Паркент узумлари яна довруғ қозонажак

3_uzum

Тошкент вилояти

Маълумки, Паркент азалдан ўзининг мева-сабзавотлари, турли навли узумлари билан машҳур. Бу ерда боғдорчилик ҳадисини олган соҳибкорлар кўп. Таъбир жоиз бўлса, тумандаги ҳар бир оила зироатчиликнинг у ёки бу йўналишида муайян тажрибага эга.

Президентимиз ­Шавкат Мирзиёев сайловолди учрашувларида Тошкент вилояти бошқа кўплаб соҳалар қатори қишлоқ хўжалигида ҳам катта салоҳият ва кенг имкониятларга эга эканини алоҳида эътироф этганди.
Хусусан, воҳада мева-­сабзавот, узум ҳамда турли резаворлар ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, экспорт ҳажмини ошириш, шунингдек, чорвачиликни ривожлантириш бўйича туманлар кесимида истиқболли дастурлар ишлаб чиқиш, Паркент туманини мамлакатимизда узумчилик соҳасидаги намунали туманга айлантириш таклифи илгари сурилган эди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббусини қўллаб-қувватлаш мақсадида туманда амалий ишлар бошлаб юборилди. Ўтган даврда шу асосда 4 минг 582 гектар ер майдони аҳоли ва фермерларга бўлиб берилди. Бугун туманнинг қайси ҳудудига борманг,  ажратилган экин майдонларида амалга оширилаётган хайрли ишларнинг гувоҳи бўласиз. Баҳорнинг мўътадил ҳавосидан унумли фойдаланган соҳибкорлар қисқа вақт ичида 1 минг 50 гектар майдонда янги токзорлар барпо этиш ишларини ниҳоясига етказишди. Жорий йилнинг кузига бориб, яна 1 минг 800 гектар майдонга серҳосил узум кўчатлари ўтқазилиши кўзда тутилган. Ушбу жа­раён босқичма-босқич келгуси йилда ҳам давом эттирилиши режалаштирилган.
Бу саъй-ҳаракатлар натижасида 2018 йилнинг сўнгига қадар қарийб 10 мингга яқин янги иш ўрни яратилади. Ишлаб чиқилган дастурларга асосан янгидан бунёд этилган узумзорлар тўлиқ ҳосилга киргач, 34 минг кишининг бандлиги таъминланади. Бу олис қишлоқларда яшайдиган оилаларни иш билан таъминлаш имконини беради. Дастурда нафақат серҳосил узум боғларини яратиш, балки уларни қайта ишлаш, сақлаш ва экспорт қилиш масалалари ҳам эътиборга олинган. Бунинг учун  қиш­лоқларда узумчиликка ихтисослашган саноат корхоналари фаолия­тини ҳам йўлга қўйиш режалаштирилган.
Туманни ижтимоий-­иқтисодий ривожлантириш дас­тури бўйича жорий йил учун белгиланган 126 та лойиҳанинг ижроси доирасида яна кўплаб янги иш ўринлари яратиш масаласи алоҳида кўзда тутилганлиги ҳам аҳоли бандлигини таъминлаш борасида белгиланган тадбирларнинг изчил амалга оширилаётганини англатиб турибди.
– Оилада беш киши ишсиз эдик, – дейди заркентлик Зарифа Эсонова. – Давлатимиз раҳбарининг Паркентни узумчилик соҳасида намунали туманга айлантириш бўйича билдирган таклифлари асосида ишлаб чиқилган лойиҳалар ижроси доирасида 2 гектар экин майдонига эга бўлдик. Берилган ерга эрта баҳорда узумнинг “Ризамат”, “Қора ҳусайни” ва “Кишмиш” нав­лари қаламчаларидан ўтқаздик. Ток қатор ораларига турли сабзавот ва резаворлар экиб, парвариш қиляпмиз.
Бугун Зарифа каби узумчиликда оилавий соҳибкорликни йўлга қўйган боғбонларни туманнинг ҳар бир қишлоғида учратиш мумкин. Энг муҳими, уларнинг барчаси доимий иш ўрнига эга бўлиб, фаровон ҳаёт сари дадил интилмоқдалар.

Иброҳим ТОШЕВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.