Ташаббускор ишбилармонларга омад ёр

1_01

Жойларда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун «Ташаббус – 2017» кўрик-танловининг ҳудудий босқичлари бўлиб ўтмоқда.

Қорақалпоғистон Рес­публикаси. Нукус шаҳрида ташкил этилган танловнинг ҳудудий босқичида 44 нафар тадбиркор, фермер ва ҳунарманд ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига самарали фаолият кўрсатиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Қорақалпоғис­тон Республикасида ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқаришда хусусий сектор улуши 2016 йилда 57, саноатда 27,5, хизмат кўрсатишда 61,1 фоизни ташкил қилди. Ўтган йили ҳудудда 1586 та кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, улар сони 12745 тага етказилди. Уларнинг фаолиятини йўлга қўйишда тижорат банклари томонидан 5620 та кичик бизнес субъектига 648,2 миллиард сўм кредит ажратилди. Бу олдинги йилга нисбатан 125,8 фоиз демакдир. Ушбу қўллаб-қувватлашлар натижасида 34393 та янги иш ўрни ташкил этилди.
Танлов якунида Нукус шаҳридаги “Кардар” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мурат Шимбергенов “Энг яхши тадбиркор”, Қўнғирот туманидаги “Мустақиллик” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Қуатбой Ўтеков “Энг яхши фермер”, Чимбой туманидан Азамат Тўре­кеев “Энг яхши ҳунарманд” йўналишида ғолиб бўлди ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди. Шунингдек, бир қатор қўшимча номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.
***
Бухоро вилояти. Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган танлов аввалида таъкидланганидек, ҳозирги кунда воҳада 13139 та тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатяпти. Ҳудудий ялпи маҳсулотнинг 53 фоизи улар ҳиссасига тўғри келяпти.
Ишлаб чиқаришда салмоқли натижаларга эришаёт­ган, аҳоли бандлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётган тадбиркорларни рағбатлантириш ҳамда илғор иш таж­рибаларини оммалаштиришда ушбу кўрик-танлов ҳам муҳим ўрин тутмоқда.
Танлов ғолибларини аниқлашда уларнинг молиявий хўжалик кўрсаткичлари, яратилган янги иш ўринлари сони, маҳсулотларнинг рақобатбардошлиги, маҳаллий ва хорижий бозордаги мавқеи инобатга олинди.
Танлов натижасига кўра, “Энг яхши тадбиркор” йўналишида Бухоро шаҳридаги “Бухоро бриллиант силк” қўшма корхонаси раҳбари Бахтиёр Жўраев, “Энг яхши фермер” йўналишида Жондор туманидаги “Бўстон Назар” фермер хўжалиги раҳбари Назар Ҳожиев, “Энг яхши ҳунарманд” йўналишида эса Бухоро шаҳри вакили Аҳмад Арабов ғолиб деб топилди.
***
Фарғонада бўлиб ўтган “Ташаббус – 2017” кўрик-танловининг вилоят босқичида 55 нафар фермер, тадбиркор ва ҳунарманд ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.
Унда “Энг яхши тадбиркор” йўналиши ғолиби Марғилон шаҳридаги “Муҳаммад Салом Омина” хусусий корхонаси раҳбари Абдураҳмон Йўлдошев бўлди. “Энг яхши фермер” номинациясида Риштон туманидаги “Ихтиёр СМИК” фермер хўжалиги раҳбари Мўътабархон Аҳмедова биринчи ўринни қўлга киритди. “Энг яхши ҳунарманд” деб эса риштонлик уста-кулол Шоҳрух Бозорбоев топилди.
Ғолибларга танловнинг республика босқичида қатнашиш учун йўлланмалар берилди.
***
Наманган вилояти. Бугунги кунда вилоятда фаолият юритаётган  тадбиркорлик субъектлари сони 15 минг 518 тага етди, уларнинг ялпи ҳудудий  маҳсулотдаги улуши 68,2 фоизни ташкил қиляпти.
Танловнинг шаҳар ва туман босқичларида 350 дан ортиқ тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар иштирок этди. Улардан 35 нафари вилоят босқичига йўлланма олди.
Наманган шаҳридаги “Ёшлар маркази”да бўлиб ўтган танловнинг вилоят босқичида ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг тадбиркорлик фаолиятида эришган натижа ва кўрсаткичларини атрофлича ўрганиб чиқди.
Кўрик-танлов натижаларига кўра, Наманган туманидаги “Element paint” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Акмалжон Аҳмаджонов “Энг яхши тадбиркор”, шу тумандаги “Мусаффо иқлим  транс  сервис” фермер хўжалиги бошлиғи Комилжон Юсупов “Энг яхши фермер”, Наманган шаҳридаги тўқувчи  Обиджон Жамолов ”Энг яхши ҳунарманд” номинациялари бўйича ғолиб деб топилди. Ғолиблар ҳамда  танловнинг фаол қатнашчиларига вилоят ҳокимлигининг биринчи даражали диплом ва қимматбаҳо совринлари топширилди.
***
Қашқадарё вилояти. Қарши шаҳрида бўлиб ўтган кўрик-танлов доирасида ташкил этилган кўргазмаларда иштирокчилар ўзлари етиштирган ҳамда тайёрлаган озиқ-овқат, ноозиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, либослар, мебель буюмлари, миллий ҳунармандчилик намуналари, қурилиш материаллари ва бош­қа кўплаб маҳсулотларни тақдим этишди.
Кўрик-танлов якунига кўра, Шаҳрисабз туманидаги “Эко парранда” МЧЖ раҳбари Муҳиддин Умидов “Энг яхши тадбиркор”, Китоб туманидаги “Вигет импекс” фермер хўжалиги бошлиғи Усмон Тошев “Энг яхши фермер”, Шаҳрисабз туманилик ҳунарманд Азиз Аҳмедов “Энг яхши ҳунарманд” деб топилди. Энди улар кўрик-танловнинг рес­публика босқичида иштирок этади.

Ўз мухбирларимиз.

ЎзА сурати.