Давраларда шукроналик ифодаси

2_bobo

Фарғона вилояти

Шу кунларда Фарғона вилоятининг қишлоқ ва маҳаллаларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонини ижро этиш юзасидан қатор тадбирлар, учрашувлар, суҳбатлар бўлиб ўтмоқда. Уруш ва меҳнат фахрийлари ёшлар, жамоатчилик вакилларига урушнинг инсоният тарихида қолдирган салбий асоратлари, ҳозирги тинч ва осойишта ҳаётнинг қадрига етиш хусусида сўзлаб бермоқда.

– Бизнинг мамлакатимиздагидек ҳеч қайси мамлакатда кексалар бу даражада қадрланмайди, – дейди “Нуроний” жамғармаси Фарғона вилояти бўлимининг раиси Топволди Холдоров. – Бугунги кунда вилоятимизда 159 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 5000 нафардан зиёд меҳнат фронти фахрийлари истиқомат қилмоқда. Уларнинг ҳолидан хабар олиш, саломатликларини муҳофаза қилиш, моддий ва маънавий рағбатлантириш мақсадида вилоятимизда кўплаб хайрли ва эзгу ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоятдаги “Нуроний” жамғармаси бўлими, соғлиқни сақлаш бошқармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди бўлими, хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати кенгаши ҳамкорлигида меҳр-мурувват кунлари ўтказиб келинмоқда.
– Яратганга шукроналар бўлсинки, мана соғ-саломат яшаб турибман, – дейди Тўда қишлоғида умргузаронлик қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси 94 ёшли Абдулҳай ота Азизов. – Бугунги ободликни, кўркам ҳаётни кўриб, фарзандларим, невара, чевара, эвараларимнинг бахтли ҳаётига боқиб хурсандчилигимдан бошим осмонга етади. Қани энди Худо менга яна ёшлигимни қайтарса, тинмай ишлаган, халқимга бундан ҳам яхшироқ хизмат қилган бўлар эдим. Бутун умрим давомида ёшларга билим, тарбия бердим. Улар Ўзбекистон учун жонини фидо қиладиган кишилар бўлиб етишишган, кўплари олий маълумотли. Саккиз фарзандимдан олтитаси пенсияга чиққан, қолганлари ҳам шу ёшга етай деб туришибди.
Бундай қадр топган кексалар тилидан эшитилган дил сўзлари ҳаётга шукроналик белгисидир.

Ҳамиджон БУРҲОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.