«Аҳоли тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, халқ розилигини таъминлаш – устувор мақсадимиз»

5_agrobank1

“Агробанк” акциядорлик тижорат банки томонидан “Оддий аҳолини тадбиркор қилиш” шиори асосида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, одамларнинг қувончи, эртасига ишончи кўп жиҳатдан оиласидаги ҳаёт тарзи, турмуш даражасига боғлиқ. Бизга шу ҳам бўлаверади, деган қараш билан яшаш вақти аллақачон ўтди. Уйида даромад топган, фарзандларини ҳам шу руҳда ўстирган оила фаровонлигига замин яратади. Давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад – одамларга елкадош бўлиш, фарзандларининг бахти-камолини кўриши учун барча имкониятларни яратишдир.

Биринчи Президентимиз раҳбарлигида мустақиллик йилларида юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, шахсий томорқа хўжалигини ривожлантириш, пировардида, аҳолининг турмуш даражасини ошириш борасида ислоҳотлар амалга оширилди. Бу эса ўзининг ижобий самараларини берди.
Давлатимиз раҳбари ­Шавкат Мирзиёев Биринчи Президентимиз бошлаб берган тараққиёт йўлини изчил давом эттириш мақсадида янги стратегик вазифаларни кун тартибига қўйди. Халқимиз бугун барқарор ривож­ланаётган, эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини янада тараққий эттиришга ҳисса қўшишни, аввало, ўзи ва оиласи учун барқарор ва тўкин ҳаётга эришишнинг мустаҳкам замини сифатида теран англади. Юртдошларимиз эртанги куни бугундан-да зиёда бўлишига ишонди ва шу улуғ мақсад йўлида янада жипслашди.
Давлатимиз раҳбари 2016 йилнинг 14 декабрь куни Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида халқ билан янада яқин бўлиш, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, шу орқали уларнинг турмуш фаровонлигини янада ошириш, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсадида тижорат банкларининг олдига ҳам бир қатор улкан вазифалар қўйиб, зарур йўл-йўриқлар ва кўрсатмалар берди.
Бугунги кунда тижорат банклари Президентимиз белгилаб берган вазифа ва кўрсатмалар асосида ўз иш услуб­ларини ўзгартириб, фуқароларимиз ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ишончини қозонишга, аҳолининг бандлигини таъминлаш ва оилавий даромадларини оширишга кўмакдош бўлмоқда. Ўз навбатида, халқимиз ҳам бу имкониятлардан самарали фойдаланишга ҳаракат қилаётир.

Аҳоли билан мулоқотлар самараси
Буни “Агробанк” акциядорлик тижорат банки томонидан Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш, янгича ёндашувлар билан аҳолини тадбиркорликка етаклаш мақсадида олиб борилаётган кенг кўламли ишларда ҳам яққол кўришимиз мумкин.
Хусусан, мазкур молия муассасаси томонидан 2017 йилда мамлакатимизда хусусий тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, аҳолининг банкка нисбатан ишончини ошириш ҳамда янги иш ўринлари ташкил этиш юзасидан комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Унга кўра, “Оддий аҳолини тадбиркор қилиш” шиори остида аҳолини соҳага янада кенгроқ жалб қилиш, уларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини ошириш, ташкилий ва молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида банк томонидан амалий ишлар бошлаб юборилди.
Тасдиқланган комплекс дас­турни амалиётга татбиқ этиш мақсадида банкнинг марказий аппаратида махсус бошқарма ташкил этилди. Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар бош­қармалари ҳамда мавжуд 177 та филиалда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва микрокредитлар бериш учун алоҳида бўлимлар фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу янги бошқарма ва бўлимларга малакали мутахассислар ишга қабул қилинди. Шунингдек, дастур ижросини сифатли ташкиллаштириш мақсадида 2060 нафар банк ходими жалб этилди.
Ана шу мақсадда аҳоли билан мулоқотларни сифатли ташкил этишга қаратилган махсус жадвал ишлаб чиқилди. Ушбу жадвал асосида қишлоқ ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда жойларда аҳоли билан учрашувлар ўтказилди. Бундан ташқари, ҳар бир хонадонга банк томонидан мактублар йўлланди. Унда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳамда аҳолининг тадбиркорликка бўлган қизиқишларини аниқлашга қаратилган махсус сўровномалар ҳам юборилди. Банк ходимлари хонадонларда бўлиб, уларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиш бўйича имконият ва шароитларини ўрганишди, махсус сўровлар ҳам ўтказишди. Бундан ташқари, аҳолининг соҳага қизиқишини орттириш ҳамда бу жараёнлардан хабардорлигини янада ошириш мақсадида махсус буклет шаклидаги намунавий бизнес лойиҳалар тарқатилди. Банкнинг имтиёзли кредитлаш тартиблари, бу борадаги бошқа йўл-йўриқ ва меъёрий ҳужжатлардан иборат тадбиркорлик бурчаклари лойиҳалари жойларга етказилди.
Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган ва кредитга талаби бор оила вакилларининг бизнес лойиҳалари банк филиаллари томонидан қисқа муддатларда ўрганилиб, тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришда яқиндан кўмак берилмоқда. Жумладан, кредит ажратиш жараёнини ҳар бир кредитлаш тармоқ бошқармалари томонидан мунтазам мониторинг қилиб борилмоқда.
“Агробанк” АТБ томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш аҳолининг шахсий томорқалардан самарали фойдаланишларини ташкил этиш мақсадида жорий йилнинг шу кунига қадар 1 миллион 260 мингдан зиёд хонадон қамраб олинди.
Бунда аҳоли кўпроқ боғдорчилик, чорвачилик, ихчам иссиқхона қуриш, паррандачилик, ҳунармандлик, касаначилик, хизмат кўрсатиш каби соҳалар билан шуғулланиш истагини билдирган.
– Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир хонадон томорқасига ёнғоқ, лимон экиб, шунинг ортидан даромад олиши мумкинлиги борасидаги ташаббуси бизни янада руҳлантириб юборди, – дейди улуғнорлик Аҳмадали Абдуллаев. – Шу боис, томорқамизда ихчамгина иссиқхона ташкил этиб, лимон етиштиришни мақсад қилган эдик. Ниятимиз амалга ошишида “Агробанк”нинг туман филиалидан ажратилган 7 миллион сўм кредит қўл келди. Лимон шифобахш хусусиятларга эгалиги кўпчиликка маълум. Шу сабабдан ҳам у жуда харидоргир. Бундан ташқари, биз томонларда лимон етиштиришнинг ҳадисини олган кишлар талайгина. Томорқасидаги бир қарич ерга меҳр бериб, турли мева-сабзавотлардан бир йилда уч марталаб ҳосил олишаётгани рост гап. Биз ҳам мўъжазгина иссиқхонадан самарали фойдаланиш мақсадида лимон кўчатлари қатор ораларига рўзғор учун помидор, бодринг, булғор қалампири каби экинларни экиб қўйдик. Бу ҳам рўзғор учун бир қўшимча даромад.
– Қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қў­йишни кўпдан бери ният қилиб юрардим, – дейди Ширин шаҳридаги М.Улуғбек номли МФЙда истиқомат қилувчи якка тартибдаги тадбиркор Наргиза Абдуқаҳҳорова. – Аммо уни амалга ошириш учун менда етарлича маблағ йўқ эди. Президентимизнинг микрокредитлар ажратиш бўйича қабул қилинган қарори фаолиятимни бошлашда мадад бўлди. Қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга оид бизнес режа тузиб, банкка тақдим этдим. Тўғриси, бошида бироз қийинчиликлар ҳам бўлди, бироқ банк ходимлари кредит ажратиш борасидаги муаммони тезда ҳал қилиб беришди. Бунда, албатта, аҳолини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш борасида ҳудудларда олиб борилаётган ислоҳотларни алоҳида таъкидлаш жоиз. Боиси, эндиликда баъзи раҳбар ва мутасаддилар аҳоли билан мулоқот қилиш, халқнинг дарду ташвишини эшитиш кераклигини тушуниб етмоқда. Бу эса биз каби тадбиркорлик фаолиятини бошлаётганларнинг йўлини очиб бермоқда. Аслида ҳам бир тадбиркор ўз оиласи, маҳалласига нафи тегиши, юрт фаровонлигига оз бўлса-да ҳисса қўшишга интилади.

Ҳар бир лойиҳа ортида янги иш ўринлари бор
Бугунги кунда мамлакатимиз банк тизимини изчил ва аниқ мақсад йўлида ислоҳ қилиш, молия муассасаларининг иқтисодиётимизни ривожлантиришдаги ролини ошириш, уларнинг капиталлашув даражасини кучайтириш, иқтисодиётнинг реал секторини кредитлаш кўламларини кенгайтириш ҳамда кўрсатилаётган банк хизматлари сифатини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, “Агробанк” акциядорлик тижорат банки ҳам бозор иқтисодиёти шароитида барча соҳа ва тармоқларнинг изчил фаолият юритишида фаол иштирок этмоқда. Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, банкнинг умумий капитали 645 миллиард сўм, устав капитали эса 468 миллиард сўмни ташкил этди.
Ҳисобот санасига кўра, банкнинг кредит қўйилмалари 3 триллион 968 миллиард сўмни ташкил қилиб, жорий йилнинг 1 январига нисбатан 965 миллиард сўмга ёки 132 фоизга ўсди. Шунингдек, 2017 йилнинг биринчи чораги давомида иқтисодиёт­нинг турли йўналишларидаги тармоқларни молиялаштиришга жами 1 триллион 738 миллиард сўм, шундан банкнинг ўз маб­лағлари ҳисобидан 916 мил­лиард сўм кредитлар ажратилди. Бу кўрсаткич ўтган 2016 йилнинг шу даврига нисбатан 753 мил­лиард сўмга ошди. Натижада кўп­лаб янги иш ўринлари яратилди ва минглаб оилаларга барака кирди.
– Жорий йилнинг ўтган даврида банк томонидан биргина кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга 334 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилди, – дейди “Агробанк” АТБнинг Кичик бизнес cубъектларини кредитлаш бошқармаси бошлиғи Карим Исматов. – Шунингдек, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлашга 92 миллиард сўм, ноозиқ-овқат товарлари ишлаб чиқаришга 78 миллиард сўм, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришга 25 миллиард сўм кредит маблағлари йўналтирилди. Бундан ташқари, тадбиркор аёлларнинг истиқболли лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашга 36 миллиард сўм, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни кенгайтириш учун 6,6 мил­лиард сўм, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига 9,4 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди.
Ўзбекистонда кузатилаётган барқарор ўсиш суръатлари ҳақида гап кетганда, бунинг боиси ва омилларидан бири, авваламбор, иқтисодиётимизга йўналтирилаётган капитал маблағлар, инвестициялар тобора ўсиб бораётгани билан изоҳланади. Бинобарин, республикада фаол инвестиция сиёсати юритилиб, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш ва янгилаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Бу жараён­нинг фаол иштирокчиси ҳисоб­ланган “Агробанк” фаолиятида инвестициявий лойиҳаларни молиялаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
Молия муассасаси томонидан ҳисобот даврида ажратилган инвестицион кредитлар миқдори 198 миллиард сўмни ташкил этиб, белгиланган параметр ижроси таъминланди. Ушбу кредитлар саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва транспорт, моддий-техник таъминотга ҳамда иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига йўналтирилди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республикамиз ҳудудларига ташрифлари давомида берилган топшириқлари ижросини таъминлаш юзасидан “Агробанк” акциядорлик тижорат банки томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган дастурларга мувофиқ банк томонидан 2017 йил 1 апрель ҳолатига кўра, жами 719 та лойиҳа учун 110,2 миллиард сўм йўналтирилган, шундан 25 миллиард сўми банк кредитлари ҳисобидан амалга оширилган. Жумладан, саноат соҳасида 117 та (48,5 миллиард сўм), қишлоқ хўжалигида 234 та (16,3 миллиард сўм) ва хизмат кўрсатиш йўналишида 368 та (45,4 миллиард сўм) лойиҳа молиялаштирилиб, 4,3 мингтадан ортиқ янги иш ўрни ташкил этишга замин яратилди.
“Агробанк” акциядорлик тижорат банки томонидан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига мувофиқ 2017 йил давомида 5 минг 908 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган.
Мазкур банк томонидан 14 та иқтисодий ночор корхонани қўллаб-қувватлаш, яъни уларнинг ишлаб чиқариш базасини реконс­трукция ва модернизация қилиш учун 41,7 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритилди.
Жумладан, замонавий технологиялар олиш мақсадида 9 миллиард сўм миқдорида маб­лағ ажратилди. Киритилган инвестициялар ҳисобига банк­рот корхоналар ўрнида 7,8 минг тонна озиқ-овқат ва 6159 тонна текстиль, 55 миллион дц. кв. тери маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи янги корхоналар барпо этилди. Натижада 624 нафар киши иш ўринга эга бўлди.

Сармоялар эл фаровонлиги учун
Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида фермерлик ҳаракати қишлоқда етакчи кучга айланди. Бу аграр соҳа рентабеллигининг ортиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кенгайтириш, қиш­лоқда саноатнинг ривожланиши, аҳоли бандлигини таъминлаш каби муҳим йўналишларда ўзининг самараларини бермоқда.
“Агробанк” акциядорлик тижорат банки томонидан Биринчи Президентимизнинг 2012 йил 22 октябрдаги фармонига асосан кўп тармоқли фермер хўжалик­ларини ривожлантириш мақсадида 175,3 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилди.
Бундан ташқари, банк томонидан қишлоқ хўжалиги корхоналари, шу жумладан, фермер хўжаликларини қишлоқ хўжалиги техникалари, агрегатлар ва эҳтиёт қисмлар билан таъминлашга 109,9 миллиард сўм маблағлар йўналтирилди. Ушбу маблағлар ҳисобига 686 та ҳайдов ва чопиқ трактори, 305 та комбайн, 70 та пахта териш машинаси ҳамда мингдан ортиқ турли техникалар ва агрегатлар етказиб берилди.

Замон билан ҳамнафас, давр билан ҳамқадам
“Агробанк” томонидан замонавий ахборот технологияларига асосланган хизматлар кўламини ривожлантириш борасида тегиш­ли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш мақсадида жорий қилинган “Интернет банкинг” тизимига уланган мижозлар сони 14 минг нафар, “Мобил-банкинг” хизматидан фойдаланаётганлар 772 минг нафардан ортди. Айни пайтда банк филиалларида ташкил этилган 178 та халқаро пул ўтказмалари шохобчалари тармоғи орқали аҳолига хизмат кўрсатилмоқда.
Ҳисобот санасига кўра, банк томонидан ўрнатилган терминаллар сони 30 минг 776 тага, тарқатилган пластик карточкалар сони 3 миллион 704 мингтага етказилиб, 2016 йилнинг шу даврига нисбатан мос равишда 2298 та ва 382 мингтага ошди.
Пластик карталар билан ишлаш тизимида замонавий интерактив хизмат турларини ривожлантириш юзасидан қатор ижобий ишлар олиб борилаётир.
Жумладан, пластик карталардаги маблағлардан мобиль телефон ва интернет орқали тўловлар ўтказиш имконияти яратилиб, ушбу хизматдан фойдаланаётган мижозлар сони 939 мингтадан ошди. “Мобиль савдо” хизмат турига жалб қилинган савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари сони 6 минг 952 тадан ошди.
Ўтган 2016 йилда “Agrobankmobile” инновацион хизмат тури жорий этилиб, ушбу хизмат орқали турли коммунал ва алоқа хизматлари, солиқ тўловлари билан биргаликда, жисмоний шахсларга ажратилган кредитларни қайтариш имконияти яратилди. Шунингдек, “Agrobankmobile-biznes” хизмат тури орқали юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун банк ҳисобрақамидаги маб­лағларини бошқариш имконияти жорий қилинди.
Мухтасар айтганда, юртимиз иқтисодиётини юксалтириш, аҳоли турмуш фаровонлигини янада яхшилашга қаратилган ислоҳотларда ва тадбиркору фермерлар учун хизмат қиладиган устувор вазифаларни амалга оширишда “Агробанк” акциядорлик тижорат банки жамоаси ўзининг муносиб улушини қўшаверади.

Озод ОЧИЛОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.
Хизматлар лицензияланган.