Хизмат уйи маҳаллада

4_gulshan

Қашқадарё вилояти

Бу профилактика инспектори фаолиятининг самарадорлигини янада оширмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида жорий йилнинг февралида Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Қарши шаҳридаги “Гулшан” маҳалла фуқаролар йиғини идорасига ҳам ташриф буюрган эди. Бу ерда давлатимиз раҳбари маҳалла фаоллари билан суҳбатлашар экан, уларнинг самарали фаолият олиб боришлари учун шарт-шароитлар яратиш борасида тегишли кўрсатмалар берган эди.
– Президентимизнинг профилактика инспекторлари иши самарадорлигини ошириш борасидаги кўрсатмалари асосида ўзимга бириктирилган маъмурий ҳудуддан уч хонали хизмат уйи билан таъминландим, – дейди профилактика инс­пектори, капитан Миркомил Муродов. – Бу эса туну кун ҳудудимиз  аҳолиси билан доимий мулоқотни йўлга қўйишимга имкон яратди. Масалан, авваллари Косон туманидаги Хўжақўрғон қиш­лоғидан қатнаб, фаолият олиб борар эдим. Ҳозир уйим шу ерда, оила аъзоларим ёнимда. Бугунги кунда  маҳалла  аҳли бирор масалада ёрдам керак бўлса, хоҳлаган пайтларида келиб мурожаат этишлари мумкин. Бундан ташқари, маҳалла идорасида видеоконференц алоқа воситаси мавжуд. Бу менга тадбирларда, катта-кичик йиғилиш­ларда ўз хонамда туриб, иштирокчиларнинг суҳбатларини эшитиш имконини беради. Доимо маҳалла ҳудудидаман. Ҳудудимизга кириб келадиган  саккизта кўча чорраҳасига видеокузатув воситаси ўрнатилган. Бу хонада туриб, маҳаллага кириб келаётган машина ёки шахсларни доимий кузатиб боришга шароит яратмоқда.
Бугунги кунда мактаб ўқувчиларининг давомат масаласида ҳам бевосита маҳалла идораси билан биргаликда  назорат ишлари олиб борилмоқда. Бу масъулиятли вазифа вояга етмаганлар ҳамда ёшлар билан ишлаш хизмати инс­пектори, катта лейтенант Суҳроб Раҳмоновнинг зиммасидадир.
– Маҳалламиз ҳудудида жойлашган 21-умумтаълим мактабига “СМС-турникет” ўрнатилган, – дейди у.  – Ҳар бир ўқувчи мактабга кириши билан бу ҳақда хонамдаги компьютерга маълумот етиб келади. Агар бирор ўқувчи бесабаб дарсга келмаса, дарҳол маҳалла оқсоқоли профилактика инспектори ва маслаҳатчи билан биргаликда аввал мактабга, сўнгра ўша ўқувчининг уйига бориб, ҳолат юзасидан ойдинлик киритамиз. Фарзандларини асоссиз мактабга юбормаган ота-оналарга фаоллар билан бирга тушунтириш ишларини олиб борамиз.
Таъкидлаш жоизки, маҳаллада “Ҳар куни ўнта хонадон” тартибининг жорий қилингани нуронийлар ҳолидан хабар олиш, ёш авлод тарбиясидан тортиб, ўз ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришгача бўлган барча масалаларга масъулият билан ёндашишга туртки бермоқда. Бу эса ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини раиси, фаоллари, профилактика инспектори ва бош­қаларнинг халқ ичига кириб боришида, улар билан мулоқот давомида фаолликни оширади.
Бугунги кунга қадар вилоят ҳудудидаги тўртта маҳаллада профилактика инспектори замонавий хизмат уйи ҳамда самарали фаолияти учун муҳим бўлган шарт-шароитлар билан таъминланди. Бу Президентимизнинг профилактика инс­пекторлари маҳалла ҳудудида яшаши, маҳалла оқсоқоли билан биргаликда ҳар бир оиланинг ҳолидан хабардор бўлиши, ким нима иш билан машғул эканлигини билиш учун барча шарт-шароитлар яратиб берилиши лозимлиги ҳақидаги кўрсатмалари ўзининг тўлақонли ижросини топаётганидан далолатдир.

Ҳусан ТЕМИРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.