Дамбалар мустаҳкам, кўнгил хотиржам

2_01

Андижон вилояти

Бу йил водий вилоятларида ўзгарувчан об-ҳаво кузатилмоқда. Тоғларга қишда қор кўп ёғди, баҳор ойларида ҳам ёмғир мўл бўлди. Ҳозир ҳам дарё ва сойлардан келаётган сувлар тиниқ эмас. Демак, ҳали қорларнинг эриши давом этмоқда.

Қорадарё ҳавзасига тоғлардан сув олувчи Мойлисой, Чиртаксой, Тентаксой, Оқбурасой, Аравонсой каби сув иншоотлари йирик аҳоли пунктларидан ўтади. Бу, албатта, сел ва тошқин хавфини ҳам юзага чиқаради. Айни кунларда Қорадарё, Мойлисой ва Тентаксойда кенг кўламдаги ишлар бормоқдаки, дарё ва сой қирғоқлари хавфсизлиги бартараф этиладиган даражада мустаҳкамланмоқда.
Пахтаобод туманидаги “Бойкечик” ҳамда Избоскан туманидаги “Гуркиров 1” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида Қорадарё шиддат билан оқади. Вилоят ҳокими – фуқаро муҳофазаси бошлиғи Ш.Абдураҳмонов, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Х.Абдулазизов ва сел ҳамда тошқинга қарши кураш комиссияси аъзолари айни шу ҳудудни қадамма-қадам кўришганидан сўнг ҳимоя чизиғини янада мустаҳкамлаш долзарб масала эканлигини қайд этишди.
Айни кунларда М.Аҳмадалиев раҳбарлик қилаётган “Пахтаобод КМС” масъулияти чекланган жамияти бош пудратчилигида ўнг қирғоқни мустаҳкамлаш ишлари бораётир. Узунлиги 3600 метр бўлган дамба қурилиши учун 4 миллиард 617 миллион сўм капитал маблағ ажратилган бўлиб, қурилиш-монтаж ишлари 2018 йилда ҳам давом этади. Иш юритувчи М.Ашуров билан объектда бўлган чоғимизда сезганимиз шу бўлдики, бу ерда вақт билан ҳисоблашмаган ҳолда тош ва тупроқ ишлари бажарилмоқда. Э.Қодиров, Х.Йўлдошев, О.Аҳмаджонов, А.Мамадалиев каби бульдозерчилар, экскаваторчилар ва ҳайдовчилар бу борада жонбозлик кўрсатишмоқда. Ҳисоб-китобларга қараганда, лойи­ҳада белгиланган ишларнинг камида тўқсон фоизи жорий йилда ўз ижросини топади.
Қорадарёга сув беришда Тентаксой энг олдинги ўринда туради. 1987 йили айни ёз бошида тоғлардаги қорларнинг эриши тезлашгани боис, секундига 250 метр куб сув ўтганлиги қайд этилган. 2010 йилдаги селда секундига 130 метр кубгача сув ўтгани бир қатор қишлоқлар ҳамда кўплаб гектар далаларга сезиларли даражада хавф туғдирган. Айни кунларда ҳам секундига 100 метр кубгача сув Қорадарёга қуйил­моқда. Таъкидлаганимиздек, тоғларда қор мўл, ёғингарчилик эса давом этмоқда. Тентаксойнинг Избоскан туманидаги “Чувама”, “Чўртанлик”, “Анорзор”, “Тўғонбоши”, “Тошкечик”, “Гуркиров-1” каби маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларидан оқиб ўтувчи жойларида ҳам дамбаларни янада мустаҳкамлаш борасида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур объектлардаги ишлар “Андижондавсувмахсуспудрат”, “Улуғнордавсувмахсуспудрат”, “Жалақудуқдавсувмахсуспудрат” давлат унитар корхоналари жамоа­лари томонидан бажарилмоқда. Мазкур объектларда 21292 метр куб харсанг тош, 145386 метр куб тупроқ ишлари бажарилиши режалаштирилган. Юқори унумли техникага эга бўлган ушбу жамоалар аъзолари ишларни белгиланган муддатдан аввал якунлашни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйишган.
“Чўртанлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги объектда “Андижондавсувмахсуспудрат” ДУК ирригаторлари ва ишчилари меҳнат қилишмоқда. Ишлаб чиқариш техника бўлими бош­лиғи О.Муродов бу ерда олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишлари ҳақида сўзлар экан, бизни лойиҳа бўйича белгиланган нуқталарни кўришга таклиф қилди. Дамбанинг кун сайин юқорилаб бораётганлиги яққол сезилиб турибди. З.Ғофуров, И.Аҳмедов, Х.Раҳмонов, М.Қурбонов сингари фидойилар томонидан бажарилаётган ишларни кўриб қувондик.
– Кези келганда тоғлардан водий томон келаётган барча сойларнинг энг хавфли жойларида кечаю кундуз навбатчилик ташкил этилган, – дейди “Норин-Қорадарё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Х.Ҳамидов. – Мавжуд ахборот ва таҳлиллар қиёсий ўрганилиб, шунга биноан қирғоқлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Токи, ҳеч ким сел ва тошқиндан озор чекмасин. Дала ва боғлар ҳосили дастурхонимизнинг янада тўкин-сочин бўлишига хизмат қилсин.

Қобилжон АСҚАРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.