ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ – ТАРАҚҚИЁТ АСОСИ

“Бухорода “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури бажарилиши устидан кенг жамоатчилик назоратини ўрнатишда ОАВнинг ўрни” мавзуcида семинар-тренинг ўтказилди.

Мазкур тадбир Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентлик­ларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан ташкил этилди.
Ундан кўзлаган мақсад Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекис­тон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури доирасида амалга оширилиши белгиланган вазифалар ижроси устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда оммавий ахборот воситаларининг ўрнини янада мустаҳкамлаш, журналистларнинг ушбу масалаларни ёритишга оид билим ва тажрибасини оширишдан иборат.
Президентимиз ташаббуси билан фуқаролар, давлат ва жамият манфаатларини кўзлаб халқ билан мулоқот самарадорлигини янада оширишнинг янги механизми яратилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти, давлат бошқаруви органларининг виртуал қабулхоналари, Халқ қабулхоналари фаолияти йўлга қўйилгани ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этишда, қабул қилинадиган ҳуқуқий ҳужжатларнинг халқчиллигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларнинг боришини, аҳоли ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланишини ўрганаётгани халқ билан мулоқотнинг самарали усули сифатида ўзини оқламоқда. Масалан, Бухоро вилоятининг Шофиркон ва Жондор туманларида амалга оширилган ўрганишлар муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишда парламент билан маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳамкорлиги мустаҳкамланаётганини кўрсатди.
Семинарда журналистларга вилоятда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижроси доирасида амалга ошириладиган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Дастурга мувофиқ, вилоят­да қиймати 1,5 триллион сўмлик 2 минг 216 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Бу лойиҳаларнинг амалга оширилиши 19 мингта янги иш ўрни яратиш имконини беради.
Шунингдек, тадбирда журналистларнинг ижтимоий ва ижодий фаоллиги, ҳуқуқий билими, маҳорати ва малакасини ошириш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Ҳамроз АЛИ,
“Qishloq hayoti” мухбири.