ПИЛЛАЧИЛИКДА КЛАСТЕР ЛОЙИҲАСИ

3_klaster

Бухоро вилояти

Бугунги тараққиёт даври ва бозор иқтисодиёти шароити ишлаб чиқарувчилардан ақл-заковат билан, узоқни кўзлаб тузилган аниқ ва пухта режалар асосида фаолият юритишни талаб этяпти.

Президентимиз Бухоро вилоя­тига ташрифи чоғида, воҳада фао­лият олиб бораётган  пиллани қайта ишлашга ихтисос­лашган “Bukhara brilliant silk” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасида бўлиб, бу ерда кластер лойиҳасини ишлаб чиқариш жараёнига татбиқ қилиш учун етарли шарт-шароит мавжудлигини таъкидлаганди ва ушбу лойиҳани амалда қўллаш бўйича зарур кўрсатмалар берган эди.
– Корхонамиз 2001 йилдан буён фаолият кўрсатмоқда, – дей­ди қўшма корхона раҳбари ўринбосари Муртазо Қодиров. – Ўтган даврда хорижлик ҳамкорларимиз билан бу ерда қайта ишланаётган пилла  хомашёсидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида ипак матоларини тайёрлаш, охорлаш ва бўяш цехларини ташкил этдик. Аммо хомашё тақчиллиги сабабли йилига 900 тонна пиллани қайта ишлаш қувватига эга корхонамизда бор-йўғи 300 тонна хомашё қабул қилинарди. Шу боис, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоят­ларида ҳам пиллани бирламчи қайта ишлаш цехлари фаолиятини йўлга қўйишга тўғри келди. Президентимизнинг пиллачилик соҳасини ривожлантиришга қаратган эътибори кўнглимиздаги иш бўлди.
Шу ўринда кластер лойиҳаси хусусида бироз тўхталиб ўтишга тўғри келади. Бу  фан ва  замонавий ишлаб чиқариш жараёнининг ўзаро боғлиқ маж­муи бўлиб, тўрт босқични ўзида бирлаштирган яхлит тизимдир. Унинг биринчи босқичида саноат­боп хомашё етиштирилади ва йиғиштириб олинади. Иккинчи босқичдаги қайта ишлаш жараёнида бирламчи хомашё тайёрланади. Учинчи босқичдаги чуқур қайта ишлаш асносида бирламчи хомашё тайёр маҳсулотга айлантирилади. Тўртинчи босқичда эса ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўлган иккиламчи хомашёдан янги тармоқларда фойдаланилади.
Айнан ушбу лойиҳани пиллани қайта ишлаш саноатига бевосита жорий этиш орқали юқори самарадорликка эришиш мумкин. Бунда ипак қурти учун зарур бўладиган озуқа базасини яратиш, уни жонлантириш, боқиш, ҳосилни йиғиштириб олиш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш яхлит бир тизимга бирлаштирилади. Бу жараёнда ҳосил бўладиган иккиламчи маҳсулот, яъни ипак қурти ғумбаги ҳисобига қўшимча тармоқлар – паррандачилик ва балиқчиликни йўлга қўйиш мумкин. Ипак қурти ғумбаги бу тармоқлар учун энг зарур ва юқори калорияли озуқа ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбарининг ташрифидан сўнг “Bukhara brilliant silk” қўшма корхонаси томонидан 2017 – 2021 йилларга мўлжалланган ва аниқ мақсадларга йўналтирилган ҳаракат дастури ишлаб чиқилди. Унга кўра, вилоятнинг Пешку, Ғиждувон ва Шофиркон туманларида 1500 гектар майдонда Хитой технологияси асосида тутзорлар ва ҳар 5 гектарлик тутзор қошида 1 тадан 300 та қуртхона барпо этиш, тут плантациялари қатор орасида сабзавот, полиз ва чорва моллари озуқаси экинлари етиштириш, тут новдаларини қайта ишлаб, мебель жиҳозлари тайёрлаш кўзда тутилган. Шунингдек, корхона қошида пиллани қайта ишлаш, газлама ишлаб чиқариш, тикувчилик фабрикалари фаолиятини йўлга қўйиш, 2019 йилда эса Ғиждувон туманида жунни қайта ишлаб, ип-калава ва мато тўқиш, Шофиркон туманида парранда патини қайта ишлаш, Пешку туманида терини қайта ишлаш цехларини ташкил этиш режалаштирилган.
Шу ўринда дастурда белгиланган лойиҳалардан бири – пиллачиликни ривожлантириш борасидаги  рақамларга эътибор қаратамиз. Лойиҳанинг умумий қиймати 15 миллион АҚШ долларига тенг. У амалга  ошгач, йилига 1600 тонна хом пилла тайёрлаш ва уни қайта ишлаш имконияти туғилади. Шунча миқдордаги хомашёдан 1350 минг пагон метр ипак мато ишлаб чиқарилади. 2500 та янги иш ўрни яратилади. Жами экспорт ҳажми ипак маҳсулотлари ҳисобидан 14,5 миллион, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳиссасидан 3 миллион АҚШ долларига етказилади.
Корхона фаолияти билан танишганимизда, кўзланган мақсадлар сари дадил қадамлар қў­йилганига гувоҳ бўлдик. Бу ерда Марғилон шаҳрида жойлашган Республика табиий толалар илмий-тадқиқот институти ҳамда Тошкент тўқимачилик енгил саноат институти олимлари билан илмий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Корхона ускуналарини техник ва технологик жиҳатдан модернизация қилиш мақсадида салкам 5 миллион АҚШ доллари эвазига етакчи хорижий давлатлардан замонавий дастгоҳлар келтириб ўрнатилган. Айни кунда корхонадаги тикув цехида шу ерда ишлаб чиқарилаётган ипак атлас крепдишен, креп шифон, муслин, креп жаржет каби ўнга яқин матолардан бежирим устки ва бош кийимлари тайёрланмоқда.
Мухтасар айтадиган бўлсак, ишлаб чиқаришга иқтисодий жиҳатдан самарали ва бугунги кун талабига жавоб берадиган усуллар билан ёндашиш амалда салмоқли натижаларга олиб келиши шубҳасиз. Бу аниқ рақамларда ҳам ўз исботини топган.

Ҳамроз АЛИ,
“Qishloq hayoti” мухбири.