Қайрағочда ҳар қарич ер даромад беради

SAMSUNG CAMERA PICTURES

Фарғона вилояти

Риштон туманидаги Қайрағоч қишлоғи аҳли томорқадан самарали фойдаланишнинг ҳадисини олишган. Улар иссиқхоналарда эртаки бодринг, помидор, қизилча, карам ошкўклар етиштиришда катта тажриба тўплашган. Ушбу қишлоқда икки маҳалла бор. Бири Қайрағоч, яна бири Соҳибкор дея номланади.

– Уч сотихдан зиёд ер майдонига тераклардан синч, тўсин қилиб, иссиқхона қурдик, – дейди Қайрағоч маҳалласида яшовчи Ҳотамали Эргашев. – Уни қуёш нурини тез ўтказувчи плёнка билан ёпдик. Шундан сўнг уруғдан ўстирилган бодринг кўчатларини экдик. Ушбу ўсимлик ривожланишида агротадбирларга эътибор бериш жоиз. Яъни уни экишдан аввал ер майдони ўғитланган, юмшоқ бўлиши лозим. Шунингдек, бодринг гуллаганда ҳаво ҳарорати бир маромда бўлса, унинг гули яхши чангланади. Бу эса ҳосилдорликнинг ошишида муҳим аҳамиятга эга. Жорий йилнинг 8 мартида дастлабки бодринг ҳосили нишона берди. Гапнинг рос­тини айтсам, шугина ердан саккиз миллион сўм атрофида даромад оляпмиз.
Унинг таъкидлашича, бодринг тугагач, йиғма иссиқхонани олиб қўйса ҳам бўлади. Келгуси йил яна қайтадан тиклаш мумкин. Бундан ташқари, Ҳотамали ҳар йили аччиқ ва булғор қалампиридан юқори ҳосил олаётгани боис, бу йил ҳам шу экинни экди. Май ўрталарига бориб қалампирни ҳам бозорга чиқаради.
Ушбу ҳудудда яшовчи Юрсунали Тожибоев ўтган йили томорқасида узум парваришлаб, мўл ҳосил етиштирибди. Шунинг ортидан  ўн бир миллион сўм даромад топибди. Ундан ибрат олган қўни-қўшнилари ҳам ҳовлисида узум етиштиришни бошлаб юборишган. Шунингдек, Юрсунали ака томорқада бодринг ва бошқа сабзавотлар етиштиришнинг ҳам ҳадисини олган. Бунда унга уй бекаси Дилоромхон ва уч фарзанди кўмаклашади.
– Маҳалламизда Ҳакимжон Асқаров, деган тадбиркор бор, – дейди “Соҳибкор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Сирожиддин Қосимов. – У ҳам томорқасидан унумли фойдаланиб, сабзи, шолғом, турп, бодринг каби сабзавотларни экиб, яхши даромад қиляпти. Тадбиркор топаётган даромади эвазига 200 тонналик сиғимга эга совиткичли омборхона қурди. У  совиткичида нафақат ўз маҳсулотларини, балки маҳалладошлари етиштирган маҳсулотларни ҳам сақламоқда. Эндиликда сабзавотлар йилнинг исталган вақтигача туради. Бу эса нарх-навонинг сунъий равишда ошиб кетишига йўл қўймайди. Ушбу маҳаллада яшовчи Ўктамжон Бегимов ҳам томорқасида лимон  кўчатларини парваришламоқда.
– Мен томорқамга асосан карам экаман, – дейди Қайрағоч маҳалласида яшовчи Озоджон Ҳакимов. – Ҳозир иссиқхонада карам кўчатини ўстиряпман. Унгача томорқадаги қизилчани йиғиб оламан. Қизилча кўп дардга даво бўлгани учун харидоргир. Ҳадемай шу ердан 3,5-4 тонна атрофида қизил лавлаги оламиз.
Томорқанинг кираверишида ўтган йили экилган уруғлик карам гуллаб турибди. Деҳқон карам уруғини ўзи етиштирар экан.
Қайрағоч қишлоғида 16 та фермер хўжалиги бор. Улар ҳар йили пахта ва ғалладан мўл ҳосил етиштириб келишади.
– Қишлоқ хўжалиги соҳасида кўп йил турли лавозимларда ишлаганман, – дейди “Қайрағоч” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Одилжон Дадажонов. – Маҳалламизнинг  деҳқон ва фермерлари экинлардан мўл ҳосил етиштириш учун, аввало, ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, заминни ўғитларга тўйинтириш, агротехника қоидаларига амал қилиш йўлларини яхши билишади. Шу боис, ҳар қарич ердан самарали фойдаланишади. Ўтган йили фермерлар зовур ёқаларига ошқовоқ экиб, яхши даромад олган эди. Бу йил ҳам улар пахта ва ғалла экилган ер майдонлари атрофига ошқовоқ ва маккажўхори экишди.
Умуман олганда, қайрағочлик томорқа эгалари ва фермерлар ердан унумли фойдаланиб, даромадига даромад қўшмоқда, пировардида, турмуши фаровон бўлиб бормоқда.

Ҳамиджон БУРҲОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.