«Зар тола»дан ипак кийимлар экспортигача

Қашқадарё вилояти
Президентимизнинг “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этишга оид қарори пиллачилик соҳасида чуқур қайта ишлашнинг самарали усулларини кенг жорий этиш, ипакдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, соҳанинг экспорт салоҳиятини юксалтиришда муҳим дастуриламал вазифасини ўтамоқда.

– Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори асосида янги ташкилотнинг тузилмасини шакллантиряпмиз, – дейди вилоят “Агропилла” масъулияти чекланган жамия­ти раҳбари Баҳодир Абдураимов. – Қарорда белгилаб қўйилган ва кечиктириб бўлмайдиган вазифалар ижросини таъминлаш борасида чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Хусусан, айни пайтда вилоятдаги 12 минг 960 та фермер хўжалиги таркибида 50 мингдан ортиқ ички звено мавжуд. Уларга 50 минг 700 қути ипак қурт уруғи тарқатилди. Шунинг 28 минг 20 қутиси хориждан келтирилган. Бундан ташқари, 6 мил­лиард 321 миллион сўм бўнак маб­лағлари ҳам берилди. Сирасини айтганда, фаолиятимизни янада такомиллаштириш орқали кўзланган мақсадга, албатта, эришамиз.
Вилоятда бўлган Хитойнинг “Хуашен” компания­си вакили Су Юн юртимизда пиллачиликка бўлган эътибордан мамнун эканлигини билдирди.
– Мамлакатингизда хорижлик ҳамкорлар учун етарли шарт-шароитлар яратилган, – дейди у. – Биз ҳам ана шу имкониятдан фойдаланиб, “Радион силк” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси қошида тўқимачилик корхонасини очмоқчимиз. Бу ердаги шарт-шароитлар бизга маъқул келди.
“Радион силк” Ўзбекис­тон – Хитой қўшма корхонаси 2012 йилда ташкил этилган бўлиб, кейинги пайт­ларда хомашё тақчиллиги туфайли фаолиятида бироз сусткашлик кузатилганди. Давлатимиз раҳбарининг қароридан руҳланган жамоа айни пайтда эртанги кунга ишонч билан меҳнат қилмоқда.
– Президентимизнинг ушбу қарори зиммамизга янада улкан масъулият юкламоқда, – дейди қўшма корхона бош директори Бешим Тиловов. – Энг аввало, ҳар бир ҳудуд талабига жавоб берадиган уруғ яратишимиз лозим. Мавжуд тутзорларни қайта реконструкция қилиб, бир йилда 2-3 марта ипак қурти боқишга эришиш керак. Бундан ташқари, тут қатор ораларига мош, ловия экиб, экспорт имкониятларини излаш талаб этилади.
Ипак қурти боқиш учун махсус хоналар барпо этилиб, 1-3 ёшгача улар шу ерда парваришланади.
Шундан сўнг тутзорлар олдида қурилган биноларга тарқатилади. Бунинг учун мутахассислар малакасини ошириш лозим. Асосий мақсадимиз ҳосилдорликни 55-60 килограммга етказиб, пировардида, вилоятда йилига 3-3,5 минг тонна хом­ашё тайёрлашдир. Шунинг­дек, хомашёни қайта ишлаш саноатига асос солинади. Биринчи босқичда ипак толасини ишлаб чиқариш эвазига 200 та иш ўрни яратилади. 1,5 миллион АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинади. Кейинчалик бу кўрсаткични беш миллион АҚШ долларига етказиш кўзда тутилган.
Иккинчи босқичда эса қайта ишлаш орқали ипак мато, тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади. Тикувчилик цехининг ташкил этиш ҳисобига қўшимча юзта иш ўрни юзага келади. Бу борада 2023 йилгача барча солиқ, божхона декларациясидан озод қилинганимиз қўл келади, албатта. Ҳар бир звенога бир йиллик меҳнат стажи берилиши ҳам қувонарли ҳолдир.
Ҳа, бундай кенг имконият­лар соҳа равнақига хизмат қилади. Шаҳрисабз­даги ипак қурти уруғи очириш заводини эътиборга оладиган бўлсак, бу ерда вилоят учун етарли даражада қурт уруғи етказиб бериш имкони мавжуд эмас. Келажакда яна битта ана шундай замонавий корхонани барпо этиш орқали бу борадаги таъминотни яхшилаш билан бирга, хорижга ипак қурти уруғи экспорти йўлга қўйилади.
Айни пайтда вилоят бўйи­ча 8 минг 841 гектар тутзорлар мавжуд. Улар “Радион силк” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси тасарруфига ўтади. Натижада тутзорлар реконс­трукция қилиниши билан бирга, алоҳида ер ажратилиб, тут кўчатлари экилади.
– Жамоамизда 77 нафар ишчи меҳнат қилади, – дей­ди Бешим Тиловов. – Жорий йилнинг 15 июнидан 4 та линия­дан иборат цехимизда иш бошлаб юборилади. Иш икки нав­батда ташкил этилади. Ҳудудда етиштириладиган қарийб 3 минг тонна ҳосилни қайта ишлаб, ип-калава ҳолида истеъмолчиларга етказиб берамиз. Ўтган 2016 йилда 177 минг АҚШ долларилик экспорт имкониятига эришган бўлсак, 2017 йилда бу рақам 1 миллион 200 минг АҚШ долларига етади.
2018 йилдан ипак матолар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Сўнг­ги босқичда ипакдан тайёр маҳсулот – кўйлак, чойшаб, ички кийим-кечак­лар тайёрлаш ўзлаштирилади.

Ҳусан ТЕМИРОВ,                                 
“Qishloq hayoti” мухбири.