Мўйноқ саноат ва сайёҳлик марказига айлантирилади

Қорақалпоғистон Республикаси

Мўйноқ туманида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат солиқ бошқармаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Марказий банкнинг Қорақалпоғистон Республикаси бош бошқармаси ҳамкорлигида бизнес-форум ташкил этилди.

200 нафар тадбиркор иштирок этган мазкур тадбирда таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Оролбўйи аҳолиси турмуш шароитини яхшилаш, ҳудудда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Мўйноқ туманини 2017-2018 йилларда иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Туманнинг жўғрофий жойлашуви, табиий иқлим шароити, хомашё ҳамда меҳнат ресурслари, аҳолининг иш ўринларига бўлган талабини ҳисобга олган ҳолда шу даврда умумий қиймати 52,3 миллиард сўмлик, шу жумладан, 990 минг АҚШ доллари миқдорига тенг 72 та лойиҳани амалга ошириш назарда тутилмоқда.

Саноат соҳасида 28 та лойиҳани амалга ошириш натижасида 958 та янги иш ўрни, хизмат кўрсатиш, сервис ҳамда туризм соҳасида қарийб 30 та лойиҳани амалга ошириш билан 282 та янги иш ўрни, қишлоқ хўжалигида эса 16 та лойиҳани рўёбга чиқариш орқали 103 та янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Туманда рўйхатдан ўтган ҳамда ушбу ҳудудда фаолият олиб борадиган якка тадбиркорлар ягона солиқ тўловидан озод қилинган. Тижорат банкларига туманда амалга ошириладиган лойиҳалар учун Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизи миқдоридаги фоиз ставкасида кредитлар ажратиш тавсия этилган. Қорақалпоғис­тон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг туманда “Мўйноқ” кичик саноат зонасини тузиш тўғрисидаги таклифи маъқулланиб, шу мақсадда 20,5 гектар ер майдони ажратилди. Мазкур ишлаб чиқариш маконида электротехника, қурилиш материаллари, суғориш ускуналари, сув насослари, ҳисоблагич ва қувурлари, тайёр трикотаж, тикувчилик ва бошқа замонавий маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

Давуд АБИБУЛЛАЕВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.