ФАОЛ ФАОЛИЯТ ВА ИШБИЛАРМОНЛИК ҚОБИЛИЯТИ

1_tashabbus

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида ўтказилаётган “Ташаббус – 2017”  кўрик-танловининг  мамлакат босқичи доирасида ўтказилган кўргазмада янада яққол намоён бўлди.

Мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти юксалишида йил сайин тараққий этиб бораётган хусусий секторнинг муносиб улуши бор. Биринчи Президентимиз Ислом ­Каримов раҳбарлигида мустақиллик йилларида ушбу соҳани қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсатнинг қанчалик тўғри ва оқилона эканлигига бугун барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Давлатимиз раҳбари Шавкат ­Мирзиёев Биринчи Президентимиз ғояларини изчил давом эттириш йўлида янги стратегик вазифаларни кун тартибига қўйди. Яъни, тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш ва қулайликлар яратиш борасида бир қатор қарор ва фармонлар қабул қилинди. Бу эса тадбиркору ишбилармонлар учун зарур шарт-шароитлар, янги имкониятлар эшигини очиб берди.
Йилдан-йилга кўлами кенгайиб бораётган “Ташаббус” кўрик-танлови ҳам  тадбиркорликни янада ривожлантириш, соҳа вакиллари эришаётган илғор ютуқларни тарғиб қилиш, ёшларда ишбилармонликка бўлган иштиёқни янада кучайтириш сингари кўплаб хайрли мақсадларни ўзида мужассамлаштирган.
Ушбу танловнинг жорий йилги ҳудудий босқичларида минглаб тадбиркор, фермер ва ҳунарманд­лар иштирок этиб, ниҳоят, муносиб, деб топилганлар “Ташаббус – 2017”нинг мамлакат босқичига етиб келишди.
“Туркистон” саройида Ўзбекис­тон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамда қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида ташкил этилган кўрик-танловда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан 14 та тадбиркор, яна шунча ҳунарманд ва 13 та фермер иштирок этди.

Уларга “Ташаббус – 2017” кўрик-танловининг ташкилий қўмитаси номзод дип­ломи, иштирокчи кўкрак нишони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак” номли китоби ҳамда совғалар топширди.
Мазкур танлов доирасидаги кўргазмада қишлоқ хўжалигининг сўнгги ютуқлари, саноат ва ҳунармандлик соҳасидаги муҳим янгиликлар, турли-туман ва ўзига хос ноёб ишланмалар, маҳсулотлар, миллий либослар, пишириқлар намойиши ўтказилди.
– Давлатимиз томонидан тадбиркорлик фаолияти кенг қўллаб-қувватланаётгани бизни янги марраларни забт этишга ундамоқда, – дейди Хонқа туманидаги МЧЖ шаклидаги “Feedgran” агросаноат комплекси раҳбари Рўзибой Бекметов. – Асосан паррандачилик билан шуғулланиб келардик. Ўтган йилда хориж технологияси асосида чорва моллари, парранда ва балиқлар учун омихта ем маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйгандик. Ем маҳсулотлари учун зарур хомашёни фермер ва деҳқонлардан сотиб олсак-да, бир қисмини ўзимиз етиштир­япмиз. Айни пайтда корхонамизда 50 киши меҳнат қилмоқда.  Ушбу кўргазмада 15 турдаги маҳсулотларни тақдим этдик. Кўпчилик қатнашчилар маҳсулотларимизга катта қизиқиш билдиришди.
Кўргазма павильонларини айланар эканмиз, улар орасида экспортга йўналтирилган маҳсулотларни ишлаб чиқараётган, иқтисодиётнинг турли йўналишида фаолият юритаётган тадбиркор фермерлар, ҳунармандлар кўпчиликни ташкил этишига яна бир бор амин бўлдик.
– Мазкур тадбирда экспортбоп мева-сабзавот маҳсулотлари билан иштирок этяпмиз, – дейди Китоб туманидаги “Вигит импекс” кўп тармоқли экспортга ихтисослашган фермер хўжалиги раҳбари Усмон Тошев. –  Эришаётган ютуқларимиз билан юртимиз иқтисодиёти юксалишига имкон қадар ҳисса қўшаётганимиз кишига куч-ғайрат бағишлайди. Хўжаликни 2011 йилда ташкил этгандик. Биринчи йилданоқ етиштирган маҳсулотларимизни экспорт қила бошладик. Дастлаб, бу борадаги кўрсаткичимиз 931 минг АҚШ долларидан кўпроқни ташкил этган бўлса, 2016 йилга келиб, 1 миллион АҚШ долларидан кўпроқ қийматдаги маҳсулотларни хорижий мамлакатларга чиқардик. 166 гектарлик майдоннинг 90 гектари узумзор бўлиб, бу ерда узумнинг маҳаллий “Ризамат”, “Қора кишмиш”, “Ҳусайни” ва “Тоифи” навлари парваришини йўлга қўйганмиз.
Фермер 76 гектарлик майдонда боғ ташкил этган. У ерда шафтоли, ўрик, гилос ва қароли каби сервитамин мевалар етиштириб келинмоқда. Полиз маҳсулотларидан қовун экспорти йўлга қўйилган. Ишнинг кўзини билган фермер боғ қатор ораларига помидор, бодринг ниҳолларини, картошка, пиёз каби сабзавотларни экиб, мўл ҳосил олиб келмоқда. 30 та доимий, 150 та мавсумий иш ўрни яратилган хўжаликда истиқболда мева қуритиш ва қадоқлаш ҳамда шарбат ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Ҳунармандларнинг ранг-баранг стендлари “Ташаббус – 2017” кўрик-танловига келганлар эътиборини тортди. Шойи матолар, сўзана ва кашталар, рўмоллар, сопол буюмлар, заргарлик безаклари ва бошқа маҳсулотлар халқимизнинг бой мероси, миллий санъатимиз ҳамда замонавий шарқ маданиятининг турфа рангларини ўзида акс эттирган.
– Кулолчиликнинг уй-рўзғорда ишлатиладиган идишлар, яъни пиёла, коса, лаган, кўза, офтоба, турли ўйинчоқлар каби буюмларини тайёрлаймиз, – дейди самарқандлик ҳунарманд Холмаҳмат Исматиллаев. – Бундан ташқари, Самарқанддаги тарихий миноралар ва мадрасалар учун кошин, турли нақшинкор безак ва миниатюраларни яратишда ҳам бизнинг ижодий санъатимиздан фойдаланиб келинади. Бирор кулолчилик буюмини тайёрлашга 2-3 кун, баъзан 20 кунгача вақт талаб этилади. Чунки тайёрланаётган лой ҳам етарли миқдорда туз ва минералларга бой бўлиши лозим. Шунда яратган маҳсулотингиз сифатли ва юқори ҳароратга чидамли бўлади. Ушбу кўргазмада сопол буюмлар, офтоба ва шамдонлар, турли нақш ва шакл билан безатилган  кўзалар билан иштирок этдик. Маҳсулотларимиз кўпчиликнинг, айниқса, ёшларнинг эътиборини тортгани бизни янада руҳлантирди.
Шунингдек, қадимги каштачилик анъналарини ўзлаштириб, янгича услуб ва дизайн асосида бойитиб келаётган бухоролик ҳунарманд Аҳмад Арабовнинг шогирдлари билан тайёрлаган каштачилик йўналишидаги маҳсулотлари ҳамда сирдарёлик Мўътабар Андаева томонидан яратилган аёллар миллий либослари ва болалар кийим-кечаклари кўргазма иштирокчиларининг диққат марказида бўлди.
Жорий йил ҳам анъанага мувофиқ, танловнинг мамлакат босқичи номзодлари учта асосий – “Энг яхши тадбиркор”, “Энг яхши фермер”, “Энг яхши ҳунарманд” йўналишида ўзаро беллашди. “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори”, “Энг яхши тадбиркор аёл”, “Энг яхши инновацион лойиҳа”, “Энг масъулиятли ижтимоий шерик”, “Йилнинг энг яхши озиқ-овқат саноати тадбиркори” каби қўшимча номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланади.
Бундан ташқари, бу йилги танловда Ҳаракатлар стратегиясида кўрсатилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзининг савдо белгиларини йўналтириш ва янги бозорларни эгаллаганлик учун”, “Республика ички бозорларида талаб бўлган янги турдаги истеъмол маҳсулотларини ишлаб чиққанлик учун” номинациялари ҳам ташкил этилди.
Мазкур кўргазма кеча якунланди. 22 май куни эса “Туркистон” саройида “Ташаббус – 2017” кўрик-танлови ғолиб ва совриндорлари номлари эълон қилиниб, уларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.

Озод ОЧИЛОВ,
Баҳодир ҲАЛИМОВ,
“Qishloq hayoti” мухбирлари.