ДАСТЛАБКИ ИШЛОВДА ҲИКМАТ БИСЁР

Ғўзанинг илдам ривожланиб, мўл ҳосил бериши учун культивацияни тез ўтказиш зарур. Чунки бу тадбир ўсимлик илдизининг яхши ривожланишига шароит яратади. Бу жараёнда имкон қадар ғўзанинг жароҳатланишига йўл қўймаслик даркор. Шу боис, ўсимлик илдизларининг ҳолати тўғрисида яхши тасаввурга эга бўлмай туриб, ғўза қатор ораларига сифатли ишлов бериб бўлмайди.

Ишлов беришга ёш ниҳоллар чиқа бошлаши билан киришилса, ўқ илдиз ва ён илдизлар яхши ривожланади. Агарда бу тадбир кечиктирилса, яъни чигит тўлиқ униб чиққач ўтказилса, илдизлар ривожи бир мунча сусаяди. Бундан кўринадики, ғўза қатор ораларига ишлов беришни эрта бошлаш катта аҳамиятга эга. Бунда бегона ўтлар ҳам ёш вақтида йўқотилиб, дала яхши тозаланади. Бу эса ғўза илдизининг жадал ривожланишида муҳим роль ўйнайди. Биринчи ишлов беришга ниҳолларнинг 60-70 фоизи униб чиққанда киришилса, ўсимлик ривожланиши тезлашади. Демак, қатор ораларига муддатидан кечикиб ишлов берилса, илдизлар шикастланиши мумкин. Шунинг учун ишлов беришда уларнинг кам жароҳатланишига эришмоқ керак. Шундай экан, ғўза қатор ораларига кўп марталаб ёки ортиқча чуқурликда ишлов беришга ҳожат йўқ.
Биринчи культивацияни тракторни паст тезликда ҳайдаш ҳамда кам чуқурликда ўтказиш мақсадга мувофиқ. Бунда сифатни таъминлаш учун культиватор ишчи қисмларини тўғри танлаш ва уларни қатор ораларига тўғри жойлаштириш зарур. Бегона ўтларни йўқотиш ва ҳимоя ҳудудини юмшатиб кетиш учун культиваторга ротацион юлдузчалар ва пичоқлар ўрнатиш лозим.
Қатор орасига ишлов бериш –  ерни юмшатиб, ўсимлик учун қулай ҳаво ва иссиқлик режимини таъминлайди. Шунингдек, тупроқнинг ортиқча зичлашиб кетишига йўл қўймайди, тупроқ захини йўқотади.
Биринчи культивация ўтказишда минерал ўғит берилмайди. Ғўза 2-3 чинбарг ҳосил қилгунга қадар умумий миқдорга нисбатан азотнинг 0,13, фосфорнинг 0,10 ҳамда калийнинг 0,10 фоизи, 2-3 чинбарг чиқаргандан шоналагунга қадар азотнинг 10, фосфорнинг 8,6, калийнинг 7,2 фоизи, шоналашдан қийғос гуллаш давригача азотнинг 30, фосфорнинг 19, калийнинг 13 фоизи миқдорида ўзлаштиради.
Маълумотларга қараганда, ғўза дастлаб биринчи-иккинчи чинбарг пайдо бўлгунига қадар асосан чигитнинг ҳисобига ривожланади. Чинбарглар пайдо бўлиб, фотосинтез жараёни кучайиши билан озиқ моддаларга талаб ортади.
Биринчи культивацияни сифатли ўтказишнинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, унмай қолган чигитлар ҳам тезда бўй кўрсатиб кўчат сони ортади. Тупроқ майин ва донадор бўлиб, ўсимлик илдизининг яхши ривожланишини таъминлайди, пировардида, сувсизликка чидамлилигини ошириб, сувни 10-15 фоиз тежаш имконини беради. Шу билан бирга, ғўзанинг гоммоз, илдиз чириш касалликларига чалинишининг олдини олиб, унинг дуркун ўсиб-ривожланишини таъминлайди.
Дала четларидаги бегона ўт ҳамда ғўзалардаги шира, трипс каби сўрувчи зараркунандаларга олтинкўз энтомофагини гектарига 500-1000 донадан ҳамда 1 грамм трихограмма қўйиш керак. Шунинг­дек, ғўзанинг шира ва трипсга чидамлилигини ошириш мақсадида 1,5 фоизли карбамидли суспензия билан ишлов бериш тавсия этилади.
Маълумки, ҳар бир йил, унинг ҳар бир даври ўзига хос хусусиятларга эга бўлади. Шунинг учун ҳам мутахассислар кенг миқёсда фикр юритишлари, янгиликларни ишлаб чиқаришга жорий этишга ижодий ёндашишлари зарур.

Ренат НАЗАРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими.