Балиқчиликда Вьетнам тажрибаси

balu

Фарғона вилояти

Ёзёвон туманида садок мосламалари асосида вьетнамликлар тажрибаси ёрдамида балиқ етиштиришга бағишланган кўргазмали анжуман бўлиб ўтди. Тадбирда водий вилоятлари ҳокимларининг ўринбосарлари, туманлар ҳокимлари, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасига дахлдор корхона-ташкилотлар, балиқчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.
Унда таъкидланганидек, мамлакатимиз делегацияси аъзолари яқинда Вьетнамда бўлиб, тажриба орттириб келишди.

Хусусан, интенсив технологияларни жорий этиш, соҳага илмий ёндашиш, насл­чилик, балиқ маҳсулотларини саноат усулида қайта ишлаш, экспорт қилиш ва шу орқали тармоқни улкан даромад манбаига айлантириш бўйича вьетнамликлар тажрибаси ҳар жиҳатдан маъқул бўлди.
Семинарда балиқчиликни ривожлантириш учун тадбиркорлар ўз фаолиятига ёндашувни тубдан ўзгартириши зарурлиги алоҳида қайд этиб ўтилди. Жумладан, бунда жаҳон тажрибасидан, замонавий технологиялар ва инновациялардан унумли фойдаланишда ҳам ўзаро рақобат бўлиши яхши самара беради.
Кўргазмали анжуманда балиқчиликни ривожлантириш учун имтиёзли кредит маблағлари ажратиш бўйи­ча банк мутахассислари томонидан маълумотлар бериб ўтилди. Вьетнам тажрибасини юртимизда жорий этишнинг ташкилий, илмий-­амалий асослари тўғрисида соҳа мутахассисларининг маърузалари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
– Вьетнам иқтисодиёти ва экспорт салоҳиятида балиқчилик жуда катта ўрин тутади, – дейди “Prot Fish Trade” МЧЖ раҳбари Б.Тешабоев. – Табиий иқлим шароитимиз вьетнамлик­ларники билан деярли бир хил. Аммо уларда балиқчилик соҳаси самарадорлиги биздагидан беш маротаба кўпроқни ташкил этади. Балиқ маҳсулотларини қайта ишловчи 600 та завод бўлиб, унинг 400 таси асосан экспорт билан шуғулланади. Балиқ етиштириш фақат интенсив технологиялар ёрдамида амалга оширилади.
Тадбирда садок, яъни балиқ боқишга мўлжаллаб сувга жойлаштирилган, тўр билан ўралган махсус мослама ёрдамида балиқ етиштириш бўйича мутахассислар томонидан маҳорат дарслари ҳам ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Рес­публикаси Бош вазирининг ўринбосари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Мирзаев қатнашди.

Ҳамиджон БУРҲОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.