ЯНГИ МАРРАЛАРГА РУҲЛАНТИРГАН МУЛОҚОТЛАР

Сирдарё вилояти

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 17 май куни Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида айтган фикрлари, кўрсатган йўл-йўриқлари  сирдарёликларга катта шижоат бахш этди.

– Президентимизнинг фермер хўжалигимизда бўлиб, қимматли маслаҳатлар бергани бизнинг эл фаровонлиги йўлидаги ғайратимизни янада оширди, – дейди  Мирзаобод туманидаги “Абдуғани Турдибоевич” фермер хўжалиги раҳбари Ўктам Анорбоев. – Айниқса, у кишининг “Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантирмоқдамиз, одамлар такрорий экин экиб, қўшимча даромад топсин”, деган фикрлари дилимиздаги гап бўлди. Биз ҳам кўп тармоқли фермер хўжалигини ташкил этиш мақсадида хўжалигимизда пахта ва ғалладан ташқари, 3 гектар майдонда соя етиштиришни йўлга қўйганмиз. Президентимиз бу экинни етиштиришни кўпайтириш бўйича бизга қимматли маслаҳатларини бердилар. Насиб бўлса, уларга амал қилиб, хўжалигимиз иқтисодиётини юксалтирамиз.
– Президентимизнинг 2017 йил 30 мартдаги қарорига мувофиқ “Янгиер” кичик зонасини ташкил этилмоқда, – дейди “Янгиер” кичик саноат зонаси раҳбари Ҳусниддин Маннопов. –  Ҳудудда 2017-2018 йилларга мўлжалланган қиймати салкам 106 миллион АҚШ доллари бўлган 125 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда.  Тўқимачилик, чарм-пойабзал, кимё, озиқ-овқат, электротехника саноати, қурилиш материаллари, мева-сабзавотни қайта ишлаш ва бошқа йўналишларда юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқарила бошлайди, шунда бу ерда 3200 та янги иш ўрни яратилади.
Давлатимиз раҳбари мулоқот чоғида рақобатбардош маҳсулотлар турини кўпайтириш, хорижлик ишбилармонлар билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва эскпортни ривожлантириш бўйича тавсиялар бердилар. Давлатимиз раҳбарининг ташрифи ва халқ билан мулоқотидан бошимиз осмонга етди. Амалга оширилаётган ишларнинг барчаси – эл фаровонлигини оширишга хизмат қилиши, хусусан, Янгиернинг саноати, ишлаб чиқариши ривожланган, одамлар турмуши янада яхшиланган шаҳарга айланиши қалбимизга бир олам орзулар бахш этди.
– 2010 йилда Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Жанубий Мирзачўл канали ўтган ҳудудда сув омбори барпо этиш ишлари бошлаб юборилганди, – дейди “Гулистон” сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудида истиқомат қилаётган меҳнат фахрийси Нишонбой Одамбоев. – Сув омбори ёнида қуввати 15 мегаватт бўлган мини гидроэлектростанция иншооти қурилиши кўп йилдан бери ечилмай келаётган муаммоларимизни ҳал этади.   Яъни энди уйимизда доимий равишда электр токи бўлишини таъминлаш йўлидаги бу эзгу ҳаракат қалбимизни ҳам равшан этмоқда. Буларнинг барчаси Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида одамларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир.
– Давлатимиз раҳбари Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар билан жиҳозланган иссиқхонамизда бўлиб, бизга қимматли маслаҳат ва йўл-йўриқларини бердилар, – дейди Ховос туманидаги “Ҳожи Гадойбой ота” хусусий корхонаси раҳбари Собир Шокиров. – Уларда шундай маъно мужассам эди: халқ бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади. Президентимизнинг тадбиркорларга яратиб бераётган қулайлик ва имтиёзларидан, ҳатто корхонамизга келиб, биз билан мулоқот қилганларидан жуда миннатдормиз. Энди шу ишончга муносиб равишда меҳнат қиламиз.
Ҳа, Президентимизнинг Сирдарё вилоятига ташрифи ва одамлар билан мулоқоти чоғида билдирган фикрлари воҳа аҳлининг дилидаги мақсад ва эзгу интилишлари рўёби бўлди. Улар учрашув ва мулоқотларда билдирилган истак ва тавсиялардан руҳланиб, иқтисодиётни мустаҳкамлаш, эл фаровонлигини янада ошириш йўлида иштиёқ билан меҳнат қилмоқдалар.

Бозорбой БЕКМУРОДОВ,
 “Qishloq hayoti” мухбири.