Гидрогель – сувни тежашда ва ҳосилдорликни оширишда муҳим инновация

Наманган муҳандислик-технология институти профессор ва ўқитувчилари Тошкент кимё-технология илмий-текшириш институти ходимлари билан ҳамкорликда “Сув ресурсларини тежаш учун юқори бўкувчи гидрогель ишлаб чиқариш технологиясини татбиқ қилиш” мавзусидаги инновацион лойиҳа устида изланишлар олиб бориб, муайян натижаларни қўлга киритишмоқда.

Албатта, кўпчиликни, энг аввало, гидрогель нима, деган савол қизиқтириши та­биий. Гидрогель сувни ўзига ўта сингдирувчан, тупроқ таркибидаги намликни узоқ вақт сақлаб турувчи хусусиятга эга сунъий полимердир. У ўз оғирлигига нисбатан 250-400 мартагача кўп сувни ютади. Яна ҳам соддароқ тушунтирадиган бўлсак, 10 грамм полимер 2,5-4 литргача қор ва ёмғир ёки бўлмаса, суғориш сувларини ўзида узоқ сақлаб тура олиш хусусиятига эга.
Гидрогель ерга уруғ қадалаётганда бирваракайига 20-30 сантиметр чуқурликда солинади. Бир гектар майдонга 35-50 килограммгача сарфланганда яхши самара беради. Олимларнинг таъкид­лашларича, у дала шароитида 2-3 йилгача ўз хусусиятини йўқотмайди. Эскирган, ер остидаги гидрогелнинг парчаланишидан ҳосил бўлган қолдиқлар тупроқ инфратузилмасини буз­майди, азотли ўғит сифатида ўсимлик ва дарахтлар томирига сингиб кетади. Суғориладиган, кам сувли майдонларда барча турдаги экинларни, лалми майдонларда бошоқли дон етиштиришда, шунингдек, боғдорчилик, ўрмончиликни йўлга қўйишда, вилоят, туман, шаҳар, қишлоқ, маҳаллалар марказларида гузар, хиёбон, сайлгоҳ, гулзорлар ташкил этишда кенг кўламда фойдаланиш тавсия этилади.
Таркибида минерал ўғитлар, микроунсурлар ҳамда ўсимликларни бегона ўтлар ва турли касалликлардан ҳимояловчи воситалар билан тўйинтирилган гидрогель ўсимлик ва кўчатларнинг тезроқ униб, ривожланиши, ҳосилдорликнинг ошишига хизмат қилади. Агротехник тадбирлар тўғри ташкил этилганида табиий ҳолда сарфланаётган сувни 20-40 фоизгача тежаш имконини беради.
Буни институтнинг кимё-­технология кафедраси мудири, техника фанлари номзоди Дониёр Шерқўзиев ва шогирдлари Неъматжон Қурбонов, Солижон Зокировлар томонидан ўтган мавсумда Уйчи туманидаги “Аҳрор Аброр Анварбек” фермер хўжалиги далаларида ўтказилган синов-тажриба натижалари ҳам яққол исботлади. Энг аввало, дала четларидаги дўнгликларга экиладиган ошқовоқнинг ҳар бир тупига 6 граммдан гидрогель солиниб, 0,5 литр сув қуйилди. Пировард натижага кўра, бошқа сув сарфига йўл қўймаган ҳолда ошқовоқдан ҳар йилгидан икки баробар кўп ҳосил олинди.
– Фермер хўжалигимизда мутахассислар билан 2016 йилда “С 65-24” навли чигит экилган 1 гектар пахта майдонига 100 килограмм аммонийли селит­рага 60 килограмм гидрогель аралаштирилиб, махсус мосламада 20-30 сантиметр чуқурликда солинди, – дейди “Аҳрор Аброр Анварбек” фермер хўжалиги раҳбари Муҳаммадсидиқ Болтабоев. – Худди шунча гидрогель солинмаган ёнма-ён майдонда ҳам мавсум охиригача қиёсий кузатув ишлари мукаммал олиб борилди. Натижада гид­рогель солинмаган майдонда ғўзанинг бўйи ўртача 80 сантиметрни, чаноқлар сони 17 тани, илдиз тизимидаги ўзгаришлар 24-32 сантиметрни ташкил қилган бўлса, гидрогель солинган ерда ғўза бўйи 103 сантиметр, чаноқлар сони 43 та (гидрогель солинмаган ерга нисбатан 26 тага кўп), илдиз тизимидаги ўзгариш 37-46 сантиметрдан ҳам юқори бўлди. Гектарига 45-50 центнергача ҳосил олиш мумкинлиги ўз исботини топ­ди.
Энг муҳими, Наманган шаҳридаги “Inter-polimer” масъ­улияти чекланган жа­миятида тўлиқ маҳаллий ашёдан тайёрланадиган, чет элдан келтириладиган маҳсулотларнинг ўрнини боса оладиган, нархи арзон гид­рогель ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
– Яқинда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган X Иннова­цион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида ҳам ўз маҳсулотимиз билан қатнашиб, 30 дан ортиқ фермер хўжалиги, ташкилотлар ва хусусий фирмалар билан шартномалар тузишга муваффақ бўлдик, – дейди лойиҳа раҳбари Дониёр Шерқўзиев. – Харидорларнинг кўпчилигини обиҳаёт қадрига етиб, деҳқончилик қиладиганлар ташкил этмоқда.

Равшанбек МИРЗАОЛИМОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.