Ёлғонлар гирдобида

8_01

Биринчи ҳикоя
Боғчада…
Санобар бугун ҳам ишга кеч қолаётганидан асабийлашди. Сабаби, у ишга кирганига эндигина икки ой бўлганига қарамай бир неча маротаба бошлиқдан гап эшитиб, тушунтириш хати ёзишгача “улгурган” эди. Аксига олиб ўғли Азиз ҳам боғчага боришни хоҳламай хархаша қила бошлади. Аёл ўғлини мажбурлаб боғчасига олиб боролмаслигини фаҳмлаб, уни алдаш йўлига ўтди.
– Азизжон, боғчага ҳар куни йиғламай борсанг, ҳамма айтганларимга кўниб, инжиқлик қилмасанг, сенга велосипед олиб бераман, – деди.
Шу кундан бошлаб ўғил онасининг ваъдасига ишонди. Барча айтганларига кўниб, инжиқлик қилмай боғчага бора бошлади. Лекин кунлар кетидан ойлар ўтса-да, берилган ваъда бажарилмади. Боиси, аёл фарзандини шунчаки алдаган эди.

Иккинчи ҳикоя
Мактабда…
Азиз энди ўқувчи. У биринчи синфга чиқди. Мактаб остонасига илк қадамларини қўяр экан, жажжи вужудини ажиб ҳис-ҳаяжон эгаллади. Шу кундан бошлаб яхши ўқишга фақат ва фақат аъло баҳолар олишга интилди. Айниқса, устозининг дарс жараёнида бераётган билимлари, она каби айтган ширин сўзларидан руҳланди. Йиллар давомида Азиз мактабдаги барча синфдошлари билан дўстлашди. Улар орасида қалбига энг яқин дўсти Нодир эди. Бир куни Нодир танаффусда шўхлик қилиб, бехосдан устозининг кўзойнагини синдириб қўйди. Муаллимдан дакки эшитмаслик учун Нодир ҳақиқатни яшириб, айбни дўстига тўнкади. Азиз қилмаган хатоси учун устозидан қаттиқ гап эшитди. Унга энг алам қилгани синфдош дўстлари айбдор асли ким эканлигини билсалар ҳам “гуноҳкор”нинг исмини ошкор қилмади.
Азизнинг беғубор қалби озор чекди. Энди у дўстининг ёлғонига дуч келди.

Учинчи ҳикоя
Жамиятда…
Азиз улғайди. Шифокорлик касбини эгаллади. Қанчадан-қанча инсонларга нафи тегадиган билимли, қўли енгил жарроҳ бўлиб етишди. Жамиятда ўз ўрнига эга бўлди. Одамлар унга ишонди, у ҳам бошқаларга ишонишда давом этди. Бировга сўз берса, уни астойдил бажаришга уринди. Шифо истаб келганларга, беморнинг яқинларига яхши ният билан тузалиб кетишларини ваъда қилар эди.
Қувонарлиси, Азиз ёмон нарсадан яхши хулоса чиқара олди. Шу боис, у ҳаёти давомида ўз сўзининг устидан чиқишга ҳаракат қилар, ваъдасига вафо қилишга уринарди. Иложи борича ёлғон гапирмасликка интилар, гапирса ҳам яхшилик йўлида айтар эди.

Хулоса
Ҳа, инсон ҳаёти давомида ўзи хоҳлайдими, йўқми ёлғон, алдов, қуруқ ваъдаларга дуч келади, айниқса, болалар. Улар катталарни ақлли, ишончли, ибратга арзигулик деб билади. Боланинг табиати оқ қоғозга ўхшайди. Унга нимани қораласангиз, шу акс этади. Ҳар бир инсоннинг ҳаётида учраган бир ёлғон, унинг ишончини поймол қилиши мумкин. Шундай экан…

Дилором КОМИЛЖОНОВА