Навоий кон-металлургия комбинати: Яқин истиқболда 31 мингта янги иш ўрни яратилади

Миллий матбуот марказида Навоий кон-металлургия комбинати томонидан қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга оид истиқболли лойиҳаларни амалиётга татбиқ этишга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан металлургия саноатини ривожлантириш учун кўплаб истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилмоқда. Давлатимиз раҳбари Навоий вилоятига ташрифи чоғида Ауминзо-­Амантой олтин конлари негизида Навоий кон-металлургия комбинатининг 5-гидрометаллургия заводи қурилишига тамал тошини қўйганди. Янги гидрометаллургия заводи улкан иқтисодий-ижтимоий аҳамият касб этишини, айнан ушбу кунни мамлакатимиз солномасига зарҳал ҳарфлар билан ёзиладиган тарихий саналардан бўлиб қолишини алоҳида таъкидлаб ўтганди.
– Комбинатимизни ривожлантиришнинг йирик инвестицион дастурлари инсонлар манфаатига хизмат қилиб, уларнинг фаровон ҳаёт кечиришлари учун муносиб шароит яратиб беради, – дейди Навоий кон-металлургия комбинати бош директори ўринбосари Нурмат Жўлибеков. – Хусусан, 2017-2026 йилларда 3 миллиард 63 миллион АҚШ долларилик 27 та лойиҳанинг рўёбга чиқарилиши натижасида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳаж­ми 30 фоизга ошиб, қарийб 31 мингта янги иш ўринлари барпо этилишига эришилади.
Тизимда электр энергиясига талаб юқори. Шу боис, кўпгина лойи­ҳалар электр энергиясини тежаш ва ундан оқилона фойдаланишга қаратилмоқда. Мазкур истиқболли лойи­ҳаларни амалга ошириш учун бир қатор йирик хорижий компания­лар ва соҳада етакчи институтлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Жумладан, Ауминзо-Амантой конларини ўзлаштиришда ва 5-гидрометаллургия заводини қуришда энергия самарадорлиги юқори бўлган мақбул технологияларни танлаш учун Россия­нинг “ИВС” компанияси жалб этилди. Айни пайтда тажриба-синов ишлари тугалланиб, технологик регламент ва лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилди. Шунингдек, ушбу мамлакатнинг “Иргиредмет” институти билан ҳамкорликда техноген чиқиндиларни қайта ишлаш мажмуасини қуриш лойиҳаси бўйича оптимал технологияни танлаш учун таж­риба-синов ишлари ва технологик рег­ламенти ниҳоя­сига етказилди. Ҳозирда лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳа якунида йилига 15 миллион тонна чиқиндини қайта ишлаш қувватига эга бўлган улкан саноат маж­муаси яратилади.
Захираси бўйича дунёда йирик ҳисобланган Мурунтов олтин конини ўзлаштиришнинг 5-босқичи муҳим лойи­ҳалардан бири ҳисобланади. Бунинг учун Россиянинг “ВНИПИпромтехнология” инс­титути олимлари жалб этилди ва конни ўзлаштиришнинг 5-босқич концепцияси ишлаб чиқилди. Шунингдек, Американинг “Интегро групп” компанияси томонидан олтин захираларини ҳисоб-китоб қилиш учун карьернинг янги геологик-математик модели яратилди. Ушбу моделнинг ишлаб чиқилиши туфайли 2130 йилгача олтин рудаси қазиб олиш имконияти мавжудлигини кўрсатиб бермоқда.
Комбинат томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар респуб­ликамиз саноати ва иқтисодиёти, умуман олганда, аҳоли ижтимоий ҳаётида муҳим аҳа­мият касб этади. Ҳозирга қадар комбинат таркибида 4 та гидрометаллургия заводи мавжуд бўлган бўлса, ҳаётбахш дастурлар амалга оширилиши натижасида қўшимча 5- ва 6-гидрометаллургия заводлари қурилади.
Жумладан, 5-гидрометаллургия заводи ишга туширилиши натижасида йилига 5 миллион тонна руда қайта ишланади. Шунингдек, Нурота туманидаги Пистали конининг ўзлаштирилиши ва унинг негизида 6-гидрометаллургия заводининг қурилиши самарасида 3 миллион тонна руда қайта ишланиши кўзда тутилган.
Комбинат томонидан инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш билан бир қаторда, ушбу лойиҳалар доирасида ишга тушириладиган янги қувватларни мутахассис кадрлар билан таъминлаш учун Навоий давлат кончилик институти ва бир қатор олий таълим муассасалари билан амалий ишлар ҳам олиб борилмоқда.

Озод ОЧИЛОВ,
 “Qishloq hayoti” мухбири.