Бўлар эл болам, дейди

1_03

Навоий вилояти

Навоий вилояти ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Қизилтепа туманида ўтказилган 23 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларининг суннат тўйи халқимизга хос меҳр-оқибат, саховатнинг амалдаги ёрқин ифодаси бўлди.

Тўйда болаларнинг ота-оналари, яқин қариндошлари, маҳалла аҳли, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
– Мазкур хайрия тадбирларини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад олис қишлоқ ва овулларда истиқомат қилаётган ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларнинг кўнглини кўтариш ва турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Назира Тоғаева. – Шу кунларда ҳудудда 172 нафар болажонларнинг суннат тўйларини ўтказиш режалаштирилган.
Тантанада сўзга чиққанлар Президентимиз томонидан юртимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар замирида халқимизнинг турмуш фаровонлигини яхшилаш, пировардида одамларимизнинг бахтли яшашини таъминлашдек эзгу мақсадлар мужассамлигини алоҳида таъкидлашди.
Зеро, инсон қадр-қиммати юксалган, манфаатлари барча нарсадан устун саналган мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш энг устувор масалалардан бири сифатида ҳамиша диққат-эътиборда бўлиб келмоқда.
– Бугун биз учун унутилмас кун бўлди, – дейди Қизилтепа туманидаги “Ванғози” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Шоҳида Адизова. – Эзгулик ва саховатпешалик миллатимизга хос бўлган қадрият. Уч нафар ўғлим бор. Бугун кенжа ўғлим Дониёрнинг суннат тўйи давлатимиз томонидан катта тантана қилиб ўтказиб берилгани бизни қувонтирди.
Тўй болаларга вилоят ҳокимлиги, ҳомий ташкилотларнинг совғалари, турли мавзулардаги китоблар тўплами ҳамда Халқ банки туман бўлимида улар номига очилган ҳисобрақамига 1 миллион сўмдан пул маблағлари ўтказилган омонат жамғарма дафтарчаси топширилди.

Отабек АСЛОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.