Бир йилда, бир ердан уч ҳосил

Сирдарё вилояти

Мирзаобод  тумани Дўнгариқ маҳалласида яшовчи Зокир  Маматқулов 20 сотих майдонда иссиқхона барпо этган. Иссиқхона усти ва  чор атрофи  икки қаватдан плёнка билан ёпилган. Қишда ўтин билан иситилади.  Тажрибали деҳқон август  ойи охирида саримсоқ пиёз экиб, биринчи ҳосилни декабрь ва январь ойларида йиғиштириб  олди. Кейин ҳосилдан  бўшаган  майдоннинг ярмига бодринг кўчати, ярмига помидор, булғор қалампири уруғларини экди.

Шу тариқа иссиқхонада ҳам мўл бодринг ҳосили, ҳам аҳолига сотиш учун кўчат етиштирилмоқда. Иккинчи ҳосил йиғиштириб олингач эса ялпи майдонга кечки помидор кўчати ва картошка уруғини экиб, улардан ҳам даромад оляпти. Излаганга  имкон кенг деганларидек, январь ойида биринчи ҳосил – саримсоқпиёзнинг ўзидан тадбиркор 8  миллион  сўмдан  кўпроқ даромад олди. Айни вақтда кечки бодринг  ва помидор, шунингдек, булғор қалампири кўчатларини пешма-пеш  йиғиштириб  олиб талабгорларга етказиб бераётир. Бир ердан  уч марта ҳосил олаётган миришкорлар оиласи   мўъжазгина иссиқхонанинг ўзидан йилига 30-40  миллион  сўм  қўшимча даромад қиляпти.
Шу маҳаллада   яшовчи Норжигит Туротов  қишда  маҳаллий ўғитни анор жўяк­ларига “шарбат” қилиб оқизади.  Кўчатларни кузда кўмиш, баҳорда очиш ишларини  ҳам йил  қандай келишига қараб, оби-тобида амалга оширади. Суғориш,  анор қуртига  қарши дорилаш ишларини кўчатларнинг ҳолатига қараб олиб бораётганлиги туфайли, у ҳар йили  анордан яхшигина  даромад олаётир. Қолаверса, томорқасида анорнинг янги навларини экиб, таж­рибада синовдан  ўтказади.  Талабгор, анорчиликка қизиқувчиларга ҳари йили 3-4 минг кўчат етказиб  беради.
Янгиовул  маҳалласида истиқомат қилаётган Раҳматилла Холмуродов эса узумчи деҳқон сифатида ном қозонган. У  томорқасида ҳар йили мўл узум етиштириш  билан бирга янги боғ яратувчиларни турли навдаги ток  кўчатлари билан  таъминлайди.  Ўзи барпо этган боғда кишмишдан  тортиб, “Ризамат” навигача бор. Шунингдек, томорқасида захкаш  тупроқ  шароитига  мослашган ток кўчатлари ҳам парвариш  қилинаётир.
– Кўчатларини шўрхок  майдонга ўзимиз  мослаштирдик, – дейди у. – Ерга  кўп миқдорда маҳаллий ўғит  солиб, уни  жўякларга “шарбат” қилиб оқизганимиз  боис, шўр икки-уч йилда чекиниб, томорқамиз унумдор ерга айланди. Энг  муҳими,  узумчиликда кўчатларга  вақтида  шакл бериб, суғориш, занг ва бошқа касалликларга қарши уларни дорилаш тадбирларини ўз вақтида пухта амалга оширамиз.
Ҳа, бу маҳаллаларда томорқадан катта фойда олаётган миришкор деҳқонлар  кўпчиликни ташкил  этади. Аҳмад Дўстбеков, Усмонқул Ёрқулов, Абдужаббор Назаров, Абдували Қўзибеков каби миришкорлар  лимонзор, боғлардан,   сабзавот ҳамда кўкатдан мўл  ҳосил етиштириб, аҳоли дастурхони тўкинлигига муносиб  ҳисса  қўшиб  келишмоқда. Деҳқончиликнинг ҳадисини  олган томорқа эгалари  йилига  бир ердан икки-уч марта ҳосил  олиб, ундан ўртача  10-15 миллион сўм фойда кўришмоқда.

Бозорбой БЕКМУРОДОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.