Эл соғлиғи – юрт бойлиги

3_02

Жиззах вилояти

Мамлакатимизда тиббиёт соҳасига қаратилаётган эътиборда ана шундай эзгу ғоя  мужассамдир

– Мазкур қарор асосида вилоя­тимизда 13 та ижтимоий дорихона юзага келтирилди, – дейди “Жиззах дори-дармон” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Эргаш Тожибоев. – Ушбу дорихоналарда уруш ва фронторти фахрийлари, ёлғиз қариялар ҳамда онкологик, сил, қандли диабет каби бир неча турдаги касалликларга чалинган беморларга имтиёзли рецептлар асосида ойига 4,5-5 миллион сўмлик дори-дармонлар бепул тарқатилмоқда. Шунингдек, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган 116 турдаги, хориждан келтириладиган 227 турдаги дори ва тиббиёт буюмлари чекланган нархларда сотилмоқда. Яъни ушбу дори-дармон ва тиббий буюмлар 5 фоиздан 120 фоизгача арзонлаштирилди. Хизмат сифатини ошириш мақсадида 6 та “Дамас” ва “Исузи” русумли махсус автомашиналарда вилоятимиз туманларига дори-дармонлар етказиб беряпмиз. Дарвоқе, Зафаробод туманида 22 турдаги шифобахш ўсимликларни қуритиш ва қадоқлаш цехи ҳамда дори-дармон сақлаш омборхонаси фаолиятини йўлга қўйганмиз.
– Вақти-вақти билан қон босимим кўтарилиб туради, – дейди Шароф Рашидов туманида яшовчи Ориф Садриддинов. – Шу боис, дори-дармонга эҳтиёжим бор. Президентимиз ташаббуси билан дори-дармонларнинг арзонлашуви халқимиз кўнглидаги иш бўлди.
– Президентимизга раҳмат, дори-дармон нархини арзонлаштириб, кўпчиликнинг қийналмасдан ўз дардига шифо топиши учун имкон яратиб берди, – дейди Ғаллаорол туманида яшовчи Файзулла Дониёров. – Илгари айрим дориларнинг нархини эшитиб, қон босиминг кўтарилиб кетарди. Президентимиз дориларни ўзимизда ишлаб чиқарамиз, деяпти. Демак, дориларимиз янада арзонлашади, иш ўринлари яратилади. Шу боис, биз кексалар у кишини фақат дуо қиляпмиз.
2017 йилнинг 16 мартида давлатимиз раҳбарининг “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомилаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжат мамлакатимиз шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини малакали мутахассислар, замонавий асбоб-ускуналар, дори-дармон ва ихтисослаштирилган автотранспорт воситалари билан таъминлаш даражасини замон талабларига мослашга хизмат қилмоқда. Шунингдек, тизим таркибидаги тиббий муассасаларни мукаммал ва жорий таъмирлаш кўзда тутилган. Бу тадбирлар юқори технологик ва малакали шошилинч тиббий ёрдамни бепул ташкил этиш орқали ногиронлик ва ўлим даражасини пасайтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятли.
– Президентимизнинг шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштиришга оид фармони соҳада улкан ўзгаришлар даврини бошлаб берди, – дейди республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг вилоят филиали директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Ботир Ҳамроқулов. – Жумладан, 2020 йилгача 149 шифокор ҳамда 534 нафар ҳамшира фаолият кўрсатаётган филиалимиздаги барча тиббий ускуна ва анжомлар “Саломатлик-3” дастури доирасида замонавийларига алмаштирилади. Шунингдек, вилоятдаги барча шошилинч тиббий хизмат кўрсатиш бўлим ва шохобчалари учун энг зарурий ҳисобланган 41 турдаги дори воситалари ҳамда асбоб ва ускуналар марказлашган ҳолда етказиб бериладиган бўлди. Мазкур жиҳат арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминланиш имконини беради. Айтганча, бу дориларнинг 25 тури ўз дорихонамизда тайёрланади. Шунингдек, дори-дармон учун ажратиладиган маблағ икки баробарга ошириляпти. Мазкур ўзгаришларга уйғун тарзда малака оширишга қаратилган тадбирлар кўлами кенгаймоқда. Жумладан, шифокорларимиз Жанубий Корея, Туркия, Хитой, Ҳиндистон, Россия ва Австрияда билим ва таж­рибаларини ошириб қайтишди. Шу мақсадда бир нафар шифокор Санкт Петербургдаги Джаниридзе номидаги шошилинч ёрдам кўрсатиш илмий марказига ўқишга юборилган. 120 нафар шифокорнинг республикамиздаги энг нуфузли шифохоналарда билим ва таж­рибаларини оширишлари ташкил этилди. Бунинг натижасида ўтган йили филиалимизда 16 минг 283 нафар беморга малакали тиббий кўмак кўрсатилиб, 5 минг 653 та жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Ушбу жарроҳлик амалиётларининг 779 таси замонавий лопроскопик ускуналарда амалга оширилди.
– Бир ёшли фарзандим ўткир абструктив бронхит ташхиси билан  республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг вилоятимиздаги филиалига ётқизилди, – дейди Жиззах шаҳрида яшовчи Феруза Икромова. – Шифокорларга раҳмат, боламнинг соғлиғини жуда тез тиклашди. Илгари катта фарзандим касалхонага тушганида дори-дармон уёқда турсин, эмлаш воситаларини ҳам сотиб олган эдик. Ҳозир вазият кескин ўзгарибди. Дори-дармонлар шифохона ҳисобидан ажратиляпти.
Мамлакатимиз раҳбарининг “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида республика шошилинч тиббий ёрдам маркази ва унинг ҳудудий филиалларининг ягона маълумотлар тармоғини юзага келтириш назарда тутилган. Яъни,  республикамизнинг барча ҳудудларида тез тиббий ёрдам чақириқларини қабул қилишни таъминлайдиган диспетчерлик хизматлари юзага келтирилади. Бу тадбир шифохоналарнинг шошилинч тиббий ёрдам машиналаридан самарали ва мақсадли фойдаланиши учун омил бўлади. Қолаверса, вилоятда тез тиббий ёрдам машиналари сонининг қарийб икки баробарга ортиши кутиляпти.
– Вилоятимиз шошилинч тиббий ёрдам тизими 70 дан ортиқ тез ёрдам машиналарига эга, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг санитар авиацияси ва тез тиббий ёрдам бўйича бош мутахассиси Синдор Каримов. – Ўтган йили ноябрь ойида Дўстлик, Ғаллаорол, Шароф Рашидов ва Зомин туманларидаги шошилинч тиббий ёрдам бўлимларига жарроҳлик амалиётини ўтказиш мумкин бўлган 4 та реанимобиль келтирилди. Эрта-индин 7 та “Дамас” русумидаги машина олиб келинади. Умуман олганда, вилоятимиздаги тез ёрдам машиналари сонини 110 тага етказиш мўлжалланяпти. Бу тадбирлар ҳудудимиздаги 19 та ҳамда ташкил этилиши кўзда тутилаётган 27 та шошилинч тиббий ёрдам шохобчаларини тез ёрдам машиналари билан таъминлаш шароитини яратади. Бундан ташқари, автоуловларнинг барчасига GPS ускунаси ўрнатилади. Натижада мувофиқлаштирувчи диспетчерлик хизмати орқали автомобилларнинг ҳаракатланиши тўлиқ назорат остига олинади. Ишнинг бу тарзда ташкил этилиши чақирув жойига энг яқин турган транспортни йўллаш имкониятини беради. Яъни, шифокор бемор ҳузурига тезроқ етиб боради. Шошилинч ёрдамга қандай шароитларда мурожаат қилиниши ҳисобга олинса, масаланинг қандай аҳамият касб этишини тасаввур этиш қийин эмас. Хусусан, ўтган йили тез ёрдам машиналарида 216 мингта чақирув асосида вилоят аҳолисига тиббий кўмак кўрсатилган.
Вилоятда тиббий муассасаларнинг туну кун ишлаши, тиббий кўрик­лар кўлами ва сифатини ошириш, аҳоли билан доимий мулоқотда бўлувчи патронаж ҳамшираларининг фаолият доирасини кенгайтириш чоралари кўриляпти. Дорихоналар ишини мавжуд ҳуқуқий меъёр ва талаблар асосида ташкил этиш масаласи ҳам эътибордан четда қолмаяпти. Шунингдек, чекка ҳудудлар аҳолисига хизмат кўрсатувчи шифокорларни рағбатлантириш мақсадида 12 та турар-жой барпо этилмоқда.
– Президентимизнинг жорий йил 5 январь ва 9 февраль кунлари тиббиёт ходимлари билан учрашиши ва соҳада кузатилаётган  камчиликларни бартараф этиш нуқтаи назаридан қўяётган талабларидан ҳамда тиббиётга оид барча фармон ва қарорларидан у кишининг халқимиз саломатлигига чуқур қайғураётганлигини ҳис этяпмиз, – дейди Республика саломатлик ва тиббий статистика институтининг вилоят филиали бўлим бошлиғи Қувондиқ Раззоқов. – Шу маънода, мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор самарали ва натижадор тадбирларга қўл урилмоқда. Жумладан, ҳудудимиздаги 169 та қишлоқ врачлик пунктларининг 88 таси қисқартирилиб, уларнинг ўрнида 25 та оилавий ва кўп тармоқли поликлиникалар фао­лияти йўлга қўйилаётир. Мазкур поликлиникаларда аҳоли терапевт, жарроҳ, акушер-гинеколог, стоматолог, педиатр хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, поликлиникаларда тез тиббий ёрдам бўлимлари фаолияти йўлга қўйилиб, замонавий ташхис ускуна ва асбоблари билан таъминланади. Қишлоқ врачлик пунктларида эса аҳоли сонига мос равишда 3 нафардан 5 нафаргача врач фаолият кўрсатади ва шифохонада туну кун иш ташкил этилади. Қисқартирилган қишлоқ врачлик пунктлари туман тиббиёт бирлашмалари ихтиёрига ўтказилиб, уларда эмлаш, муолажа ҳамда патронаж ҳамшираси учун барча зарурий шароитлар яратилади. Патронаж ҳамширалар сони оширилади ва уларнинг ҳар бири илгаридек  1200 эмас, 700-800 кишига тиббий хизмат кўрсатишига эришилади. Бу эса ҳамширанинг ҳафта давомида камида бир марта ўзига бириктирилган хонадонда бўлишига ша­роит яратади.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.