Эзгу тадбир дилларга хушнудлик улашди

2_01

Андижон вилояти

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили моҳиятидан келиб чиқиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда.  Хусусан, юртимиз бўйлаб “Президент эътибори – мурувват тадбирларида” шиори остида ўтказилаётган никоҳ ва суннат тўйларида ҳам айни шу жиҳатларга алоҳида эътибор берилмоқда.

Андижон шаҳридаги  “Тошкент премиум” тўйхонасида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, вилоят ҳокимлиги ҳамда қатор жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида  7  нафар келин-куёвнинг никоҳ тўйлари ўтказилди.
Маросимга келин-куёвларнинг ота-оналари, қариндош ва дўстлари, маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари таклиф этилди.
– Мен жалақудуқликман, – дейди куёвлардан бири  Илҳомжон Абдураҳмонов. – Ушбу кун ёдимда бир умр муҳрланиб қолади.  Президентимиз томонидан биз, ёшларга кўрсатилаётган  бундай ғамхўрликдан жуда мамнунмиз.
Тадбирда ёш оилалар вакилларига вилоят ҳокимлиги ҳамда ҳомий ташкилотларнинг қимматбаҳо совғалари топширилди.
Хатна тўйларининг дастлабкиси Бўз туманидаги “Ўзбегим” тантаналар саройида бўлиб ўтди. Байрамона беза­тилган мазкур кошонада Бўз ва Улуғнор туманларида яшовчи 20 нафар кичкинтойнинг яқинлари, жамоатчилик вакиллари ҳозир бўлишди.
Маросимда сўзга чиққанлар давлатимиз томонидан ёш авлод вакилларининг ҳеч кимдан кам бўлмай вояга етишлари, билим олишлари, энг муҳими, жамиятда ўз ўрнини топишлари йўлида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтишди.
– Бугунги шодиёнадан бошим осмонга етди, – дей­ди улуғнорлик Одинахон Жарқинова. – Юртимиздаги тинчлик ва хотиржамлик шарофати билан ташкил этилаётган тадбирда менинг ўғлим Диёрбек ҳам тўйболалар сафида бўлди. Тўй харажатларидан ташқари турли сарпо ва совғалар ҳам ҳомийлар томонидан улашилди. Бундай эзгу тадбирлар бутун мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётир. Ўзбекистонимиздаги барча мен каби оналар, тўй болаларнинг кўнгли шодликка тўлмоқда. Бу ишнинг ташаббускорлари, унга бош қўшаётган саховатли инсонлар қанчалар савобга қолмоқда. Шундай юртда яшаётганимдан фахрланаман.
Тўй болаларнинг ҳар бирига Халқ банкида жамғарма омонат дафтарчаси очилиб, унга 1 миллион сўмдан пул маблағи қўйиб берилди.
Таниқли санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар шўх-шодон рақсларга уланиб кетди.

Қобилжон АСҚАРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.