ШИФОБАХШ СТЕВИЯ МАҲАЛЛИЙЛАШДИ

SAMSUNG CAMERA PICTURES

Андижон вилояти

Избоскан туманидаги Жонобод қишлоғида умргузаронлик  қилаётган Расулжон ота Қутибоев кўп йиллар мобайнида ўрта мактабда ёш авлодга сабоқ берган. Бугун устоз муаллим кексалик гаштини суриш баробарида кўплаб тажрибаларга қўл уриб, натижасидан барчани воқиф қилаётгани ҳавасга арзигуликдир. У сўнгги йилларда стевия парвариши билан шуғулланиб, кўпчиликнинг эътиборига тушди.

Расулжон муаллимнинг узоқ йиллик изланишлари боис, асл ватани Лотин Америкаси, аниқроғи, Парагвай ва Бразилия давлатлари бўлган стевия ўсимлиги маҳаллий шароитда ҳосил бера бошлади. Бу ўсимлик минг дардга шифолиги билан дунё олимларининг эътиборига тушган. Чунки Парагвай ва Бразилия аҳолиси ўртасида қанд касалига чалиниш ҳолатлари деярли йўқ даражада. Зеро, аҳолининг барчаси стевия ўсимлиги ва ундан тайёрланган дармондориларни истеъмол қилар экан.
Стевия ўсимлигининг сирлари маҳаллий аҳоли томонидан ўзгаларга асло ошкор қилинмаганлиги тарихдан маълум. 1887 йилга қадар европаликлар стевия ўсимлиги ҳақида ҳеч нарса билишмаган. Европалик олим Антонио Бертони ушбу ўсимликни илмий жиҳатдан ўрганиб, рўйхатдан ўтказганидан сўнг экин дунёга ошкор бўлган. Ҳозир Япония ва Хитойда ҳам стевия ўсимлиги парвариши йўлга қўйилган. Бундан ташқари, унинг баргини саноат асосида чуқур қайта ишлаш технологияси яратилган. Қуритилган баргидан кукун, қайла ҳамда суюқ ҳолда ширин модда – стевиазид олинади. Мазкур моддани шакар ўрнида ишлатиш орқали мева шарбатлари, турли ширин ичимликлар тайёрланади. Қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда эса асосий хомашёдир. Стевиянинг бир гектаридан олинган ҳосил шакар қизилчасининг ўн гектарига баробардир. Ширинлиги жиҳатидан эса қанд қизилчаси шакарига нисбатан 300 баробар тотли.
Бундан ўттиз йил аввал ушбу ўсимликни республикамиз иқлимига мослаштириш билан боғлиқ илмий-­амалий тажрибалар олиб борилган. Чунончи, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди Тоҳиржон Аҳмедов стевия кўчатчилигини ташкил этиб, баргидан фойдаланган ҳолда мева-сабзавотни қайта ишлаш корхонасида шарбат тайёрлашни йўлга қўйган. Бу борадаги тажрибалар ўшанда сезиларли натижаларни берган бўлса-да, кейинчалик унут бўлиб кетди.
Стевия ўсимлиги ўз ватанида табиий шароитда кўпаяди. Бизда эса, аксинча, анча меҳнатни талаб этади. Кузда ўсимлик жойидан кўчирилиб, баҳоргача илиқ жойда сақланиши шарт. Шунингдек, алоҳида шароит­да кўчати тайёрланиши лозим. Расулжон ота Қутибоев ана шундай қийинчиликларни ўз зиммасига олиб, стевия ўсимлигини маҳаллий шароитга мослаштиришга эришганлардан.
Юртимизда стевия ўсимлигини маҳаллий шароитда парвариш қилиш учун имкониятлар етарли. Стевиянинг табиий шакари мевани қайта ишлашда зарур хомашё бўла олади. Бу билан қандолатчилик ривожига туртки беради.    Отахоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари туман ҳокимлиги томонидан эътироф этилиб, унга стевия ўсимлиги кўчатчилигини жорий этиш учун бир гектар ер ажратилди.  Ўғли Оллоберди Қутибоев бошқараётган “Оллоберди асали” фермер хўжалигида ташкил этилган дастлабки кўчатзор кутилган натижани бера бошлади. Бу ерда етиштирилган кўчат жорий йилда эллик сотих майдонга ўтқазилди. Келаси йили эса ушбу ҳосилдор майдон яна бир гектарга етказилади.
Айни пайтда қанд касалига чалинган кўплаб юртдошларимиз стевия ўсимлигининг қуритилган баргидан чой тайёрлаб ичишга одатланишган. Уларнинг барчаси бундан шифо топаётганликларини айтишмоқда. Расулжон ота Қутибоев  ана шундан келиб чиққан ҳолда ушбу экиннинг янада оммавийлигини таъминлаш учун уни етиштириш технология­сини бошқаларга ўргатаётир.
Олдинга қадам ташлашни хуш кўрадиган қаҳрамонимиз яна бир ўсимликни маҳаллийлаштириш устида изланмоқда. Ўрта ер денгизи атрофидаги мамлакатларда “Хелба” деган ўсимлик бор. Ушбу ўсимлик ҳам шифобахшлиги билан араб дунёсида алоҳида ўрин тутади. Қадимги араб табиблари “агар одамлар хелбанинг фойдалилигини билишганда эди, уни олтин баҳосида ҳам сотиб олишарди”, деб ёзиб қолдиришган. Ушбу ўсимликни чуқур ўрганган инглиз олими Клебер “Агар сайёрамиздаги дорилар тарозининг бир палласига, хелба эса иккинчи палласига қўйилса, мезон тенг бўларди” деб айт­ган. Расулжон домла хелба ўсимлиги ҳақида ўқиб-ўргангач, уни кўпайтириш устида ишларни бошлаб юборди. Бир неча уринишлари натижасиз якун топган бўлса-да, бу баҳорда алоҳида идиш­ларда хелба кўчатларини ўстиришга муваффақ бўлди. Расулжон Қутибоев шу кунларда олинган кўчатларни далага ўтқазиш билан банд.

Қобилжон АСҚАРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.