КЛАСТЕР – ЯНГИЛАНИШ ТИМСОЛИ

2_01

“Қишлоқ ҳаёти” газетасининг 25 апрель сонидаги “КЛАСТЕР – қалдирғоч лойиҳа” сарлавҳали мақолани ўқиб, мамлакатимизда ана шундай улкан, истиқболли лойиҳа амалга оширилаётгани билан танишиб, ниҳоят даражада таъсирландик.

Лойиҳанинг ҳаётга татбиқ этилиши иқтисодиётимизни ривожлантириш билан бирга, аҳолининг кенг қатламини бир-бирига боғлайди, уюштиради ва жипслаштиради. Жумладан, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари, илмий ходимлари, изланувчи ва докторантлари дунё­нинг илғор технологияларини жамлаган ушбу Кластер майдонида профессор-ўқитувчилар, академиклар раҳбарлигида амалиёт ўташади, курс иши, диплом лойиҳалари ва диссертацияларини ёқлаш имконияти яратилади. Битирувчилар ўз фаолиятини тажрибали мутахассислар билан бирга давом эттириш имконига эга бўлишади.
Лойи­ҳанинг бу жиҳати Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган дунёнинг инновацион ғояларидан фойдаланиб таълимда сифат масаласини тубдан яхшилаш, барча соҳаларда интеграцияни кучайтириш мақсадига мувофиқдир.
Шунингдек, лойиҳа ижроси доирасида минглаб битирувчилар янги иш ўринларига эга бўлишади. Лойиҳанинг яна бир ижобий жиҳати, кластер орқали турли касб эгалари – деҳқон, сувчи, боғбон, агроном, инженер, агрохимик, фермер, иқтисодчи, чорвадор, ветеринар, энергетик, технолог, бичувчи, тикувчи, дизайнер, маркетолог, қурувчи, тарбиячи, олимларни умумий мақсад сари сафарбар этади. Бошқарувнинг битта кластерга бирлашуви эса барча иш жараёнларини мувофиқлаштиради, осонлаштиради ва тезлаштиради.
Кластернинг қалдирғоч лойиҳа деб аталишида ҳам чуқур маъно бор. Чунки қалдирғоч ўзи билан яхшиликни, ёшаришни, хурсандчилик ва яратувчанликни, қалбларнинг уйғонишини, поклик ва бошқа ижобий туйғуларни бирга олиб келади. Ўйлаймизки, яратилаётган Кластер мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги, саноати, умуман, барча соҳаларига янги нафас киритади.

Шаҳноза КИМСАНБОЕВА, Тошкент давлат аграр университети ўқитувчиси,
Бахтигул СИНДОРОВА, талаба.