АСОСИЙ МАҚСАД: Халқни рози қилиш, харидорларга қулайлик яратиш

2_non

Қашқадарё вилояти

Халқимиз қадимдан бозор муносабатларига жиддий эътибор берган. Хусусан, бу жараён улуғ саркарда ва давлат арбоби Амир Темур сиёсатида яққол кўзга ташланади. Соҳибқирон бобомиз даврида Мовароуннаҳр савдо-сотиқ марказига, Буюк ипак йўлининг энг муҳим нуқтасига айланган.

Дарвоқе, бозор фақат товар айирбошлайдиган, икки кишининг ўзаро савдо муносабатларига киришадиган жой сифатидагина аҳамиятга эга эмаслиги, аксинча, у аҳолининг турмуш-тарзи, ижтимоий шароитидан сўзловчи муҳим объект экани барчага маълум. Бозорга кирган киши борки, халқнинг дунёқараши, ўй-фикр­лари, маънавий қиёфасини унда кўриши зарур. Бу тушунчани яхши англаган Соҳибқирон бобомиз бозорлар қурилишига жиддий эътибор берган. Бу жараён эса мамлакатимизда истиқлол йилларида янги босқичга кўтарилди. Хусусан, Биринчи Президентимизнинг 2010 йил 26 апрелдаги “Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада дастуриламал бўлаётир. Биргина Китоб туманидаги “Китоб деҳқон (озиқ-овқат) бозори” МЧЖда амалга оширилаётган ишлар фикри­мизнинг тасдиғидир.
– Ушбу бозорнинг тарихи икки ярим минг йилга бориб тақалади, – дейди китоблик ўлкашунос Аҳад Бердиев. – Айни шу ҳудудда бозор бўлгани, у ерда мева-сабзавот, ҳунарманд­чилик буюмлари ва турли матолар сотилгани, маҳсулотлар турига қараб алоҳида расталарга бўлингани Искандар Зулқарнайн ҳақидаги тарихий манбаларда учрайди. Хусусан, маҳаллий аҳолининг деҳқончилик ва боғдорчилик ҳадисини яхши ўзлаштиргани, уста-ҳунарманд экани келтирилади. Қолаверса, унинг атрофида ошхоналар бўлгани ҳам баён этилган. Бозор ҳудудига от-улов билан кириш тақиқлангани, улар учун алоҳида жой ташкил этилгани ҳақида ҳам маълумотлар бор. XX асрнинг бошларидан эса ушбу бозорнинг нуфузи бироз пасаяди. Ўзига хос бўлган анъаналари йўқола бошлаган, санитария-гигиена ҳолатларига жавоб бермайдиган вазиятгача келган. Кейинги йигирма беш йил давомида эса бозор тарихи ўрганилди, қадимий қиёфасини такомиллаштиришга, замонавий жило беришга ҳаракат қилинди.
Дарҳақиқат, бугун Китоб деҳқон (озиқ-овқат) бозорига кирган кишининг кўзи қувнайди, дили яйрайди. Ҳамма жой саранжом-саришта. Йўлаклар ва расталар ораларига бетон қопламалар ётқизилган. Муҳими, бозор тарихий анъаналарини сақлаб қолган замонавий комплексга айлантирилган. Хусусан, бир нечта ёпиқ павильонлар ташкил этилган. Гўшт ва сут маҳсулотлари расталари шулар жумласидандир. Қолаверса, икки қаватли 15 та умумий овқатланиш шохобчалари қурилиб, фойдаланишга топширилган.
– Бозор эл маъмурчилигининг кўзгуси. Олдинлари фақат шу тушунча устувор саналарди,  – дей­ди МЧЖ раҳбари Жамшид Ҳусанов. – Энди эса бу омил янада кенгайди, такомиллашди. Боиси, замон шиддат билан ривожланмоқда. Одамларнинг дунёқараши, диди ўсяпти. Ҳар куни бир янгилик қилиш ташвиши билан ёняпти. Шундай жараёнда бир четда ўзибўларчиликка йўл қўйиб бўлмайди. Аҳолига сифатли мева-сабзавот, озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш, адолатни ушлаш, истеъмолчиларга қулайлик яратиш асосий вазифамиз. Шу мақсадда юртимиз бозорларини ўрганиб, қаерда бир қулайлик кўрсак, шуни ўзимизда ҳам жорий қилишга интиламиз.
Хусусан, пойтахтимиздаги Қўйлиқ деҳқон бозорини кузата туриб, бир павильонли улгуржи бозорни қуриш фикрига келинди. Натижада қисқа вақтда усти ёпиқ бино қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ҳозир бу ерда маҳаллий деҳқон ва фермерлар ўзлари етиштирган маҳсулотларини сотишмоқда. Қолаверса, талаб ва таклифлар ўрганилиб, қўшни вилоятлардан ҳам мева-сабзавот маҳсулотлари келтириляпти.
Бозор комплексида ҳам кўпгина бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Муҳими, бу ишларда минг йиллардан буён сақланиб келаётган миллатимизнинг маданияти ҳисобга олинди. Оддийгина мисол: сифати тез бузиладиган гўшт маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари учун алоҳида иккита павильон қурилди. Махсус музлаткичлар билан таъминланди. Харидорларга қулайлик яратиш учун бинонинг ҳаво мўътадиллигини сақлаш мақсадида замонавий кондиционерлар ўрнатилди. Яқинда эса юз миллион сўмлик банк кредити эвазига яна икки павильон қурилиш ишлари бош­лаб юборилди. Уларнинг бирида товуқ гўшти ва тухум савдоси йўлга қўйилса, бошқасида ширинликлар сотилади. Натижада 40 та янги раста иш бошлайди. Ҳозирданоқ паррандачилик билан шуғулланувчи фермерлар билан маҳсулот етказиб бериш бўйича шартномалар ҳам имзолаб қўйилибди.
Бир сўз билан айтганда, бозорнинг яна икки павильонида маҳсулотлар батартиб жойлаштирилган. Хусусан, нон, қандолат, мева, сабзавот ва кўкатлар растаси бир павильон бўлса, иккинчисида бошоқли-дон ва полиз маҳсулотлари савдоси йўлга қўйилган.
Китоб деҳқон (озиқ-овқат) бозорининг 2,5 гектарлик майдонида жами 142 та савдо объекти бор. Уларнинг 127 таси маиший хизмат кўрсатиш ва турғун савдо, 15 таси эса умумий овқатланиш шохобчасидир. Савдо ўринлари сони эса 867 тани ташкил этади. Бозор ҳудудида гул ва кўчатлар, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари уруғини сотиш дўконлари ҳам мавжуд.
Ўтган йили замон талабларидан келиб чиқиб, бозор ҳудудида бўлган тадбиркорларга тегишли бир қаватли, пастқам ва эски 16 дўкон ўрнига икки қаватли замонавий дўконлар қад кўтарди. Қолаверса, у ерда пиёдалар учун иккита кўприк қурилди.
Ўтган йили бозор ҳудудида яна бир хайрли ишга қўл урилди. Икки қаватли маъмурият биноси қад ростлади. 145 миллион сўмлик маблағ эвазига барпо этилган ушбу иншоотда маънавият ва маърифат хонаси ташкил этилди. Бозорда радиоузел ҳам ўрнатилган. Ундан мамакатимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ҳақида хабарлар бериб борилади.
Бозорда замонамизга хос ва мос бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари давом этмоқда. Мақсад эса ягона: халқни рози қилиш, харидорлар учун қулайлик яратишдир.

Баҳодир ҲАЛИМОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.