Ерни бўш қўймаганнинг даромади узилмайди

Сирдарё вилояти

Сайхунобод тумани Иттифоқ маҳалласида яшовчи Ботир, Зокир, Маҳмуд, Ҳакимжон ва  Маъруфжон Тиллаевлар ўзларига қарашли иккита иссиқхонани қиш ойларида турли техникаларнинг чиқит мойидан фойдаланиб иситишни йўлга қўйишган. Саккиз йилдирки, улар иссиқхоналарда мўл ҳосил етиштириб келишмоқда.

Улар ушбу иссиқхоналарга август ойида кўкат ва селдир уруғларини сепиб, парваришга киришадилар. Биринчи ҳосилни октябрь ойидан майгача сотишади. Биринчи экин йиғиштириб олингач, унинг ўрнига помидор, булғор қалампири, бодринг кўчатлари ўтқазилади. Иккинчи экин июль ойидан кеч кузгача ҳосил беради.
– Томорқа – катта хазина, – дейди Зокиржон Тиллаев. – Йилига мана шу иссиқхоналаримиздан 100-120 миллион сўм даромад қиляпмиз. Биз, ака-­укаларнинг аҳил-иноқлигимиз, меҳр-оқибатлилигимизга кўпчилик ҳавас билан қарашади. Албатта, меҳнатсеварлик, аҳиллик бор жойда барака бўлади. Каттаю кичик фаолияти самараси учун интилади. Кучини фойдали меҳнатга сарфлайди.
– Ён-атрофимиздаги қайси хонадонга кирманг, томорқасида кўкат-резавордан тортиб, картошка, помидор, бодринг, лимону анжиргача етиштираётганининг гувоҳи бўласиз, – дейди миришкор Маҳмуд Тиллаев. – Айниқса, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида кўплаб оилаларга тижорат банклари томонидан томорқа хўжалигини ривожлантириш, иссиқхона ташкил этиш, паррандачиликни йўлга қўйиш учун имтиёзли кредитлар берилаётганлиги кишиларни имкониятлардан оқилона фойдаланишга руҳлантирмоқда. Ҳар бир оила ўз рўзғорини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан  таъминлаши баробарида эҳтиёжидан ортганини бозорларга чиқариб сотмоқда.

Бозорбой БЕКМУРОДОВ,
 “Qishloq hayoti” мухбири.