Энди шифо излаб пойтахтга боришга ҳожат йўқ

Навоий вилояти

Чунки Навоийда ҳам замонавий технологиялар билан жиҳозланган тиббиёт муассасалари ва хориж тажрибасини ўзлаштирган малакали мутахассислар бор.

Навоий вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказига Япониянинг JICA халқаро ҳамкорлик ташкилоти беғараз грант маблағлари эвазига 5 миллион 610 минг АҚШ долларилик 92 турдаги энг замонавий тиббий жиҳоз ва асбоб-ускуналарни топширди.
Шу муносабат билан ташкил этилган маросимда Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов, Япония ҳукумати элчиси жаноб Ито Нобуаки ва бошқалар сўзга чиқиб, ушбу замонавий тиббий жиҳозлар аҳолининг саломатлигини янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилишини таъкидлашди.
Замонавий компьютер томография, рақамли рентген ҳамда юрак-қон томирларида текшириш ва аниқланган касалликларни даволаш имкониятини берувчи ангиография ускуналари, дистанцион литотриптор, кўз касалликларини даволашда жаҳоннинг энг илғор усулларини қўллаш имконини берувчи лазер аппаратлари, лаборатория ва ультратовуш диагностикаси, жарроҳлик ва анестезиология жиҳозлари беморларга тез ва аниқ ташхис қўйишда муҳим ўрин тутади.
– Бугунги кунда марказимизда 50 нафар шифокор, 170 нафардан ортиқ ҳамшира самарали фаолият кўрсатиб келяпти, – дейди Навоий вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Бахтиёр Бозоров. – Марказни тажрибали кадрлар билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Хусусан, келтирилган юқори технологияли ускуналарда фаолият юритиш учун Япония пойтахти Токио шаҳрида “Интервенцион кардиология” йўналиши бўйича таълим олган Нозима Бўронова, Россияда таълим олиб, номзодлик диссертациясини ёқлаган Ўткир Хушвақтов ва бошқа Европанинг етакчи клиникаларида таълим олиб, билим ва малакаларини оширган мутахассислар келгусида халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшишади.
Ушбу тиббий жиҳозлар аҳолининг оғирини енгил, узоғини яқин қилади. Эндиликда кўпгина касаллик­ларга ташхис қўйиш ва даволаш пойтахтда эмас, шу ернинг ўзида амалга оширилиши учун имконият яратилди.
– 2012-2014 йиллар давомида Япония давлатида клиник арденатурада таҳсил олиб қайтдим, – дейди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокори Нозима Бўронова. – “Интервенцион кардиология” йўналиши бўйича олган билимларимни бугун вилоя­тимиз тиббиёт соҳасида қўлламоқдаман. Ушбу йўналишдаги замонавий жиҳозлар беморга касаллик бўйича шошилинч ташхис қўйиш ва тез даволаш имконини беради.

Отабек АСЛОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.