Навоий шарафи яшар муқаддас!

4_02

Навоий вилояти

 

Рўёбга чиққан орзу
Ривоят қилишларича, Самарқандда таҳсил олиш учун Ҳиротдан карвон билан йўлга чиққан навқирон Алишер машаққатли сафар давомида қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган саҳро – Қизилқумдан ўтар экан, у ерлар пайти келиб обод шаҳару қишлоқларга, боғу роғларга айланишини орзу қилган экан. Буюк шоир ва мутафаккирнинг:
“Боғи жаннатдек фазосидур васеъ
Ўртада қасри биноси бас рафеъ”
сингари байтлари илк бор эзгу умидларига уйғун ўлароқ унинг хаёлида айнан ўша дамларда туғилган бўлса, ажабмас.
Бугун унинг табаррук номи билан аталувчи вилоятга ташриф буюрган киши Мир Алишер ҳазратларининг шоён нияти Мустақиллик шарофати ила тўлақонли рўёбга чиққанига гувоҳ бўлади. Мамлакатимиздаги ёш жиҳатдан энг навқирон, ҳудуди юзасидан энг катта, бағридаги бебаҳо маъданлари жиҳатидан тенгсиз ушбу музофот таърифу таҳсинини келтирмоқ учун Ҳазрати Навоийники сингари қудратли қалам керак.
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу вилоят сайловчилари вакиллари билан учрашувда: “Азим Зарафшон воҳасида, беҳисоб табиий бойликлар макони бўлган Қизилқум минтақасида жойлашган Навоий вилояти, агар таъбир жоиз бўлса, мамлакатимизнинг дуру жавоҳир хазинасидир”, дея таърифлагани айни ҳақиқат ифодаси. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бу заминда машҳур Менделеев жадвалидаги юздан зиёд модда – олтин, кумуш, уран, газ, нефть каби бебаҳо неъматлар ва бошқа ноёб минераллар бисёр. Олтину кумуши, уранию мармари, бетак­рор қоракўл терилари дунёга машҳур. Шу боисдан ҳам вилоятдаги саноат гигантлари – Навоий кон-металлургия комбинати, азот ва цемент заводлари, бош­қа корхоналар, деҳқончилик ҳамда чорвачиликка ихтисос­лашган ширкату фермер хўжаликлари жамоалари қалбда ғурур билан фидокорона меҳнат қилмоқдалар. Шу боисдан ҳам, истиқлол йилларида жаҳоннинг мана-мен, деган корчалон тадбиркорлари бу ерга интилишмоқда. Улар маҳаллий аҳоли орасидан етишиб чиққан истеъдодли ва ғайрат-шижоатли ишбилармонлар билан биргаликда эркин иқтисодий ҳудудда кўплаб қўшма корхоналар бунёд этишиб, мамлакатимиз саноати қудратини ошириш, дурдоналар хазинаси салмоғини янада юксалтириш йўлида ҳамжиҳат тер тўкишмоқда. Энг муҳими, ушбу хазина дурдоналари обод Ватанимиз тараққиётига, халқимиз фаровонлигига хизмат қилмоқда.

Саодат манзилига элтувчи йўллар
Мамлакатимизда юксак масъ­улият, ижтимоий фаоллик руҳида давом этаётган Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” шиори остидаги маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этиш учун пойтахтдан ушбу музофотга ташриф буюрган бир гуруҳ ижодкорлар, маданият ва санъат ходимлари дастлабки дақиқалардан ажиб бир манзара, сафарбар бир ҳолнинг гувоҳи бўлдилар.
Аввало, бу вилоятнинг умумий узунлиги салкам 5 минг километрни ташкил этувчи йўлларида ҳаракат нақадар тирбанд ва серқатнов эканлиги кишини ҳайратга солади. Қаерда бўлмайлик, Мурунтов конларидами, Конимеху Томди чўллари ёки Нурота яйловларидами, Хатирчининг машҳур Учқора кишмиши етиштирилувчи Оқтов ёнбағирларидами, текис ва равон йўллар бўйлаб юзлаб, минг­лаб, эҳтимоли ундан-да кўп турли-туман автолар: ғилдирагининг ўзиёқ одамнинг бўйидан баланд улкан БелАЗлардан тортиб, ўзимизнинг қуд­ратли МАН ёки чаққон ИСУЗИлар нодиру қимматбаҳо, халқ хўжалиги, иқтисодиётимиз учун беқиёс аҳамиятга эга юкларни ортиб, тезкор ғизиллаётганини кўрдик. Ва анг­ладикки, бу шитоб вилоят халқ хўжалиги ва маданий-маърифий ҳаётининг барча жабҳаларидаги иш суръатини, тадбиркорлик, ҳунармандлик ҳамда бошқа соҳаларнинг маҳобатли шаҳду шижоатини ёрқин акс эттиради. Чунончи, Қизилтепада бўлганимизда туман марказидан бош­лаб, энг чеккадаги қишлоқларгача тадбиркорлик соҳасидаги ҳайратланарли бир ишчанликни, кўтаринкиликни кузатиб ҳаяжон ва ҳавас оғушида қолдик.
Туманда анчайин катта ёғ заводи ишлаб турибди, яқин орада мингта иш ўрнига эга бўлган тўқимачилик корхонаси ишга туширилиши кутилаётир. Бундан ташқари, кичик ва ўрта бизнесга қаратилган беҳисоб корхонаю фирмалар ишламоқда.
– Қизилтепаликлар мўлжални баланд ва кенг олишга одатланишган, – деди ўзини Музаффар деб таништирган тадбиркор йигит. – Ишонмасангиз, ана қурган иморатларимизни кўринг.
Дарҳақиқат, туман марказидаги жаҳон меъморчилик санъатининг ўзига хос услубларини акс эттирган савдо мажмуалари бинолари, муҳташамлилиги билан пойтахтдаги мана-мен, деган кошоналардан қолишмайдиган, бағоят дид билан нақшу нигорланган тўйхоналарни кўриб, “қойил” демасликни иложи йўқ. Тумандаги қатор мактаб ва коллежларда, пировардида, ёшлар маданият саройида бўлган учрашув ва мулоқотлар чоғида мана шу бунёдкоркорлик кайфияти замирида туман аҳли, айниқса, ёшлар бугун мамлакатимизда вужудга келган фаол­лик, ташаббускорлик ва фидокорликнинг янги тўлқинини, мамлакатимиз раҳбари томонидан буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз, дея улуғ ният ила илгари сурилган оташин даъватни зўр кўтаринкилик, комил ишонч ҳамда сафарбарлик ила кутиб олганликлари ётганини яққол англадик.
Эътиборли жиҳати шундаки, нафақат қизилтепаликлар, балки вилоятнинг барча каттаю кичик шаҳар ва қишлоқлари аҳли республикамиз бўйлаб тобора кенг қулоч ёзаётган оилавий тадбиркорликнинг рўзғорга барака киритиш билан биргаликда, Ватанимиз иқтисодий қуд­ратини янада юксалтиришда муҳим аҳамият касб этишини юракдан англаб, катта иштиёқ билан ишга киришишган. Қайси ҳовлига қадам қўйманг, кимнинг томорқаси ёки қўра-қўтонини кўздан кечирманг, эртанги тўкинлик ва файзу баракотнинг мус­таҳкам асоси яратилаётганига қаноат ҳосил қиласиз.

Бир коллеждан саккиз чемпион
Навоий шаҳридаги олимпия захиралари коллежидаги жонли мулоқот наинки ушбу даргоҳ толиблари, балки пойтахтлик меҳмонлар хотирасида ҳам умрбод сақланиб қолади, десак муболаға бўлмас.
Ушбу коллежда таҳсил олувчи ёшлардан саккиз нафари таэквандо ва спортнинг бошқа турлари бўйича Осиё чемпиони, деган шарафли номга сазовор бўлибди. Улар билан учрашиш, суҳбатлашиш, фахру ғурурларига шерик бўлиш одамга юксак қувонч, сурур бағишлайди. Албатта, бугунги кунда жонажон Ўзбекистонимизни ҳақли равишда чемпионлар Ватани, де­йишга етарлича асосларимиз бор. Бироқ пойтахт­дан ярим минг километр наридаги биргина коллежда бирваракайига саккиз чемпион етишиб чиқиши алоҳида фахр-ифтихорга арзигулик воқеа, десак нокамтарликка йўймассиз.
– Шогирдларимиз энди жаҳон ареналарини забт этишга шайланишяпти, – дейди коллеж директори Бекназар Қурбонов. – Насиб бўлса, бу ниятимизга ҳам эришамиз…
Чемпионлар устозининг нияти ижобат бўлишини самимий тилаган ҳолда дунё подиумларини, яъни энг сўнги русумдаги либослар намойиш этиладиган саҳналарни забт этишни қалбига туйган яна бир оловқалб ўсмирнинг шаҳду иродаси хусусида тўхталиб ўтишни истардик. Нурота туманининг Қоратов этак­лари сари чўзилган даштидаги Папанай қишлоғида жойлашган маиший хизмат коллежи ўқувчилари билан ўтказилган учрашувда ўртага: “Ким бўлмоқчисизлар, олдингизга қандай мақсад-марраларни қўйгансиз?”, деган савол ташланди. Шунда бичиқчи-дизайнерлик ихтисосини эгаллаётган қизлардан бири қўл кўтариб, сўз сўради:
– Мен жаҳонга довруғи кетган Жоржио Армани, Пъер Карден, Кристиан Диор сингари модельер-дизайнерлар каби дунёга танилишни истайман, – деди у ва сўзини Алишер Навоийнинг
“Камол эт касбким, олам уйидан,
Сенга фарз ўлмағай ғамнок чиқмоқ,
Жаҳондин нотамом ўтмак биайниҳ,
Эрур ҳаммомдин нопок чиқмоқ”,
деган ибрат ва ҳикматга тўла сатрлари билан якунлади. Бундай азму жазм, бундай шаҳду қатъият ва зеҳну тийнат қошида ҳавасу ҳайратга тушмаслик, қувонмаслигу фахрланмаслик мумкинми?
Дарвоқе, вилоятнинг қайси бир таълим даргоҳида бўлмайлик, толибу талабалар Алишер Навоий ҳазратлари ижодини нақадар кенг ва теран ўрганаётганларидан такрор-такрор суюндик, ҳавас қилдик. Чунончи, Хатирчи туманининг Навандак қишлоғидаги 41-мактабда бўлган учрашув чоғида: “Ким Алишер Навоий ғазал ва рубоийларини ёддан ўқиб беради?” деган саволга зални тўлдириб ўтирган йигит-қизларнинг деярли барчаси қўл кўтарганини ва улар орасида бошланғич босқич ўқувчилари ҳам борлиги бениҳоя ҳайратли ва ғурурли эди.
Ғуруримиз боиси шуки, Навоийни теран билган, унинг юртсеварлик, элпарварлик ғояларини дилига жо қилган авлод ижоду бунёдкорлик бобида буюк ишларга қодирдир.
Нуротанинг энг чекка қиш­лоқларидан бири Қадоқ аҳли билан сўлим боғ қўйнидаги назм ва наво кечаси, Хатирчидаги агросервис коллежи, қатор мактаб­ларнинг ўқувчи-ёшлари билан ўзаро қизғин савол-жавоблар, Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари ва ҳарбий қисмлардаги ватанпарварлик мавзусидаги шеърхонлик ҳамда завқли концертларда вилоят аҳли, айниқса, ёшлари қалбида она юрт бугуни ва эртанги куни учун уйғоқ ва залворли масъулият ҳисси жўш ураётганлигига такрор-­такрор амин бўлдик.
Аскар йигитлар даврасида айтилган Ҳамид Олимжоннинг мана бу ўтли мисралари барчанинг қалбида акс-садо берди:
Ҳар айтганинг буюк жангнома,
Қайга десанг қайтмай кетурман,
Кўзларимни юммасман асло,
Дарё каби уйғоқ ўтурман!
Серзавқу серҳаяжон тадбирлар Навоий шаҳридаги муҳташам “Ёшлик” спорт мажмуасида уюштирилган гала концерт билан якунланди. Вилоятнинг барча шаҳар ва қишлоқларидан келган ёшлар – навқирон тадбиркору ҳунармандлар, муҳандису чорвадорлар, механизаторлару боғбонлар, талабаю ўқувчилар, таниқли хонандалар билан жўр овоз бўлиб, она юртни тараннум этувчи, шу азиз Ватанга, жонажон элу халққа чексиз муҳаббат ва садоқат руҳидаги қўшиқларни куйладилар, шеърлар ўқидилар, рақсларга тушиб, юракдан яйрадилар.

Ҳабиб ТЕМИРОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.