ШЎРКЎЛНИНГ ХУШТАЪМ «ХАЗИНАСИ»

2_balu

Бухоро вилояти

Шўркўл воҳадаги йирик сув омборларидан бири. Бу ерда тўпланадиган обиҳаёт билан Шофиркон ва Ғиждувон туманларидаги экин ерлари суғорилади. Қолаверса, унда мўл-кўл балиқ етиштириш имконияти ҳам мавжуд. Шу мақсадда табиий кўл майдони бундан бир неча йил олдин балиқ етиштиришга ихтисослашган корхоналарга ижара шартномаси асосида бўлиб берилганди.

Аммо мазкур корхоналар томонидан кўл ҳудудида самарали иш юритилмаганлиги сабабли, балиқ парваришлаш ва уларни овлаш борасида кутилган натижаларга эришилмади.
Шу боис, яқинда вилоят ҳокимлиги томонидан сув ҳавзасини тегишли тартибда тадбиркорлик субъектларига узоқ муддатли ижарага бериш юзасидан қайта танлов ўтказилди. Ғиждувонлик тадбиркор Акмал Болтаевнинг танловга тақдим этган лойиҳаси  ташкилотчиларга ҳар томонлама маъқул тушди.
Айни кунда сув ҳавзасида тадбиркор томонидан парваришлаш учун 3 тоннага яқин турли хилдаги майда балиқлар ташланган. Интенсив усулда балиқ етиштириш мақсадида 25 дона қафас ўрнатилган. Яқин кунларда улар сони яна шунчага кўпайтирилади.
Тадбиркорнинг лойиҳасидан сув ҳавзасини майда балиқлар билан балиқлантириш, кўлда интенсив усулда балиқ етиштириш мақсадида махсус қафас (садок)лар ўрнатиш, овланган балиқларни сақлаш учун катта сиғимли музлаткич қуриш кабилар ўрин олган. Бундан ташқари, кўл ҳудудида аҳоли учун дам олиш, чўмилиш ва ҳаваскор балиқ овловчилар учун махсус жой ташкил этиш, келгусида эса сув омбори атрофида туячиликни йўлга қўйиш ҳам кўзда тутилган.
– Туя сутининг шифобахшлигини барчамиз яхши биламиз, – дейди Акмал Болтаев. – Шу боис, кўл бўйида беморларни туя сути билан даволашга мўлжалланган мўъжазгина шифо маскани қуриш мақсадимиз ҳам бор.
Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, Шўркўл катта имкониятларга эга бўлган сув ҳавзаси. Ундан самарали фойдаланиш орқали аҳоли дастурхонида “луқмаи ҳалол” сероблигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш мумкин.

Ҳамроз АЛИ,
“Qishloq hayoti” мухбири.