Далаларда яшил қаторлар

SAMSUNG CAMERA PICTURES

Сирдарё вилояти

Сайхунобод тумани  пахтакорлари бу йил 12 минг гектар  майдонга чигит қадашди. Оби-тобида экилган уруғ униб чиқиб, айни вақтда яшил қаторлар ҳосил қилмоқда. Пахтакорлар  ғўзага биринчи ишлов беришни ҳам бошлаб юбордилар.

Тумандаги “Бўстон  майин  шабадаси” фермер  хўжалигида биринчи  культивацияга  бағиш­ланган кўргазмали  семинар  бўлиб ўтди. Унда мутахассислар  биринчи ишлов  ва  озиқлантиришда  зарур масалаларга эътибор қаратдилар.  Туманда айни  вақтда 60 та  культиватор кучидан  самарали фойдаланилаётир. Биринчи ишлов озиқлантириш билан  қўшиб  олиб борилмоқда.
– Ҳар гектар  майдонда 150-160  минг  туп  ғўза парваришланиши ҳисобига бу йил гектаридан 40  центнердан ҳосил етиштиришни  мақсад  қилиб қўйганмиз, – дейди “Бўстон майин шабадаси” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Улуғбек Полвонов. – Ишлов  ва  озиқлантиришнинг қўшиб  олиб борилаётганлиги боис, ғўза  соғлом  ўсади, берилган озуқа экинга тез таъсир этади.
– Культиваторлар ишчи органларини тўғри жойлаштириб, мослаштириш бўйича  механизаторларга мутахассислар  иштирокида кенг тушунчалар берилди, – дейди Сайхунобод тумани Қишлоқ ва  сув  хўжалиги бўлими бош­лиғи Мирзоҳид Раҳмонбердиев. – Тракторларни бош­қаришни механизаторлар амалда синовдан  ўтказдилар. Кўникма ва  тажриба ғўза қатор ораларини сифатли юмшатишда муҳим аҳамият касб этаётир. Ҳозир  культиваторлар  кучидан тўла қувватда  фойдаланиб, бор  эътиборни ишловни  сифатли  ва юқори  суръатларда ўтказишга қарат­япмиз.
Семинарда  вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев қатнашиб, илғор механизаторлар ҳамда  бир гуруҳ нуронийларга эсдалик  совғалари топширди.

Бозорбой БЕКМУРОДОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.