонада мевалар етиштиряп­ман. Келажакда бу ишни кенгайтиришни мақсад қилиб турибман.
Боғбон цитрус кўчатлар билан бирга ёнғоқ, хурмо кўчатларини кўпайтиришни режалаштирган. Шунинг­дек, у боғида араб хурмосини маҳаллий иқлимга мослаштириш бўйича ҳам иш бошлаган.
– Тажрибаларимиз дастлабки ижобий самарасини беряпти, – дейди у. – Кўчатларимиз баравж ривож­ланяпти. Бундан ташқари, серҳосил ёнғоқ нав­ларини пайвандлаш усулини омма­лаштиришни тажрибада синаб кўряп­ман. Ёнғоқни пайванд қилса бўлар экан ва ундан ҳозирги ёнғоқларга қараганда уч баравар кўп ҳосил олиш мумкин.
Қадимдан Қува туманида кўчатчилик, гулчилик, манзарали дарахтларни кўпайтириш анъанага айланиб қолган. Таърифи оламга кетган Қува анорларининг аъло навларини ҳам қуваликлар яратишган. Иномжон Буваназаров каби миришкорлар саъй-ҳаракати билан энди Қува хурмосию бананлари ҳам донг таратса, ажаб эмас.

Ҳамиджон БУРҲОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.