Эътибор ва эъзоздан диллар мунаввар

2_boboy

Навоий вилояти

Президентимизнинг жорий йил 4 апрелдаги “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонига асосан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт ортида жасорат кўрсатган пиру бадавлат кексалар ва меҳнат фахрийларининг ҳолидан хабар олиниб, уларга алоҳида эҳтиром кўрсатилмоқда.

Айниқса, давлат ва жамоатчилик вакиллари томонидан 1941-1945 йиллардаги уруш фахрийларини рағбатлантириш мақсадида “GM O`zbekiston” АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган енгил автомобилларнинг навбатсиз шартномавий буюртма орқали харид қилиш бўйича им­тиёзли сертификатларнинг топширилаётгани улар қувончига қувонч қўшмоқда.
Навоий шаҳридаги “Ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 95 ёшни қарши олган бобонинг ҳам айни ёшлик даври суронли йилларга тўғри келди. Иккинчи жаҳон урушида қаҳрамонлик кўрсатган бобо шундай доруламон кунларга етказганига минг бора шук­рона келтиради.
9 нафар фарзанд, 35 нафар невара, 5 нафар эвара ардоғида тинч ва осойишта, бахтли ҳаёт кечираётган Ибрагим бобо Исмоиловнинг бугун кўнгли янада кўтарилди. У мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган енгил автомобиллардан навбатсиз имтиёзли олиш ҳуқуқини берувчи сертификат олди.
– Эътибор ва рағбатдан руҳланиб, беихтиёр кўзларим ёшланди, – дейди у. – Бугунги доруламон кунлар орзу эди.  Тинчлик – энг буюк неъмат! Унинг қадрига етиб яшаш – шу юртдаги ҳар бир инсон зиммасидаги улкан вазифа. Буни ҳеч ким унутмаслиги лозим.
Оғир уруш даврини бошидан кечирган, ҳаёт қийинчиликларини жасорат билан енгиб ўтган Навоий шаҳрининг Бинокор маҳалласида умргузаронлик қилиб келаётган, айни пайтда 87 ёшни қаршилаган Раиса Петухова ҳам бугунги тинч кунларга етказганидан, шундай бетак­рор юртда фаровон ҳаёт кечираётганидан бахтиёр.
Кенг жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари, ёшлар ҳар доим Раиса момонинг ҳолидан хабар олиб туришади. Бу эътибор эса унинг кучига куч, қувватига қувват қўшади. Шундай бағрикенг ва меҳр-оқибатли миллатлараро тотувлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик улуғланган диёрда яшаётганидан ғурурланади.
– Мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат, тизимли ислоҳотлар туфайли юрт тинч, эл бахтиёр, турмушимиз фаровон, – дейди Раиса Петухова. – Йилдан-йилга ҳаётимиз гўзал бўлиб боряпти, бир-биридан кўркам иморатлар, гузарлар, спорт комплекслари бунёд этиляпти. Қани энди, қайта ёшарсангу шундай бетак­рор кунларда жавлон уриб ишласанг. Ҳар куни она Ватанимизнинг доим тинч, фаровонлиги барқарор бўлишини тилаймиз.
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг юртимиз тинчлиги учун чеккан заҳмати, ҳаёт қийинчиликларини сабот билан енгиши биз учун ҳамиша ҳақиқий жасорат ва фидойилик тимсоли бўлиб қолади.

Отабек АСЛОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.