Тил, услуб ва таҳрир

ОАВ савиясини оширишда муҳим омил

Миллий матбуот марказида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда “Оммавий ахборот воситаларида тил, услуб ва таҳрир масалалари” мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Унда университет профессор-­ўқитувчилари, мустақил тадқиқотчилар, талабалар, респуб­ликамизнинг етакчи нашрлари бош муҳаррирлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
XXI аср илм-фанининг ютуқлари, техниканинг шиддат билан тараққий этиши бутун дунёда ахборот глобаллашувининг юзага келишига туртки бўлди. Бу эса омма­вий ахборот воситалари олдига янгидан-янги вазифаларни қўйди. Бугунги кун журналисти учун нафақат жамият ҳаётини ёритиш масаласи, балки  жаҳон медиа маконида ўзининг муносиб ўрнини, имиджини шакллантириш зарурати туғилди. Шу нуқтаи назардан омма­вий ахборот воситаларида маълумотни узатиш, тарқатишда тил, услуб ва таҳрир  борасида янгича ёндашувга эҳ­тиёж сезилмоқда. Ижтимоий онгни акс эттириш, фикр уйғотишнинг муҳим қуроли бўлган ОАВ тили умумадабий сўзлашув нутқининг эҳтиёж ва қонуниятларига асос­ланиши билан бирга замон талабларидан келиб чиққан ҳолда шакл­лантирилиши журналистикада зарур қоидалардан бири ҳисоб­ланди.
Конференцияда ОАВ матнларининг таъсирчанлигини ошириш йўллари, ноширлик соҳасини ривож­лантириш истиқболлари, инновацион ғоялар ва технологиялар борасидаги масалаларга оид янгиликлар иштирокчилар томонидан муҳокама қилинди.
“Ижтимоий ҳаётда журналистларнинг ўрни”, “Интернет журналис­тикаси муаммолари”, “Матбуот материллари таҳрири”, “Аудиовизуал журналистика: тил ва услуб масалалари” каби илмий йўналишларда ўз ишини олиб борган конференцияда республика ОАВ бош муҳаррирларининг иштирок этиши бўлғуси журналистлар учун назария ва амалиёт уйғунлашувида яна бир муҳим қадам бўлди. Бу эса талабалар билим ва кўникмаларининг ошишига хизмат қилади.

Инобат МАТЁҚУБОВА,
“Qishloq hayoti” мухбири.