ОСУДА ЯШАШ ГАШТИ

4_01

Андижон вилояти

Айни кунларда барча ҳудудларда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда фронт орти меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиш, уларни чуқур тиббий кўрикдан ўтказиш, нуронийлар иштирокида уч авлод учрашувлари ташкил этиш бўйича тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Ўктамжон Охунов таъкидлаганидек, ҳозир Андижон вилоятида 82 нафар уруш қатнашчиси яшамоқда. Уларнинг барчаси санаторийларда соғлиғини мустаҳкамлаб, дам олиб келишди. Бундан ташқари, оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктлари шифокорлари, патронаж ҳамширалари уруш ва меҳнат фахрийларининг саломатлигини кузатиб боришмоқда.
Асака туманидаги Куж­ган қишлоғида яшовчи Мухторжон ота Абдулаҳатов 18 ёшида фронтга чақирилган юртдошларимиздан бири. Отахон хонадонига ташриф буюрганимизда, ҳовлидаги саранжом-саришталик эътиборимизни тортди. Тўқсон уч баҳорни ортда қолдираётган Мухторжон ота ҳозир ҳам қўлидан кетмонини, қайчисини қўймас экан. Айниқса, ток ва мевали дарахтларга шу қадар кўркамлик билан шакл берар эканки, бунга ҳавас қилмаган қўни-қўшнининг ўзи йўқ.
Шу орада хонадон дарвозаси олдига яп-янги “Ласетти” автомобили келиб тўхтади. Фарзандлари, яқинлари ва ҳамқишлоқлари Мухторжон отани машина олгани билан муборакбод этишди. Ота бу қадар кўрсатилаётган эътибордан беҳад мамнун.
Отахон бўш вақтида китоб ўқишни канда қилмайди. Ўзига маъқул келган китобларни бошқаларга ҳам ўқишни тавсия этади. Маънавий дунёси бой бўлганлиги боис, тинчлик ва хотиржамликнинг нақадар буюк неъмат эканлиги, Ўзбекистон деган мамлакатда бахт ва барака борлигини сўзлашдан чарчамайди.
Олтинкўллик Турсунхўжа ота Ҳожиев, балиқчилик Набижон ота Султонов,  Андижон шаҳрилик Абдумуталиб Тожибоев, қўрғонтепалик Одилжон Сиддиқов хонадонларида бўлиб, уларни ҳам зиёрат қилдик. Гулдек ёшида оғир-қийинчилик шароитида, ҳар дақиқа ўлимга тик қараб, душманга қарши курашган бу инсонлар суҳбатини олсангиз, бугунги куннинг қадри нақадар тотли эканлигини янада теранроқ ҳис этасиз.

Қобилжон АСҚАРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.