МЕҲР ҚОЛУР, ҚАЛБЛАРДА ХОТИРА ҚОЛУР

2_03

Тирикликнинг азалий мезонларини ифодалайдиган, бир-бирига узвий боғлиқ бўлган хотира ва қадр тушунчалари башариятнинг юксак заковатидан далолат беради. Зеро, ақл-идроки теран, қалби меҳр-муҳаббат ва шафқатга тўла одамларгина ўз аждодларини ҳеч қачон унутмайди, бинобарин, тарихий хотира билан яшайди. Шундай одамлар авлодларнинг порлоқ келажаги учун фидокорона меҳнат қилаётган замондошларини ҳам юксак қадрлайди.

Тарихий хотира билан яшаш, кексалар ва ёшларга ғамхўрлик кўрсатиш халқимизга хос инсоний фазилатлардан. Шу боис, мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланадиган бўлди.
Бундан олти йил илгари юртимизга келган хорижлик сайёҳлардан бири байрамларимиз, хусусан, Хотира ва қадрлаш куни ҳақида қуйидагиларни айтган эди:
– Кўп мамлакатларда бўлганман. Одатимга кўра, борган жойимда маҳаллий халқларнинг қадриятлари билан қизиқаман. Мен юртингиздаги байрамларнинг улуғворлиги ҳайратга солди. Сизларда 9 май Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланар экан. Бу юксак эътирофга сазовор. Чунки дунёдаги бошқа бирорта давлатда айнан шундай кун борлигини эшитмаганман. Тўғри, хотира ва қадрлаш дунёдаги барча халқларга хос. Аммо бу тушунчаларнинг моҳияти ва аҳамиятини бағрикенг, тафаккури теран инсонларгина ҳис этади, англай олади.

Аждодлар чироғи ўчмагай
Дарҳақиқат, Хотира ва қадрлаш кунида букилмас ирода ва сўнмас жасорат намунасини намоён этиб, ўз азиз жонларини муқаддас диёримиз фаровонлиги учун фидо қилган улуғ аждодларимизнинг ёрқин хотирасига яна бир бор юксак эҳтиром кўрсатилади. Яна бир бор, деяётганимизнинг боиси шундаки, уларнинг хотираси қалбларимизда мангу яшамоқда. Халқимизга хос жамики эзгу удумларда ҳам улар хотираси барҳаёт. Ҳатто бизга тинчлик ва омонлик керак, деган олижаноб ният замирида аждодлар даъватидан нурланган қувватлар яширин.
Президентимизнинг жорий йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жойларда “Қаҳрамонлик, бурч ва фидойилик” ҳамда “Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият” шиорлари остида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Мазкур тадбирлар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт орти меҳнат фахрийлари ҳамда мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотираси олдида ҳурмат бажо келтиришга, юртимизда қарор топган меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мус­таҳкамлашга, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат руҳида тарбиялашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ватан ардоғидаги нуронийлар
Пиру бадавлат отахону онахонлар эъзозланган диёрда меҳр-оқибат, тинчлик-хотиржамлик ҳукм суради. Бунга узоқдан мисол келтириш шарт эмас.
– Умримнинг кейинги йигирма беш йили энг қувончли дамлардир, – дейди Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида яшовчи 93 ёшли Аҳмаджон ота Жабборов. – Мустақиллик давридаги кенг имкониятларни, набираларим камоли ва уларнинг орзу-ҳавасини кўрдим. Тинч-осойишта юртимизда қариялар ҳамиша давраларнинг тўрида.
Айни кунларда Ўзбекистон Рес­публикаси Маданият, Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари, Ўзбекистон “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Хотин-қизлар қўмитаси, Маънавият тарғибот маркази, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари ҳамкорлигида уруш ва меҳнат фахрийлари билан ўтказилаётган учрашувларда нуронийлар ёшларга ўз ҳаёт йўллари, уруш даври машаққатлари ҳақида ҳикоя қилиб, юртимиздаги тинчлик-осойишталик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш заруратини уқтирмоқда. Албатта, ёшларимиз онгу шуурига ўтганларни хотирлаш, тирикларни қадрлашдек инсоний фазилатларни тобора чуқурроқ сингдиришда бундай тадбирларнинг аҳамияти бағоят катта.

У кунлар унутилмагай
Таъкидлаш жоизки, Иккинчи жаҳон урушида 55 миллиондан ортиқ киши қурбон бўлган, 95 миллионга яқин киши эса жароҳатланган. Бу урушда ота-бобоси ёки яқин қариндошларидан жудо бўлган юртдошларимиз ҳам кўпчиликни ташкил этади. Қайд этилишича, юртимиздан 1 миллион 500 минг киши урушда қатнашган. Улар орасидан қарийб 500 минг ватандошимиз жанггоҳлардан қайтмаган.
Аксарият кексаларимизнинг болалиги Иккинчи жаҳон уруши йиллари ва унинг оғир асоратлари даврига тўғри келган. Улар ўша даврнинг турмуш машаққатларини катталар билан баравар зиммасига олгани учун беғубор болалик қувончларини тўлиқ ҳис қилмай, эрта улғайган. Шу боис, уруш асоратидан уларнинг ҳозиргача юраклари увишади.
Нуроний отахону онахонларимиз ҳар куни эрта тонгдан қўлларини дуога очиб, Яратгандан, аввало, барчага тинчлик ва омонлик сўраши шундан. Чунки бой ҳаётий тажрибага эга кексаларимиз уруш қандай мақсадда олиб борилишидан қатъи назар, мудҳиш асорат қолдиришини теран англайди.
– Ҳозирги кунда мамлакатимизда 1600 нафардан кўпроқ Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари яшамоқда, – дейди Ўзбекистон “Нуроний” жамғармаси бош мутахассиси Ҳулкар Файзуллаева. – Айни кунларда жамғармамиз томонидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳар бирига байрам совғалари тантанали равишда топширилмоқда. Шунинг­дек, уруш ва меҳнат фахрийлари маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари ҳамда ҳомийлар кўмагида муқаддас қадамжолар, қадимий-тарихий шаҳарларимизга саёҳат қилишмоқда. Бу йилги янгиликлардан яна бири шуки, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг 12 нафарига янгиланган намунавий лойиҳалар асосида қурилган уй-жойларнинг калитлари топширилмоқда. Шу кунгача 172 нафар уруш фахрийсининг уй-жойи тўлиқ таъмирдан чиқарилди. 135 нафар уруш фахрийси эса тиббий-техник воситалар билан таъминланди. Дарвоқе, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳар бирига “GM UZBЕKISTAN” қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган автомобилларни навбатсиз сотиб олиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш учун сертификатлар ҳам тақдим этилди.
Мухтасар қилиб айтганда, уруш ва меҳнат фахрийлари бўлган нуроний юртдошларимиз бугун шук­роналик ҳисси билан яшаяпти. Бу эса барчамизга ёқимли таассуротлар улашади. Шундан бўлса керак, ҳар бир қалбда эзгулик ва бунёдкорлик иштиёқи жўш уради.

Сайидодил САЙИДИСЛОМОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.