Қалбларда мангу яшайди

Халқимизнинг севимли санъаткори, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ артисти Зикир Муҳаммаджонов тенгсиз истеъдоди, етук маҳорати орқали ўзбек театр ва кино санъатида ўзига хос из қолдирган. Халқимиз маънавиятини, маданиятини дунёга танитишга улкан ҳисса қўшган соддадил, камсуқум, камтарин инсонни замондошлари доимо ҳурмат билан эслашади.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ўтказилган Зикир Муҳаммаджонов ҳаёти, ижодий фаолиятидан ҳикоя қилувчи “Нурли мангулик” китоби тақдимотида ҳам улуғ санъаткорнинг бизга қолдириб кетган улкан маънавий мероси ҳақида сўз юритилиб, ёрқин хотираси ёдга олинди.
“Ўзбекистон” нашриёти томонидан “Ажойиб кишилар ҳаёти” рукнида чоп этилган ушбу китобдан юксак истеъдод соҳибининг ҳамкасблари, дўстлари, шогирдлари, шунингдек, фаолияти билан яхши таниш бўлган олиму ижодкорлар хотиралари ҳамда унга бағишланган ҳикоя ва шеърлар жой олган.
Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, санъаткорлар, ёзувчилар, шоирлар, драматурглар ва ёшлар иштирок этган мазкур тадбирда Ўзбекис­тон Фанлар академияси академиги Азиз Қаюмов, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур, таниқли шифокор, Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳолиджон Комилов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мақсадхон Юнусова, шоир ва драматург Ҳайдар Муҳаммад ва бошқалар таъкидлаганидек, ўзбек театр ва кино санъати тарихида Зикир Муҳаммаджонов ижоди, услуби ва овози алоҳида ўрин эгаллайди. Халқимиз қалбидан чуқур жой олган санъаткорнинг ўз касбига бўлган ихлоси ва садоқати, ибратли умр йўли бугунги ёшлар учун намунадир.
Тадбирда Зикир Муҳаммаджонов иштирокидаги фильмлардан парчалар намойиш этилди.

Суҳроб ЗИЁДУЛЛАЕВ