Мевали иҳотазорлар ёки дала ландшафт дизайни

Фарғона вилояти

Иқлим ўзгариши шароитида ер ресурсларини муҳофаза қилиш баробарида даромаднинг янги манбаларини яратади.

Давлатимиз раҳбари фермерлар билан, илм-фан намояндалари билан учрашувлари чоғида экин майдонлари ва экинлар таркибини оптималлаштириш, илғор агротехнологияларни жорий этиш ва ҳосилдорликни ошириш, мева-сабзавот ва узум етиштиришни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Зеро, бу ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, замонавий интенсив агротехнологияларни жорий этиш, маҳсулотни сақлаш ва чуқур қайта ишлаш инфратузилмаларини такомиллаштиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Шу ўринда бир масалани алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз, мамлакатимизда чўлланиш ва тупроқнинг шўрланиш даражаси анча юқори. Бу қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил олишга жиддий тўсқинлик қилмоқда. Ана шундай шароитда нималарга эътибор қаратмоқ лозим? Уларнинг олдини олиш, барқарор ҳосилдорликка эришиш учун нималарга эътибор бериш керак бўлади?
Албатта, буларнинг барчаси фермерлар ва олимлар ҳамкорлигини янада изчил мустаҳкамлаш билан чамбарчас боғлиқ. Дейлик, “яшил ҳудудлар” – иҳотазорлар барпо этиш орқали ҳам тупроқ эрозиясининг олдини олиш, мева-сабзавот маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш имконияти мавжуд. Яъни, агар суғориладиган майдонда дала иҳотазорлари барпо қилинса, бу билан кўп­лаб мевали дарахтзорлар пайдо бўлади. Натижада қишлоқ хўжалиги экинлари маҳсулдорлиги ошади, намликни сақлаш ҳисобидан суғориш сони камаяди ва сув тежалади, ҳудудларда экологик муҳит яхшиланиб, ландшафт тубдан ўзгаради.
Сўзимизни Фарғона вилояти туманлари мисолида давом эттирсак. “Марказий Фарғона” деб номланадиган ҳудудда Фарғона вилоятининг 9 та тумани, яъни Бағдод, Бувайда, Ёзёвон, Олтиариқ, Қўштепа, Риштон, Тошлоқ, Учкўприк ҳамда Фарғона туманларининг 977 та фермер хўжалиги фао­лият юритади. Бу ҳудудда салкам 70 минг гектардан зиёд ер майдони бор. Унинг салкам 55 минг гектарини экин ерлари ташкил қилади.
Табиийки, бу экин майдонларига иқлим ўзгаришлари ўз таъсирини кўрсатади. Яъни, Марказий Фарғона чўллари ҳудудида шундай ҳолат мавжуд – бу ерда доимий шамоллар эсиб туради. Демакки, бу экин ерларини шамол эрозиясидан асрашни тақозо этади. Шамол эрозиясига қарши кураш чораларидан бири эса дала контур майдонларининг маълум кенгликда бўлишига эришишдир. Энг муҳими, ушбу майдонлар дала контурларининг четларига тут, ёнғоқ, ўрик ва олма дарахтларини экиш – иҳотазорлар яратишдир.
Фикримизни мисолларда давом эттирсак, ушбу ҳудуддаги 1 та фермер хўжалигининг ўртача экин майдони 35-40 гектарни ташкил этади, дейлик. Бу экин майдонлари 7 ёки 8 та дала контурига айлантирилиб, унинг четларига тут ва ёнғоқ экса бўлади. Бунда ҳар бир “яшил ҳудуд”нинг эни 150 ёки 155 метрни, узунлиги эса 300 ёки 355 метрни ташкил этади. Шунда эни 150 ёки 155 метр дала контурига тут кўчатлари, узунлиги 300 ёки 355 метрга эса ёнғоқ кўчатлари экилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Бунда бир “яшил ҳудуд”да, яъни 4-5 гектар майдонда тут кўчатлари сони 50-52 туп, ёнғоқ кўчатлари эса 45-55 тупни ташкил этади.
Тут кўчатлари экиш орқали ипак қурти озуқа базаси мустаҳкамланади. Қолаверса, фермер хўжаликлари қўшимча даромадга эга бўла бошлайди. Янги бир туп ёнғоқ кўчати беш йилда ўртача 35-50 килограмм ҳосил берса, битта дала контуридан ўртача 1900 килограмм­дан 2200 килограммгача, 7 ёки 8 та дала контуридан ўртача 13000 килограммдан 17000 килограммгача ҳосил олишга эришилади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев илм-фан намояндалари билан учрашувида “Агар ишлаб чиқариш ва илм-фан ҳамоҳанг бўлса, биз эллик йил кейинги ҳаётимизни тасаввур қилиб, бугун унга замин ҳозирласак, жуда катта натижага эришамиз”, деб қатъий ишонч билан таъкидлади. Демакки, илмни амалиётга татбиқ этиш, ишлаб чиқарувчилар билан олимлар, мутахассислар ҳамкорлиги кучаяр экан, ҳосил салмоғи, сифати ошиб бораверади.

Нодиржон РАҲМОНОВ,
“Ўздаверлойиҳа” институти Фарғона комплекс лойиҳалаш филиали бош муҳандиси.