БУГУН БЕШТА, ЭРТАГА ЭЛЛИКТА ТУЯ

3_tuya

Тошкент вилояти

Ўрта Чирчиқ туманидаги Чангтепа маҳалласида яшовчи тадбиркор Ойбек Ўрмонов ҳовлисидаги чоғроққина фермада 5 та соғин туя парваришламоқда.

Қашқадарё вилоятининг Косон туманидан олиб келинган туялар 1-2 ойда бу ерларнинг шароитига мослашди.
– Авваллари туя­лар инсонларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилиб келган, – дейди тадбиркор. – Бугунги техника асрига келиб, туялар анча камайиб кетди. Аммо камёб бу жониворнинг фойдали томонлари кўп. Унинг гўшти ва сути юрак, қон-томир, жигар, қабзият, ошқозон, қанд касалликларида шифо  бўлади. Аҳолига шифобахш туя сути етказиб бериш мақсадида туячиликни йўлга қўйдик.  Келгусида 50 бош туя боқиладиган ферма ташкил этиш ниятидаман.
Ойбек Ўрмонов Чангтепадаги илғор тадбиркорлардан.  Унинг шоли тегирмони, маккажўхори донини ажратадиган ва ем тайёрлайдиган цехи аҳолига сифатли хизмат кўрсатаётганига анча бўлди.
Ҳовлидаги иссиқхонада 15 мингдан ортиқ помидор кўчати тайёрланмоқда.  Хонадонда курка ва Пекин ўрдаклари кўпайтирилмоқда. Оилада барча иш билан банд.
Юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш йўлида яратилаётган қулай имкониятлардан баҳраманд бўлаётган чангтепалик Ойбек Ўрмонов катта эзгу мақсадларни кўзлаб, яратувчанлик ишқи билан яшамоқда.

Маъмуржон БОЗОРАЛИЕВ